Бухгалтерлар учун батафсил тушунтиришлар:
2026 йил сентябрь ойида компаниялар ва фуқароларни кўплаб ўзгаришлар кутмоқда – маданият соҳаси учун кенг кўламли солиқ таътилларидан тортиб, иш ҳақининг оширилиши, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги янги хавфсизлик талаблари ва давлат ижтимоий тўловлари тизимининг рақамлаштирилишигача.
Бухгалтерлар учун 2026 йил сентябрь ойи БҲМ ва МҲТЭКМнинг индексация қилиниши туфайли иш ҳақи, таътил пули ва мажбурий тўловлар ҳисоб-китобларида ўзгаришларни олиб келади.
Келгусидаги ўзгаришлардан хабардор бўлиш учун 2026 йил 1 сентябрдан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги муҳим ўзгаришларнинг анъанавий шарҳимиз билан танишинг.
Муҳим янгиликлар ёки экспертларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб:
Бюджет соҳаси ходимларининг иш ҳақи ва талабалар стипендиялари оширилади 
Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва олий таълим муассасалари талабаларининг стипендиялари миқдори 7 фоизга оширилади. Ушбу оширилиш айнан тўловларни индексация қилишнинг сентябрь босқичига тааллуқлидир, нафақа ва пенсиялар эса илгарироқ индексация қилинган эди. Бу ҳақда батафсил бу ерда ўқинг >>>
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ва базавий ҳисоблаш миқдори оширилади 
Республикада меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲТЭКМ) ойига 1,36 млн сўм даражасида белгиланади. Базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) 440 минг сўмгача ошади. Ушбу оширилиш автоматик равишда БҲМдан келиб чиқиб ҳисобланадиган божлар, йиғимлар, жарималар ва солиқ мажбуриятлари миқдорини ўзгартиради.
Автомобилларни рўйхатдан ўтказиш ва қўшимча нотариал хизматлар қимматлашади 
БҲМнинг ўзгариши фонида автотранспортни қайта расмийлаштириш учун божлар оширилади. Енгил автомобилни рўйхатдан ўтказиш тахминан 3,1 млн сўмни, электромобилни эса – 660 минг сўмни ташкил этади. Давлат рақами белгисини берганлик учун йиғим 2,42 млн сўмгача, техпаспорт учун – 308 минг сўмгача, автомобилни «қўлдан» олди-сотди қилишда нотариал йиғим эса – 1,32 млн сўмгача ошади.
Мобиль қурилмаларни IMEI-кодлари бўйича рўйхатдан ўтказиш қиймати ошади 
Мобиль қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш учун стандарт йиғим (БҲМнинг 20 фоизи) 88 минг сўмгача ошади. Агар мобиль қурилма белгиланган муддатни бузган ҳолда рўйхатдан ўтказилса, йиғим миқдори (БҲМнинг 25 фоизи) 110 минг сўмгача ошади.
Якка тартибдаги тадбиркорлар учун давлат божлари ва ижтимоий солиқ миқдорлари ошади 
Якка тартибдаги тадбиркорни (ЯТТ) Давлат хизматлари маркази орқали давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи (БҲМнинг 1 бараварини ташкил этувчи) 440 минг сўмгача, онлайн рўйхатдан ўтишда эса (БҲМнинг 0,9 баравари) – 396 минг сўмгача ошади. ЯТТ учун БҲМнинг 1 бараваридан ҳисоблаб чиқариладиган ҳар ойлик қатъий белгиланган ижтимоий солиқ ҳам ойига 440 минг сўмгача ошади.
Маданият ва санъат соҳаси деярли 10 йилга асосий солиқлардан озод қилинади
.
2036 йил 1 январга қадар асосий фаолияти концерт-томоша, кинематография, болалар учун контент яратиш бўлган субъектлар, нодавлат театр ва театр-студиялар ҳамда маданият ва санъат йўналишидаги хусусий таълим ташкилотлари қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи ва мол-мулк солиғидан, уларда ишловчи ходимлар эса жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади.
Хорижий компанияларнинг Ўзбекистон ҳудудида кино маҳсулотини яратиш билан боғлиқ фаолият натижасида олган даромадлари ЎзР норезидентларининг даромадларига тўлов манбаида солиқ солишда солиқ базасига киритилмайди.
Нодавлат мактаблари коррекцион синфлар ташкил этгани учун субсидиялар олади 
Коррекцион синф ташкил этган ҳолда умумий ўрта таълим хизматини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотларига ушбу синфда таълим оладиган, алоҳида эҳтиёжи бўлган ҳар бир ўқувчи учун давлат бюджети ҳисобидан субсидиялар ажратилади.
Субсидиялар миқдори ҳудудлар бўйича табақалаштирилган:
- Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 11 баравари;
- Нукус шаҳри ва вилоятлар марказида – БҲМнинг 9,5 баравари;
- бошқа шаҳар ва туманларда – БҲМнинг 8,5 баравари.
Амалдаги техник кўрикдан ўтмаган автомобилларга газ тўлдириш тақиқланади 
Газ баллон ускуналари бўйича техник кўрикдан ўтмаган, шунингдек, яроқлилик муддати ўтган баллонларга эга бўлган ёки рухсатномаси бўлмаган газ ускунали автомобилларга газ тўлдирилмайди. АГТШларда техник ускуналарнинг саноат, ёнғин, экологик хавфсизлик ва техник регламентлар талабларига мувофиқлигини текшириш «Eco-Himoya» техник кўрик маълумотлар базаси ва «U-Gas» тизимининг интеграцияси туфайли автоматик режимда амалга оширилади.
АЁҚШларда босим остида ишлайдиган эскирган ускуналардан фойдаланиш чекланади 
Барча турдаги АЁҚШ ва газ тўлдириш иншоотларида (шу жумладан, ёқилғидан ўз эҳтиёжи учун фойдаланадиган объектларда) хизмат муддати тугаган ёки ишлаб чиқарилган санаси аниқ бўлмаган ортиқча босим остида ишлайдиган ускуналардан фойдаланиш чекланади.
Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тўғрисида огоҳлантиришларни жойлаштиришнинг янги регламенти белгиланди 
2026 йил 17 сентябрга қадар хўжалик юритувчи субъектлар алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмолининг зарари тўғрисида янги ахборот панелларини тайёрлашлари ва жойлаштиришлари лозим. Ўлчами камида А5 шаклида (148 мм х 210 мм) бўлган янги намунадаги огоҳлантирувчи белгилар давлат тилида бажарилган бўлиши ҳамда кириш жойларида, иш жойларида ва жамоат жойларида ўрнатилиши керак. Илгари жойлаштирилган эскирган ёки ўқиб бўлмайдиган белгилар мажбурий тартибда алмаштирилиши лозим. Батафсил биз бу ерда ёзган эдик >>>
Архитектура ва шаҳарсозлик талабини бериш бўйича ягона давлат хизмати жорий этилмоқда 
Республиканинг барча ҳудудларида ягона давлат хизмати – архитектура ва шаҳарсозлик талабини бериш тизими жорий этилади.
Бунда шарт белгиланмоқда – қурилиш субъектлари томонидан юритилиши мажбурий бўлган ижро ҳужжатларини рақамлаштириш мажбурий ҳисобланади. Уларнинг қоғоз шаклини талаб этиш тартиби бекор қилинади.
Қурилиш майдонларида камералар ўрнатилади 
Қуйидагилар томонидан қурилаётган қурилиши янгидан бошланадиган объектларда видеокузатув камераларини ўрнатиш энди мажбурийдир:
– тадбиркорлик субъектлари томонидан қуриладиган кўп квартирали уй-жойлар, III ва IV тоифадаги ижтимоий соҳа, меҳмонхона, туризм, савдо ва саноат объектларида;
– бюджет маблағлари ҳисобидан қуриладиган, қиймати 3 млрд сўмдан юқори бўлган объектларда, муҳандислик-коммуникация тармоқлари бундан мустасно.
Чорвадорлар наслдор қорамолларни сақлаш учун субсидиялар олишлари мумкин 
2030 йил 1 январга қадар Аграр соҳада тўловлар агентлиги наслчилик фермаларида ўстиришга қолдирилган урғочи наслдор қорамолларни сақлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан давлат субсидияларини (1 млн сўмдан 2 млн сўмгача) ажратади.
Хорижий туроператорларни жалб қилиш харажатларини давлат томонидан компенсация қилиш тизими жорий этилмоқда 
2030 йил 31 декабрга қадар Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мамлакатга таклиф этиладиган хорижий туроператорлар вакилларининг транспорт, яшаш ва овқатланиш харажатларининг бир қисми компенсация қилинади.
Маҳаллий туроператорларнинг хориждаги ахборот-реклама акцияларини ўтказиш харажатларининг 25 фоизигача (бироқ 500 млн сўмдан ошмаган) қисми компенсация қилинади.
Шу билан бирга, хусусий тадбиркорларнинг сайёҳлар учун маданий-оммавий, концерт-томоша ҳамда маданий тадбирларни аниқ белгиланган ҳудуд ва жадвал асосида йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатларини бир йилгача муайян қисмини молиялаштириш тартиби жорий этилмоқда. Бунда тадбиркорлар томонидан ушбу тадбирларни ташкил этишни босқичма-босқич ўзи қоплаш шарти билан молиялаштириш чегараси Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси кенгаши томонидан белгиланади.
Сув таъминоти лойиҳалари онлайн-платформа орқали мажбурий мониторинг қилишга ўтмоқда 
«Ўзсувтаъминот» АЖга фойдаланиш учун топшириладиган барча ичимлик суви ва оқова сув инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари мажбурий тартибда «Дастурларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш ва манзилли рўйхатларни келишишнинг автоматлаштирилган ахборот тизими» электрон платформасида акс эттирилиши лозим.
Электрон давлат харидлари тизимида аутсорсинг хизматлари учун махсус модуль ишга туширилади 
Давлат харидлари электрон тизимларида ижро этувчи ҳокимият органлари ва давлат корхоналарида аутсорсинг хизматларини ташкил этиш учун «махсус саҳифа» ишлашни бошлайди. Махсус Низом қуйидагиларни назарда тутади:
- аутсорсерларни аниқлаш, шартнома тузиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби;
- аутсорсинг хизматларини ташкил этиш ва ўтказишда коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш;
- аутсорсер ва буюртмачининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш;
- аутсорсинг хизматини кўрсатиш устидан назорат ва мониторинг қилиш.
Иштирокчиларга нисбатан қуйидаги талаблар қўйилади
:
- тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган бўлиши;
- аутсорсингга бериладиган функциялар йўналишида камида 6 ой фаолият олиб борган бўлиши;
- аутсорсинг шартномасини бажариш учун етарли иш тажрибаси ва бошқа ресурсларга эга бўлиши;
- солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги;
- иштирокчининг суд қарорлари бўйича бажарилмаган мажбуриятлари мавжуд эмаслиги.
Муҳим «бухгалтерия» саналарини ўтказиб юбормаслик учун «2026 йил сентябрь ойи учун бош бухгалтер режаси»дан фойдаланинг.
Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади