Фермер хўжаликларининг бухгалтерия ҳисобини ким ва қандай юритади

preview

«Солиқ-сервис» акциядорлик жамияти томонидан фермерларнинг бухгалтерия ҳисобини юритиш қоидалари тасдиқланди. Низом (11.08.2026 й. АВ рўйхат рақами 3921-сон) фермер хўжаликларига бухгалтерия хизматларини кўрсатиш регламентини мустаҳкамлаб қўяди. Ҳужжат кимлар давлат ҳисобидан ҳисобга олиш хизматларининг тўлиқ спектридан фойдаланиши мумкинлигини, қайси тоифаларга эса шартнома асосида пулли асосда хизмат кўрсатилишини белгилайди.

Фермерларга қандай хизматлар ва қандай шартларда тақдим этилиши ҳақида buxgalter.uz шарҳида ўқинг.

Янги НҲҲлар шарҳини Телеграм-каналимизда кузатиб бориш қулай.

Эътибор беринг

Материаллардан нусха кўчириш ва фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола мавжуд бўлганда ёки таҳририятнинг ёзма рухсати билан йўл қўйилади.

 

Низомга асосан фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини «Солиқ-сервис» АЖнинг фермер хўжаликларига бевосита хизмат кўрсатувчи туман (шаҳар) бўлинмалари юритади. Фермер хўжалигига бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш бўйича масъул ходим (бухгалтер) бириктирилади. Бунда ҳудудий бўлинмадаги ҳар бир бухгалтерга 30 тадан 35 тагача фермер хўжалиги бириктирилади ва хизмат кўрсатилади.

 

Сервис кимга ва қандай шартларда тақдим этилади

Хизматлар кўрсатиш тартиби фермер хўжалигининг тоифасига боғлиқ.

Тузилган шартнома асосида қуйидаги хизматлар бепул амалга оширилади:

  • пахта ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларига – бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
  • солиқ ва молиявий ҳисоботларни юбориш:

– янги ташкил этилган фермер хўжаликларига (уларнинг ихтиёрига кўра) – дастлабки 6 ой давомида;

– бошлиғи ёшлар бўлган янги ташкил этилган ёшлар фермер хўжаликларига – 2 йил давомида.

Юқорида кўрсатилган имтиёзли тоифаларга кирмайдиган барча бошқа фермер хўжаликлари шартнома асосида пулли бухгалтерия хизматларидан фойдаланади.

 

Кўрсатиладиган хизматлар рўйхати

Тузилган шартномалар доирасида «Солиқ-сервис» АЖнинг ҳудудий бўлинмалари қуйидаги ишларни бажаради:

  • бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш ва юритиш: ҳисоб сиёсатини шакллантириш, маълумотларни электрон ахборот тизимларига киритиш, активлар, мажбуриятлар, капитал, даромадлар ва харажатлар ҳисоби;
  • ходимлар билан ҳисоб-китоблар: бошланғич ҳужжатларни (табеллар, буйруқлар, таътиллар) қабул қилиш, иш ҳақи, бўнаклар, ЖШДС, ШЖБПҲга бадаллар, ижтимоий солиқ, алиментларни ҳисоб-китоб қилиш, шунингдек тўлов қайдномалари ва ҳисоб-китоб варақаларини тайёрлаш;
  • солиқ ҳисоби: солиқ солиш объектларини аниқлаш, солиқларни ҳисоб-китоб қилиш, солиқ органлари билан таққослаш ишларини ўтказиш ва фермер хўжалиги бошлиғини тўлов муддатлари ҳақида хабардор қилиш. Фермер хўжалигининг солиқлари ва йиғимларини ҳудудий бўлинмалар бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш бўйича шартнома тузилган ҳисобот давридан бошлаб ҳисоблаб чиқаради.

 

  • ҳисобот: солиқ, молиявий ва статистика ҳисоботларини қонунчиликда белгиланган тартибда тузиш ва давлат органларига тақдим этиш;
  • инвентаризация: АВ, ТМЗ, пул маблағлари, дебиторлик ва кредиторлик қарзларини ҳар йиллик мавсумий инвентаризациядан ўтказишда иштирок этиш. Инвентаризация ишларини ташкил этиш бухгалтерия ҳисобининг стандартлари доирасида амалга оширилади.

 

Ҳамкорлик тамойили

Фермер хўжалигининг барча молия-тасарруф этиш фаолияти (шу жумладан банк ҳисобварақларидаги пул маблағларини тасарруф этиш ҳуқуқи) фақат фермер хўжалиги бошлиғи томонидан амалга оширилади. Ҳудудий бўлинмалар фақат банк тўлов ҳужжатларини тайёрлаш ва расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатиши мумкин, бироқ тўловларни амалга ошириш бўйича якуний қарор хўжалик юритувчи субъект раҳбари зиммасида қолади.

 

Аризани электрон шаклда юбориш

Бухгалтерия хизмати тизимига уланиш учун фермер хўжалиги бошлиғи солиқ тўловчининг шахсий кабинети ёки мурожаатлар билан ишлайдиган Ягона онлайн платформа орқали электрон аризани мажбурий равишда электрон рақамли имзо билан тасдиқлаган ҳолда юбориши керак.

«Солиқ-сервис» АЖ келиб тушган мурожаатни 1 иш куни ичида рўйхатдан ўтказади ва шу куннинг ўзида уни хўжалик жойлашган ердаги ҳудудий бўлинмага юборади. Ҳужжатларни кўриб чиқиш ва кейинги чораларни кўриш учун туман бўлинмасига 3 иш кунигача муддат берилади.

Шунингдек, ҳужжат билан ҳудудий бўлинмаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган.

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text216741_fermer_hujaliklarining_buhgalteriya_hisobini_kim_va_qanday_yuritadi