Йиллик инвентаризация – 2026: тартиб ва ҳужжатлар
02.11.2026 йилдаги янги ЎРҚ-1186-сон Қонун бизнес учун ёнғин хавфсизлиги талабларини ўзгартиради. Ўзгартиришлар билан бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлигига доир минимал техник талаблар, текширувларнинг янги тартиби, айрим объектларни мажбурий суғурта қилиш, ёнғинлар оқибатида одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар учун қўшимча тўловлар қонунчилик даражасида жорий этилмоқда.
Қонун расмий эълон қилинганидан уч ой ўтгач, 2027 йил 5 февралдан кучга киради – янги талабларга тайёргарлик кўришга улгуринг.
Эътибор беринг
Муҳим янгиликлар ва экспертларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.
Материаллардан нусха кўчириш ва фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола ёки таҳририятнинг ёзма рухсати бўлган тақдирда йўл қўйилади.
Ёнғин оқибатлари учун компенсациялар
Агар ёнғин ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш натижасида келиб чиққан бўлса, айбдор шахс фуқароларга ва ташкилотларга етказилган зарарни тўлиқ ҳажмда қоплайди. Одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар биринчи навбатда, давлат фойдасига ундириладиган молиявий санкциялардан ва бошқа жарималардан олдин қопланади.
Зарарнинг ўрнини қоплашдан ташқари суд айбдор шахснинг зиммасига компенсация тўлаш мажбуриятини юклаши мумкин:
|
Жабрланувчи учун оқибат |
Компенсация миқдори |
|
Ўлим |
БҲМнинг 3000 бараваригача |
|
I гуруҳ ногиронлиги |
БҲМнинг 1500 бараваригача |
|
соғлиққа бошқача тарзда шикаст етказилиши |
БҲМнинг 600 бараваригача |
Ёнғин туфайли етказилган мулкий зарар, унинг ўрни қопланганлигидан ёки қопланмаганлигидан қатъи назар, тўлиқ ҳисобга олинади. Барча ёнғинлар ва уларнинг оқибатлари ҳақидаги маълумотларни ёнғин назорати «Ёнғинларни ҳисобга олиш» тизимига киритади.
Ўт ўчирувчилар ва ёнғинни ўчиришда қатнашаётган бошқа иштирокчилар объектга тўсқинликсиз кириш ҳуқуқига эга. Агар улар асосли таваккалчилик доирасида ҳаракат қилган бўлсалар, мол-мулкка етказилган зарарни қопламайдилар.
Текширувлар ва мустақил ёнғин аудити
Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган объектларда давлат ёнғин назорати органлари Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинишини батафсил ва назорат тартибида текширувлар ўтказишга ҳақли. Текширувнинг ушбу турлари даврийлиги ФВВ томонидан ёнғин эҳтимоли даражасидан келиб чиққан ҳолда белгиланадиган объект гуруҳига боғлиқ бўлади.
|
Объект гуруҳи |
Текширувлар даврийлиги |
|
1-гуруҳ |
бир йилда кўпи билан бир марта |
|
2-гуруҳ |
икки йилда кўпи билан бир марта |
|
3-гуруҳ |
уч йилда кўпи билан бир марта |
|
4-гуруҳ |
қоидабузарликлар тўғрисидаги мурожаатлар ва хабарлар асосида ёки заруратга қараб |
Тезкор текширув фуқаролар ёки ташкилотларнинг мурожаати, шунингдек ОАВ ва бошқа манбалардан олинган маълумотлар асосида тайинланиши мумкин.
Мустақил ёнғин аудити эндиликда қонунда мустаҳкамланди. Уни ФВВда аккредитациядан ўтган ташкилотлар шартнома асосида ўтказишлари мумкин. Ўтказиш тартибини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди – 2024 йилда махсус Низом тасдиқланган.
Бинолари ва иншоотлари ёнғин хавфсизлиги талабларига тўлиқ жавоб берадиган жисмоний ва юридик шахсларга ёнғин аудити хулосаси берилади. Ижобий хулоса давлат ёнғин назорати органлари томонидан 1 йил муддат давомида ўтказиладиган текширувлардан озод қилади – бироқ тезкор текширувлар бундан мустасно.
Эътибор беринг
Мулкчилик шаклидан ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар, барча корхоналар ва ташкилотлар раҳбарлари ўт ўчирувчиларнинг режалаштирилган ёнғин ўчириш амалий тактик машғулотлари ўтказилишига тўсқинлик қилишга ҳақли эмас.
Фаолиятни тўхтатиб туриш
Агар объектда ёнғин хавфсизлиги талабларининг бузилиши ҳоллари аниқланса, унинг ишини тўхтатиб туришлари мумкин. Суд қарорисиз – кўпи билан 10 иш кунига; ундан ортиқ муддатга – фақат суд орқали.
Бинолар ва иншоотларга қўйиладиган талаблар
Қонун функционал ёнғин хавфи синфидан келиб чиққан ҳолда бинолар ва иншоотларнинг (якка тартибдаги турар жой биноларидан ташқари) ёнғин хавфсизлиги бўйича минимал техник талабларини жорий этади. Аниқ нормалар шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида ҳамда техник ҳужжатларда белгилаб қўйилади.
Барча бинолар учун: ёнғин автоматикаси тизимлари, ташқи ва ички ёнғинга қарши сув таъминоти, нормативлар бўйича эвакуация йўллари, ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситалари, зарур оловга бардошлиликка эга бўлган пардозлаш, ёнғин техникасининг эркин ўтиши.
Баландлиги 28 метрдан 50 метргача бўлган бинолар учун тутун қопламайдиган зиналар, ўт ўчирувчилар учун лифтлар ва фасадда фақат ёнмайдиган материаллар қўшилади. Барча ёнғин хавфсизлиги тизимлари автоматик равишда алмашадиган иккита мустақил манбадан электр энергияси билан таъминланиши керак.
Баландлиги 50 метрдан юқори бўлган бинолар учун бунга қўшимча равишда хавфсизлик зонаси, баландлиги 50 метрдан ошмайдиган ёнғинга қарши бўлмалар ва захира электр станцияси қўшилади. Ёнғин автоматикаси сигналлари параллел равишда ёнғин-қутқарув депосининг навбатчилик хизматига юборилиши керак. У ерда енгил алангаланувчан моддалар қўлланиладиган маиший хизматларни жойлаштириш мумкин эмас.
Ёнғиндан мажбурий ва ихтиёрий суғурта қилиш
Бозорлар, савдо комплекслари ва савдо-кўнгилочар марказлари мулкдорлари қуйидагиларни суғурта қилишлари шарт:
- учинчи шахсларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига ёнғин юзага келиши натижасида зарар етказганлик учун ўзининг фуқаролик жавобгарлигини;
- объектларнинг ўзини ёнғин содир бўлиш ҳолати бўйича.
Мажбурий суғурта қилиш шартлари ва тартибини Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайди. Ушбу мажбуриятни бажармаганлик учун мансабдор шахсларга БҲМнинг 50-75 баравари миқдорида жарима солинади. Бир йил давомида такроран содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жарима аллақачон БҲМнинг 75-100 бараварини ташкил этади (МЖтК 211-1-м.).
Бозорлар, савдо комплекслари ва савдо-кўнгилочар марказларидан ташқари бошқа объектлар ўз мулкдорларининг ихтиёрига кўра, яъни ихтиёрий равишда суғурта қилиниши мумкинлиги белгиланган.
Фаолиятнинг алоҳида турлари бўйича ўзгартиришлар
Автомобилларга газ қуйиш шохобчалари. Суюлтирилган газни маиший баллонларда бериш мумкин эмас. Жарима — 3–5 БҲМнинг 3-5 бараварини ташкил этади (МЖтК 101-1-м.).
Қурилиш-пудрат ташкилотлари. Қурилиш майдонида ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситалари, сув, ёритиш, ёнғин сигнализацияси ва ёнғин техникасининг ўтиш йўли зарур. Ходимларни ёнғин хавфсизлигига ўргатиш шарт. Ёнувчан қурилиш ҳавозаларидан фойдаланишга фақат қатъий чекланган ҳолларда йўл қўйилади. Лойиҳа ташкилотлари лойиҳаларга ёнғинга қарши сув таъминоти, автоматика, эвакуация йўллари ва бошқа талабларни киритишлари шарт. Давлат органларининг уларнинг ишига аралашиши тақиқланади.
Кўп квартирали уйларни бошқариш органлари ёнғинга қарши тизимларнинг созлигини назорат қилади, ҳар мавсумда тутун ва шамоллатиш тизимларига хизмат кўрсатади, ўт ўчирувчиларни ҳудудга киритади. Уй эгалари орасидаги қоидабузарларни огоҳлантиришга, агар қоидабузарлик бартараф этилмаса, ваколатли органга хабар беришга ҳақли.
Ўз ёнғиндан сақлаш хизматига эга бўлган корхоналар ФВВнинг ахборот тизимига штат, техника, сув таъминоти, ёнғинни ўчириш воситалари ва ўтказилган машғулотлар тўғрисидаги маълумотларни мунтазам равишда киритиб боришлари шарт.
Ёнғин-техник маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар. Маҳсулот мажбурий мувофиқликни баҳолашдан ўтади. Мувофиқ бўлмаган маҳсулотни сотиш ва ундан фойдаланиш тақиқланади. Бундай маҳсулотлар ва хизматлар рўйхатини Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайди.
![]()