ҚҚС тўлашда код адаштириб юборилди: хатони тез тузатса бўладими?

preview

Бухгалтер 6 ноябрь куни «соддалаштирилган» ҚҚС (6%) бўйича ҳисоботни топширди ва дарҳол солиқни тўлади. Бироқ, уни зарур бўлган 215-код ўрнига 1-кодга тўлаб юборди. Буни 13-сана, жума куни соат 17:00 да – рамзий бир кунда пайқаб қолди. Олдинда дам олиш кунлари, безовталик бошланди…

Эътибор беринг

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Материаллардан нусха кўчириш ва улардан фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола кўрсатилган ёки таҳририятнинг ёзма рухсати мавжуд бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.

 

16 ноябрь, душанба куни бухгалтер тўланган ҚҚС суммасини 1-коддан 215-кодга ўтказиш тўғрисида мурожаат тайёрлаб, шахсий кабинети орқали юборди.

Ишни тезлаштириш мақсадида инспекторга қўнғироқ қилишга қарор қилди. Солиқ мобил иловаси ва шахсий кабинетида турли инспекторларнинг маълумотлари кўрсатилганини кўриб, унинг ҳайрати янада ошди. Инспекторлардан бири анчадан бери у ерда ишламаслигини айтиб, телефон рақами ҳали ҳам базада турганига ҳайрон бўлди. Иккинчиси ҳам ишдан кетганини маълум қилди.

Фақат Телеграм орқали ёзгандан кейингина, бухгалтер жавоб ва амалдаги ходимнинг рақамини олди.

 

«Тизимда ҳали ҳам тузатилмаган…»

ҚҚС суммасини ўтказиш тўғрисидаги хат қўшимча равишда Телеграм орқали ҳам юборилди.

3 кун кутишга тўғри келди: натижада 18 ноябрь куни шахсий карточкадаги пул «қайтарилди», устунида ўтказма суммаси акс этди. Шунисига ҳам раҳмат!

Қайтариш жараёни бир зумда амалга ошмайди, солиқ тизимининг ўз тартиб-таомиллари бор, буни ҳам тушунса бўлади.

Бу бухгалтерда-ку захирада ўша 3 кун бор эди, аммо бундай хатони 19, 20-саналарда пайқаб қолганлар нима қилсин? Ягона йўл – солиқни қайтадан, аммо бу сафар тўғри тўлаш ва кейин пул ўтказилишини кутиш.

Бундай вазиятга фақат битта бухгалтер тушиб қолмаган. Қуйида бухгалтерлар чатларидаги муҳокамалардан парчалар келтирилган:

– «Хайрли кеч, октябрь ойидан соддалаштирилган ҚҚСга ўтгандик, шошилинчда 1-код бўйича тўлаб юборибман, буни ҳозир билдим. Айтинг-чи, буни қандай тузатса бўлади, 215-кодга ўтказиш имкони борми ёки уларга фақат ўтказиш ҳақида хат керакми? Эртага эса солиқ тўлашнинг охирги куни… шу ҳолатга дуч келганлар бўлса, маълумот билан бўлишинглар, илтимос».

– «… мен инспектор билан боғландим, у менга 215-шахсий карточкани очиб берди. Ҳисоботни топширдим ва дарҳол ҚҚС 1-коддан ҚҚС 215-кодга ўтказиш бўйича хат ёздим, у ўзи шундай қилишни айтди; у хатни кўриб чиқиб, ўтказиш учун Қўмитага юборди».

– «Менда эса шахсий кабинетнинг «Ўзаро муносабатлар» бўлимида 20.11.2026 йил ҳолатига (бугун кирдим) ижро муддати – 16.12.2026 йил деб кўрсатилган, хат ҳали ҳам кўриб чиқилмоқда. ҚҚСни тўлашнинг охирги куни эса – 20.11.2026 йил. Нима қилсам экан?»

 

Юридик ва техник жиҳатдан маблағларнинг турли солиқ кодлари ўртасида ҳар қандай «ўтказилиши» (шу жумладан, реквизитлар ёки тўлов кодидаги хатолик туфайли) ортиқча тўланган солиқ суммасини ҳисобга олишга тенглаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, ортиқча тўланган ва ортиқча ундирилган солиқларни ҳисобга олиш ҳамда қайтариш тартиби СКнинг 12-бобида белгиланган. Ушбу қоидалар хато тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиш ёки қайтаришга нисбатан ҳам қўлланилади.

Шу боис, суммани 1-кодли карточкадан 215-кодли карточкага фақатгина my.soliq.uz порталидаги СКнинг 103–104-моддалари регламенти асосида ишлайдиган «Юридик шахсларнинг ортиқча тўланган (ундирилган) солиқ суммаларини қайтариш ва ҳисобга олиш» интерактив хизмати орқали ўтказиш мумкин.

Бухгалтерларда эса табиий савол ва истак туғилади: «Нима учун дастурда тўланган ҚҚС суммасини коддан-кодга автоматик тарзда ўтказиш имкониятини яратиш мумкин эмас? Масалан, «тўловни аниқлаштириш» функциясини жорий этиш мумкин эди – бу шундай вазиятларда жуда қулай бўларди».

Аммо ҳозирча my.soliq.uz порталида бундай функция йўқ, келажак учун маслаҳат: шу каби тушунмовчиликлар ва тўловларни ўтказиш билан боғлиқ ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш учун ҳисобот топширишни охирги кунларга қолдирманг ҳамда тизимга маълумотларни киритишда эътиборли бўлинг!

 

Юлия ТАРШИЛОВА тайёрлади


Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text218429_qqs_tulashda_kod_adashtirib_yuborildi_hatoni_tez_tuzatsa_buladimi