2021 йил 1 сентябрдан нималар ўзгаради

preview

1 сентябрдан бошлаб қонун ҳужжатларидаги навбатдаги ўзгартиришлар кучга киради. Buxgalter.uz раҳбарлар, бухгалтерлар ва кадрлар ходимлари билишлари лозим бўлган янгиликлар шарҳини тақдим этади.

 

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб:

1. Иш ҳақи, пенсия ва БҲМ оширилади

17.08.2021 йилдаги ПФ-6279-сон Фармонга мувофиқ бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори 1,1 баробарга оширилади. Солиқлар, жарималар, йиғимлар, давлат божи ва ижара тўлови ставкаларини белгилашда фойдаланиладиган базавий ҳисоблаш миқдори 245 000 сўмдан 270 000 сўмгача  оширилади.

2. Барча турдаги транспорт воситалари учун техник талонлар бекор қилинади

9.03.2021 йилдаги 125-сон ВМҚга мувофиқ хорижий давлатларга чиқадиган транспорт воситаларидан ташқари барча транспорт воситаларига техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талонларни бериш амалиёти бекор қилинади.

Тиббий кўрикдан ўтишга тааллуқли бошқа ўзгаришлар ҳақида norma.uz порталидаги шарҳда ўқиш мумкин.

3. Умумий овқатланиш ва туризм корхоналарига қўшимча имтиёзлар берилади

25.08.2021 йилдаги ПҚ-5232-сон қарорга мувофиқ 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб 2021 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинади. 2023 йил 1 сентябрга қадар туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади.

Умумий овқатланиш корхоналари 15.09.2021 йилдаги ҳолатга кўра солиққа оид қарздорликларни бўлиб-бўлиб (ёки кечиктириб) тўлаш ҳуқуқи берилади. Бу ҳақда батафсил бу ерда берилган.  

4. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига кредитлар бўйича компенсация, узумчилик соҳасидагилар имтиёзлар берилади

26.02.2021 йилдаги ПҚ-5009-сон қарорга мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга сертификатланган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва кўчатларини харид қилиш учун ажратиладиган тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тақдим этилади ҳамда кредит суммасининг 50%игача миқдорида кафиллик тақдим этилади. Бу ҳақда батафсил norma.uz шарҳида ўқинг.

Шунингдек 1 сентябрдан бошлаб 28.07.2021 йилдаги ПҚ-5200-сон қарорга мувофиқ узумчилик кластерлари ташкил этилади. Уларнинг иштирокчиларига ер участкалари ажратилади ҳамда солиқ ва божхона преференциялари тақдим этилади.

5. Биржа савдолари иштирокчилари учун ташувчилар – фақат аукцион орқали

17.03.2021 йилдаги ПҚ-5031-сон қарорга мувофиқ монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни автотранспортда ташиш хизматлари фақат электрон логистика савдо портали орқали аукцион тартибида амалга оширилади.

6. Якка тартибдаги ташувчилар томонидан агрегаторларсиз юк ташилмайди

7.05.2021 йилдаги ПҚ-5108-сон қарорга мувофиқ якка тартибдаги юк ташувчиларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун бож ундирилмайдиган имтиёзли давр тугайди. Шу билан бир вақтда агрегаторсиз, мустақил равишда фаолият юритишга имкон берилмайдиган норма кучга киритилди.

7. Сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқарганлик ва импорт қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилади

2.06.2021 йилдаги ПФ-6240-сон Фармонга мувофиқ техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология соҳаларида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун:

а) маҳсулотларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида ва техник регламентларда белгиланган мажбурий талабларга ишлаб чиқарувчи ёки олиб кирувчи томонидан риоя этилмаган ҳолларда юридик шахсларга:

  • · ҳуқуқбузарлик огоҳлантиришдан сўнг биринчи марта содир этилганда – реализация қилинган маҳсулот қийматининг 50%игача миқдорда молиявий жарима;
  • · ушбу ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб бир йил давомида такроран содир этилганда – реализация қилинган маҳсулот қийматининг 100%игача миқдорда молиявий жарима;

б) қонунчилик ҳужжатлари, техник регламентлар, стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатларнинг мажбурий талаблари, метрология, сертификатлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш қоидалари бузилган ҳолларда мансабдор шахсларга:

  • · ҳуқуқбузарлик огоҳлантиришдан сўнг биринчи марта содир этилганда – 40 БҲМгача миқдорда маъмурий жарима;
  • · шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилганда – 80 БҲМгача миқдорда маъмурий жарима кўринишидаги таъсир чоралари белгиланади.

8. Онлайн-аукционда иштирок этиш арзонлашади

24.07.2021 йилдаги ПҚ-5197-сон қарорга мувофиқ «E-auksion» электрон савдо платформасидаги онлайн-аукционлар иштирокчиларига аукционда қатнашиш учун ЭРИ калити сертификати берилади. Сертификатлар масофадан туриб, «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» ДУК томонидан бепул тақдим қилинади.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан объектларни аукционга чиқариш учун тўланадиган йиғим бекор қилинади. 

 

Яна қуйидаги ўзгартиришлар ҳам киритилди

Август ойининг охирида кучга кирадиган НҲҲларга эътибор қаратинг:

1. Экологияга зарар етказганлик учун жавобгарлик кучайтирилди

25 августдан 25.08.2021 йилдаги ЎРҚ-711-сон Қонунга тузатишлар кучга кирди. Энди сув объектларига оқинди сувларни оқизишга йўл қўйиш шартлари тўғрисидаги талабларни бузганлик, сувларнинг ҳамда сув объектларининг ҳолатига таъсир кўрсатувчи гидротехника ишларини ва бошқа ишларни ўзбошимчалик билан бажарганлик учун мансабдор шахсларга  5 БҲМдан 10 БҲМгача жарима солинади. Ўсимликларнинг қолдиқларини ёқиб юбориш худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, 10 БҲМдан 15 БҲМгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

2. Юк ташувчиларга божхона ва солиқ имтиёзлари берилди

19.08.2021 йилдаги ПҚ-5225-сон қарорга мувофиқ автомобиль транспортида юк ташувчиларга қуйидаги имтиёзлар берилди:

  • юк ташиш учун мўлжалланган, ишлаб чиқарилганига 7 йилдан ошмаган қуйидаги транспорт воситаларини 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистонга импорт қилишда уларга божхона божининг, утилизация йиғимининг ва автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун автотранспорт йиғимларининг ноль ставкалари қўлланилади:

– «Евро-5» ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган автотранспорт воситалари (ТИФ ТН кодлари 8701 20, 8704 22 (самосваллардан ташқари);

– тиркамалар ва ярим тиркамалар (ТИФ ТН кодлари 8716 31, 8716 39);

  • Европа Иттифоқи мамлакатларида ишлаб чиқарилган, ишлаб чиқарилганига 7 йилдан ошмаган қуйидаги транспорт воситалари 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистонга импорт қилишда мажбурий сертификатлашдан озод қилинади:

– «Евро-5» ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган юк ва махсус автотранспорт воситалари;

– автомобиль транспортида юк ташиш учун фойдаланиладиган тиркамалар ва яримтиркамалар.

Бундан ташқари, асосий фаолият тури йўловчиларни автобусда ташиш ҳисобланган умумий фойдаланишдаги шаҳар йўловчи транспорти қатновини ташкил қилиш фаолияти 2022 йил 1 январга қадар ер солиғини тўлашдан озод этилади.

3. Ердан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди

16.08.2021 йилдаги ЎРҚ-708-сон Қонунга мувофиқ фуқаролар, юридик шахслар ва мансабдор шахслар учун ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, суғориладиган ер участкаларидан фойдаланиш ҳамда уларда қурилишни амалга ошириш, уларни сотиш ёки ноқонуний тарзда ўзга шахсга бериш ҳолатлари бўйича жавобгарлик кучайтирилди.