Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қайта ташкил этишда олинган бино қандай рўйхатдан ўтказилади
“А” корхонаси қайта ташкил этишни амалга оширди, бунинг натижасида “Б” корхонаси ажратиб чиқарилди. Тақсимлаш баланси асосида “А” корхонаси қабул қилиб олиш ва топшириш далолатномаси бўйича “Б” корхонасига кўчмас мулкни (бинони) топширади. Тошкент шаҳар Давлат кадастрлари палатаси “Б” корхонасига кадастр бериши учун ҳужжатни – 29.12.2018 йилдаги 1060-сон ВМҚга 1-илованинг 39-бандига асосан кўчмас мулк ҳуқуқининг ўтишини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилмоқда. Бироқ ушбу бандда қайта ташкил этишда кўчмас мулк ҳуқуқининг ўтишини тасдиқловчи ҳужжатлар кўрсатилмаган”.
Қайта ташкил этишда олинган бинони рўйхатдан ўтказиш учун Тошкент шаҳар Давлат кадастрлари палатасига қандай бирламчи ҳужжатни тақдим этиш зарур?”.
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Миллий геоахборот тизимини мувофиқлаштириш ва давлат кадастрлари бошқармаси бошлиғи Носир ЛАТИПОВ тушунтирди:
– Қуйидагилар бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқининг вужудга келишини ва бошқа шахсга ўтишини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади :
- қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бинолар ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси;
- нотариал тартибда тасдиқланган бино, иншоотнинг олди-сотди шартномаси;
- бино ва иншоот бўйича топшириш-қабул қилиш далолатномаси билан бирга олди-сотди шартномаси;
- корхонанинг топшириш-қабул қилиш далолатномаси билан бирга нотариал тартибда тасдиқланган олди-сотди шартномаси;
- лизинг шартномаси;
- бино, иншоот, турар жойни ҳадя этиш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган шартнома;
- бино, иншоот, турар жойни айирбошлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган шартнома;
- турар жойни бошқа шахсга рента тўлови шарти билан ўтказилиши назарда тутиладиган нотариал тартибда тасдиқланган рента шартномаси;
- хусусийлаштирилган давлат биноси, иншооти, турар жойини мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордери;
- нотариал тартибда тасдиқланган мерос қилиб олиш ҳуқуқи ва эр-хотинларнинг умумий мулки бўлган бино, иншоотнинг тегишли қисмига бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома;
- кўчмас мулк объектини юридик шахсларнинг устав жамғармасига улуш сифатида бериш шартномаси;
- кўчмас мулк объектини муассисга унинг улушини қайтариб бериш сифатида шартномаси;
- суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда кўчмас мулк объектини реализация қилиш бўйича аукцион натижалари ҳақида баённома;
- туман (шаҳар) қурилиш бўлимларининг турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсати;
- туман (шаҳар) қурилиш бўлимининг нотурар жой биносини турар жой тоифасига ўтказишга рухсати;
- суд қарори ёки давлат ижрочисининг қарори ёхуд давлат ижрочиси томонидан тасдиқланган ундирувчи ва қарздор ўртасида тузилган бино ва иншоотни бериш далолатномаси.
Кадастр органи қуйидагилар асосида кўчмас мулк объектини рўйхатдан ўтказишни рад этишга ҳақли :
- давлат рўйхатидан ўтказувчи органда* ушбу кўчмас мулк объектининг мансублиги масаласида низолар борлигидан далолат берувчи суд ҳужжатларининг мавжудлиги;
- ваколатли орган томонидан кўчмас мулк объектига тақиқ ёки хатлов қўйилганлиги;
- тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри, қарама-қарши ёки бузилган маълумотлар топилиши;
- бирламчи кадастр йиғмажилдининг мавжуд эмаслиги;
- давлат рўйхатидан ўтказувчи органда* ушбу ер участкаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб қўйилганлиги ҳақидаги маълумотларнинг мавжудлиги;
- рўйхатдан ўтказувчи томонидан ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўхтатиб турилган ҳолларда – тақдим этилган материаллардаги камчиликларнинг 3 иш куни мобайнида бартараф этилмаслиги;
- ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда бекор қилинганлиги;
- ҳуқуқларнинг вужудга келишини белгиламайдиган ҳужжатларнинг тақдим этилиши.
* Давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари.
Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни бошқа асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.
Кўчмас мулк, фуқаролик ҳуқуқларининг бошқа объектлари сингари, эркин суратда бошқа шахсларга берилиши ёки универсал ҳуқуқий ворислик (мерос қилиб олиш, юридик шахсни қайта ташкил этиш) тартибида бир шахсдан иккинчи шахсга ўтиши мумкин .
Кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқининг янги юридик шахсга ўтиши фактини тасдиқлаш учун қуйидаги ҳужжатлар зарур:
1) қайта ташкил этиш жараёнида ташкил этилган, унга универсал ҳуқуқий ворислик тартибида кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ўтган юридик шахснинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳномаси ва устави;
2) кўчмас мулкни ҳуқуқий ворислик тартибида ўтиши тўғрисида келишув;
3) тақсимлаш балансидан олинган маълумотлар билан топшириш далолатномаси (қайта ташкил этишда ҳуқуқий ворисликни тасдиқловчи ҳужжат) .
Компаниямиз юристларининг тавсияларида ушбу мавзуга доир кўпроқ йўл-йўриқларни топасиз: