Экология органларининг кўрсатмасига қандай муносабат билдириш керак

preview

Ноябрь ойида юридик шахслар ЭҲА орқали экология органларидан атроф-муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари ҳисоб-китобини 5 кун муддатда тақдим этиш талаби билан кўрсатмалар олдилар. Талаб бажарилмаган тақдирда, раҳбарлар маъмурий жавобгарликка тортилишлари ҳақида огоҳлантирилмоқда.

Агар ҳисобот топшириш муддати ҳали келмаган бўлса ёки корхона илгари компенсация тўловларини тўламаган бўлса, ҳисоб-китобни тақдим этиш керакми? Олинган кўрсатмага қандай муносабат билдириш керак?

Эътибор беринг

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Материаллардан нусха кўчириш ва фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола кўрсатилган ёки таҳририятнинг ёзма рухсати мавжуд бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.

 

Кимлар ҳисоб-китобни тақдим этиши ва компенсация тўловларини тўлаши шарт

Атроф-муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловларини тўловчилар доираси Низомнинг  5-банди билан белгиланган. Уларга қуйидагилар киради:

  • атроф-муҳитга ифлослантирувчи моддаларни чиқарувчи ва оқизувчи, чиқиндиларни жойлаштирувчи юридик шахслар;
  • шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг коммунал канализация тармоқларига ифлослантирувчи моддаларни меъёрдан ортиқча оқизувчи юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар.

Бюджет ташкилотлари, давлат Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси ва унинг ҳудудий бошқармалари учун алоҳида тартиб назарда тутилган.

Компенсация тўловларини ҳисоблаш тартиби ва тўлаш муддатлари, шунингдек, экологик экспертизадан ўтиш мажбурияти атроф-муҳитга таъсир тоифасига боғлиқ.

2026 йил 14 августдан бошлаб атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи ва мажбурий давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши лозим бўлган фаолият турлари ҳамда объектларнинг янги Рўйхати амал қилмоқда .

Атроф-муҳитга таъсирнинг тўртта тоифаси ўрнига энди 3 та тоифа назарда тутилган. Таснифлаш мезонлари ўзгарди: кўплаб фаолият турлари учун ускуна қуввати, ишлаб чиқариш ҳажми, объект майдони ва бошқа кўрсаткичлар инобатга олинади.

Масалан, III тоифага дорихоналар, тиббиёт ва таълим муассасалари; умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш корхоналари; савдо марказлари ва бозорлар; савдо майдони 200 кв. м дан ортиқ бўлган дўконлар; нотурар бино ва иншоотлар (майдон бўйича чекловлар кўрсатилмаган ҳолда) киритилган.

Агар юридик шахсингиз илгари компенсация тўловларини тўламаган бўлса, унинг фаолияти ёки у фойдаланаётган объектлар қайси тоифага киришини ҳамда тўловлар учун асос бор-йўқлигини текшириб кўринг.

Эътибор беринг

Рўйхатда фаолият турининг мавжуд эмаслиги экологик мажбуриятлардан автоматик равишда озод қилинишни англатмайди. Рўйхатга берилган изоҳларнинг 1-бандига мувофиқ, унга киритилмаган фаолият турлари ҳам давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши, объектлар эса компенсация тўловларини тўловчилар бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда таъсир тоифасини эксперт кенгаши тақдим этилган материаллар асосида ёки жойига чиқиб ўрганиш натижалари бўйича белгилайди.

 

Агар объектингиз Рўйхатнинг ўзгариши муносабати билан бошқа тоифага ўтган бўлса, ҳудудий экология органидан қуйидагиларни аниқлаштириб олинг:

  • давлат экологик экспертизасининг илгари олинган хулосаси ўз кучини сақлаб қоладими;
  • экологик меъёрларни қайта кўриб чиқиш ёки янги экспертизадан ўтиш зарурми;
  • компенсация тўловларини қандай тартибда ҳисоблаш керак ва ҳоказо.

Тавсия

2026 йилда компенсация тўловларига тааллуқли 4 та НҲҲ, жумладан, экологик ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар ушбу тўловларга каррали миқдорда ҳисобланишини белгиловчи қонун қабул қилинди.

Buxgalter Proда янгиланган «Атроф-муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловларини қандай тўлаш керак» тавсиясидан қуйидагиларни билиб олинг:

• суммаларни қандай ҳисоблаш, тўловларни ўтказиш ва ҳисоботни тақдим этишни;

• ушбу тўловлар бўйича қарздорликни қачон ҳисобдан чиқариш ёки уларнинг бир қисмини қайтариб олиш мумкинлигини;

• тўлов миқдори қачон бир неча баробар оширилишини;

• бу харажатларни ҳисобда қандай акс эттириш кераклигини.

Синов рухсатини расмийлаштириш

 

Ҳисоб-китобни 5 кун ичида тақдим этиш керакми

Кўрсатмада экология органи қайси ҳисобот даври учун ҳисоб-китобни тақдим этишни талаб қилаётгани ҳамда компенсация тўловларини тўловчилар сафига киритиш асоси айтилмаган.

I ва II тоифали субъектлар ҳисоб-китобни ҳар чоракда тақдим этади. 2026 йилнинг IV чораги учун топширишнинг сўнгги куни – 2027 йил 14 январь.

III тоифали субъектлар ҳисоб-китобни йилига бир марта тақдим этади. 2026 йил учун топширишнинг сўнгги куни – 2027 йил 22 январь.

Яъни, 2026 йил якунлари бўйича ҳисоб-китобни топшириш учун ҳали вақт бор.

Агар сиз компенсация тўловчиси бўлсангиз, корхонада олдинги ҳисобот даврлари учун тақдим этилмаган ҳисоб-китоблар бор-йўқлигини текшириб кўринг. Ва уларни зудлик билан топширинг.

Кўриб турганимиздек, электрон ҳисоб-китобда ҳозирча 4 та тоифага бўлиниш сақланиб қолмоқда ва 2026 йил учун ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатлари фақат иккита тоифа учун кўрсатилган. Фаолият тури ва объект тоифасини текширинг. Компаниянгиз бўйича бу саволларни бевосита экология органи ходимларига беришингизга тўғри келади.

 

 

Ўзингизни компенсация тўловчиси деб ҳисобламасангиз, нима қилиш керак

Ҳатто корхона илгари компенсация тўловларини тўламаган ва сиз уларни ҳисоблаш учун асос кўрмаётган бўлсангиз ҳам, кўрсатмани жавобсиз қолдирманг.

Масалан, компаниянгизда ишлаб чиқариш объектлари йўқ, у кичик офисни ижарага олади, автомобиль ва хусусий иситиш ускуналарига эга эмас, чиқиндиларни олиб чиқишни эса ижарага берувчи ташкил қилади.

Бундай вазиятда экологик мажбуриятлар бевосита компаниянгизда юзага келиш-келмаслигини аниқлаш лозим.

Тошкент шаҳар ҳудудий экология органида бизга корхона қуйидагиларни кўрсатган ҳолда ёзма жавоб юбориши кераклигини оғзаки тушунтиришди:

  • ҳақиқатда амалга оширилаётган фаолият турлари;
  • фойдаланилаётган объектларнинг манзиллари ва майдонлари;
  • объектлардан фойдаланиш асослари (мулк, ижара);
  • ходимлар сони.

Тақдим этилган маълумотлар асосида мутахассислар ҳисоб-китобни тақдим этиш зарурлиги масаласини кўриб чиқадилар.

Хатда экология органидан корхона қандай асосга кўра компенсация тўловларини тўловчилар қаторига киритилганини, унинг объекти қайси таъсир тоифасига мансублигини ва қайси ҳисобот даври учун ҳисоб-китоб тақдим этиш зарурлигини тушунтириб беришни сўранг. Ёзишмаларни ва хат жўнатилганини тасдиқловчи ҳужжатни сақлаб қўйинг.

 

Корхона раҳбари жаримага тортилиши мумкинми

МЖтКнинг 197-6-моддасида давлат инспекторларининг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик бузилишларини бартараф этиш бўйича кўрсатмаларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган.

Мансабдор шахслар учун жарима БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача бўлган суммани ташкил этади.

Бироқ, кўрсатма олишнинг ўзигина корхона қонунчиликни бузганлигини англатмайди. Корхонада тегишли мажбурият бўлган-бўлмаганлигини ва у ҳақиқатан ҳам уни бажармаганлигини аниқлаш лозим.

Экология органларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш мумкин .

 

Гиляра ТЕМИРЬЯНОВА тайёрлади


Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text218544_ekologiya_organlarining_kursatmasiga_qanday_munosabat_bildirish_kerak