Автоматик ҳисобот: тизим хатога йўл қўйса, нима қилиш керак

preview

Солиқ ҳисоботини автоматик тарзда шакллантириш бухгалтернинг ишини енгиллаштириши лозим. Бироқ, агар тизим нотўғри кўрсаткичларни шакллантирса ва солиқ тўловчи уларни тузатолмаса, у «танлов» олдида қолади: рози бўлмаган ҳисоботни имзолаш ёки уни имзоламаслик, шунда топшириш муддати тугагач, шакл барибир автоматик равишда солиқ идорасига кетади. Иккала ҳолатда ҳам солиқ тўловчи ҳисоботни хатолар билан тақдим этади.

Ижарадан олинган даромадлардан ЖШДС бўйича ҳисоботни топшириш чоғида  аудитор, Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Борис ФРЯНЧЕНКО шундай вазиятга тушиб қолди. Мутахассис проактив шаклда қандай хатоларни аниқлагани ва нималарни ўзгартириш кераклигини айтди.

Эътибор беринг

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Материаллардан нусха олиш ва улардан фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола ёки таҳририятнинг ёзма рухсати мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.

 

Шаклнинг қаерида хато бор

Борис ФРЯНЧЕНКО:

Ҳисоботларимда ижара тўловининг энг кам миқдори ва солиқ ҳисоб-китоби билан боғлиқ кўрсаткичлар нотўғри акс эттирилмоқда. Хусусан, тизим Тошкент шаҳрида қўлланиладиган ҳудудий коэффициентларни ҳисобга олмайди.

«Қўшимча ҳисобланган солиқ суммаси» қатори бўйича ҳам саволлар бор. Унинг мазмуни ва ҳисоблаш тартибини бир маъноли асослаш ва тушунтириш лозим. Шаклда ижара тўловининг энг кам миқдори, шартнома бўйича ҳақиқий сумма ва шартнома суммасидан келиб чиққан ҳолда ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган ижара ҳақининг энг кам қийматига асосланган ҳолда ҳисобланган солиқ суммаси тушунарли тарзда акс эттирилиши керак.

Бироқ ҳисобот ойи учун ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси шаклда кўрсатилмаган. Қўшимча ҳисобланганлари эса кўрсатилган. Табиий савол туғилади: қўшимча ҳисоблаш нимага асосланиб амалга оширилади?

Бухгалтер маълумотнинг тўғрилигини сатр бўйича текшириш имкониятига эга бўлиши керак, у нимани англатишини ва қандай қўшимча ҳисоблаш ҳақида гап кетаётганини тахмин қилмаслиги керак.

Бундан ташқари, солиқ суммаси ўсиб борувчи якун билан менинг ойлик ҳисоб-китобимга мос келмади.

Нотўғри кўрсаткичларни мустақил равишда алмаштириш ёки ҳамма фойдаланадиган режимда автоматик шакл ўрнига ўзининг тўғри ҳисоботини тақдим этиш мумкин эмас. Ҳисоботда аниқланган номувофиқликлар ҳақида солиқ органлари билан ҳамкорлик бўлими орқали хат юбориш мумкин. Аммо бу ёзишмалар маълумотлар ҳисобот топшириш муддати тугагунга қадар тузатилишини кафолатламайди.

 

Эксперт нимани ўзгартиришни таклиф қилмоқда

Борис ФРОЯНЧЕНКОНИНГ фикрича, автоматлаштирилган ҳисобот шакллари тўғрисида ҳамма учун умумий қоидалар зарур.

Молиявий ва солиқ ҳисоботларини телекоммуникация алоқа каналлари орқали давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга 15.05.2017 й. АВ рўйхат рақами 2295-сон қўшимча киритишни таклиф этаман . Унда солиқ ҳисоботини автоматлаштирилган тарзда шакллантириш билан боғлиқ барча масалалар, жумладан, томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва юзага келиши мумкин бўлган хатолар учун уларнинг жавобгарлиги акс эттирилган боб пайдо бўлиши керак.

Қуйидагиларни тартибга солиш муҳим:

1) Хатоларни тузатиш тартиби.

Солиқ тўловчи аниқланган хатолар тўғрисида қандай хабар бериши, қандай далиллаши, мурожаатни ким текшириши ва автоматик шаклда аниқланган хатолар қандай тузатилишини белгилаш лозим. Хатоларни тезкорлик билан бартараф этиш деярли мумкин бўлмаган, белгиланган муддатларга риоя қилиш талаб қилинган ҳолларда нима қилиш керак.

Солиқ тўловчи белгиланган муддатларда тўғри ҳисобот топшириш имкониятига эга бўлиши керак!

2) Тузатиш учун масъул шахслар ва муддатлар.

Хатони тан олиш аниқ муддат, ижрочи ва натижани назорат қилиш билан уни бартараф этиш тартибини ишга тушириши керак. Автоматлаштириш қўшимча муаммоларни келтириб чиқармаслиги ва тизимнинг ишлашини таъминлайдиган одамлардан масъулиятни олиб ташламаслиги керак.

3) Тўғри ҳисобот топшириш имкониятини таъминлаш.

Вариантлардан бири солиқ тўловчига белгиланган шаклни шахсий кабинет орқали мустақил равишда (аввалги тартибда) тўлдириш имкониятини беришдир. Солиқ органи уни текширади, автоматик шаклда аниқланган хатоларни тузатади ва солиқ тўловчига имзолаш учун қайта юборади. Бунда томонларнинг муддатлар ва масъулият бўйича ўзаро муносабатларини аниқ акс эттириш зарур.

4) Тажрибада жорий этиш даври.

Янги автоматик шакллантириладиган ҳисоботлар учун тажриба тариқасида жорий этиш даврини назарда тутиш лозим. Бу автоматлаштирилган тизимларни жорий этишнинг жаҳон амалиётидир. Ушбу давр тугагунга қадар ҳисоботларни аввалги тартибда шакллантириш ва тақдим этиш имконияти сақланиб қолиши керак.

Тажриба тариқасида жорий этиш даврини ҳар бир аниқ ҳолат учун белгилаш, масъулларни тайинлаш ва аниқланган барча камчиликларнинг бартараф этилишини назорат қилиш лозим.

Шу билан бирга, тажриба жорий этиш даврининг тугаши кейинчалик саволлар пайдо бўлмаслигини англатмайди.

5) Тизимнинг тайёрлигини тасдиқлаш.

Тажрибавий жорий этишни якунлашни тизим текширилганлиги ва аниқланган камчиликлар бартараф этилганлигини тасдиқловчи далолатнома ёки баённома билан расмийлаштиришни таклиф этаман. Ҳужжатда ҳисоботни мажбурий автоматик шакллантиришга ўтиш санаси кўрсатилиши лозим. Тизим жорий этилгунга қадар уни тайёрлаш ва тақдим этишнинг аввалги усули мавжуд бўлиши керак.

6) Солиқ тўловчини ҳимоя қилишни таъминлаш.

Тажриба тариқасида жорий этиш даврида автоматлаштирилган шаклдаги камчиликлар туфайли келиб чиқадиган эътирозлар ва санкцияларни истисно этишни таклиф қиламан. Шунингдек, тизимнинг тасдиқланган хатолари оқибатларини тартибга солиш зарур: тузатиш нафақат тўғри ҳисоботни, балки солиқ тўловчининг шахсий карточкасида ҳисоб-китоблар ва тўловларнинг тўғри акс эттирилишини ҳам таъминлаши лозим. Ушбу кафолатларни оғзаки келишувлар даражасида қолдирмасдан, Низомда мустаҳкамлаш лозим.

Мен автоматлаштириш тарафдориман! Лекин у хатоларни текшириш ва тузатишнинг тушунарли тартиби билан бирга олиб борилиши керак. Солиқ тўловчи тақдим этилган маълумотлар учун жавобгар бўлганлиги сабабли, унга автоматик тарзда шакллантирилган маълумотларнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиш учун реал имконият таъминланиши керак. Агар у хатоларни аниқласа, тўғри солиқ ҳисоботини ўз вақтида топшириш имкониятига эга бўлади.

 

 

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text217791_avtomatik_hisobot_tizim_hatoga_yul_quysa_nima_qilish_kerak