Йиллик инвентаризация – 2026: тартиб ва ҳужжатлар
E-ijara тизимида навбатдаги кутилмаган совға: иккиламчи ижара шартномаси «рад этилди»
Ташкилот иккиламчи ижара шартномаси асосида ишлайди. 20 ноябрь куни бухгалтер E-ijara тизимида амалдаги бино ижараси шартномаси йўқолганини ва «рад этилган» ҳолатига ўтганини аниқлади (рад этиш санаси – 19 ноябрь). Натижада компаниянинг барқарорлик рейтинги пасая бошлайди.
Эътибор беринг
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
E-ijara шахсий кабинетида нималар акс эттирилади
Бухгалтер содир бўлган воқеани тушуниш учун ҳужжат карточкасини очганида, қуйидагилар маълум бўлди. Тизимда иккиламчи ижара шартномасини бекор қилиш сабаби сифатида қуйидагилар кўрсатилган: «Сотиб юборилганлиги учун автомат бекор қилинди». Ваҳоланки бунда ҳеч қандай бино сотилмаган!
Тизимдаги маълумотларга кўра, ҳужжат ижарага берувчи томонидан 19.11.2026 йил соат 20:02:58 да бекор қилинган.
Шу сабабли тадбиркорнинг рейтингида дарҳол 5 балл олиб ташланди: «Кўчмас мулк ижараси шартномаси ҳисобга қўйилганлиги: мавжуд эмас». Шу билан бирга, ижарага берувчининг шахсий кабинетида бу шартномалар бутунлай йўқ бўлиб кетган, гўё улар ҳеч қачон бўлмаган.
Тавсия
Электрон платформа қандай тузилганлиги, баллар қандай мезонлар асосида ҳисобланиши ва ҳисобдан чиқарилиши ҳамда юқори мақом қандай имтиёзлар бериши ҳақида «Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги қандай ишлайди» тавсиясида ўқинг.
Солиқ идораси нима деяпти
Бухгалтер 1198 рақамли қўнғироқ марказига қўнғироқ қилди (қўшимча 4 – техник масалалар бўйича). Қўнғироқ қилиш биринчи уринишда амалга ошмади – аввал у навбатда 43-ўринни эгаллади, кейин 36-ўринни эгаллади, аммо барибир оператор билан боғланишга муваффақ бўлинди.
У маълумотларни (СТИР, телефон рақами) ёзиб олди ва аризани тегишли бўлимга топширганини маълум қилди. Мижозларни қўллаб-қувватлаш хизматига вазият аллақачон маълум бўлгани қувонарли.
Ушбу муаммо автоматик равишда ҳал бўладими ёки ҳужжатларни қайтадан тақдим этиш керакми, деган саволга солиқ идораси: шартномаларни қайта рўйхатдан ўтказиш шарт эмас, мутахассислар ҳаммасини ўзлари тузатишади, деб жавоб берди.
Энди кутиш қолди...
Касбий чатлардаги ёзишмалар шуни кўрсатадики, бошқа бухгалтерлар ҳам худди шундай муаммога дуч келишган:
– Ҳамкасблар, ассалому алайкум! E-ijara сайтидаги шартномалар ҳеч кимда «учиб кетмадими»? Бинони ҳеч ким сотмаган бўлса-да, бино сотилиши сабабли рад этилган.
– Ҳа, бугун кечаси шу ҳақда гапиришяпти, айниқса кимнинг иккиламчи ижараси бўлса.
Тавсия
«Кўчмас мулк ижараси шартномаси солиқ органларида қандай ҳисобга қўйилади» тавсиясида – рўйхатдан ўтказишнинг барча нозик жиҳатлари: ijara.soliq.uz орқали шартномани қандай тўғри рўйхатдан ўтказиш, иккиламчи ижарани расмийлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари ва гувоҳномага қандай ўзгартиришлар киритиш ҳақида маълумот берилган.
Бу вазиятда эса рейтинг пасайишда давом этмоқда...
Юлия ТАРШИЛОВА тайёрлади