ДМ билан боғлиқ бўлмаган норезидентларга даромадлар тўласангиз, ўқиб чиқинг:
2023 йилда бизни яна қандай ўзгаришлар кутмоқда
2023 йилнинг 1 апрелидан бошлаб УФда чет эл инвестициялари улуши камида 33% бўлган корхоналар ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун Ўзбекистонга мол-мулкни олиб киришда СК бўйича божхона божи бўйича имтиёзга эга бўлмайдилар. Тўғри, бунда маълум шарт мавжуд: 2023 йилнинг 1 январига қадар хорижий инвестор ҳамда инвестициялар ва инвестиция фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш соҳасида ваколатли давлат органи ўртасида тузилган инвестиция шартномаларида бошқача қоида назарда тутилган бўлиши мумкин.
Солиқ кодексига тузатишлар киритилиши билан кучга кирган бошқа ўзгартиришлар тўғрисида – buxgalter.uz шарҳида:
Солиқ қарзи ундирувини мол-мулкка қаратиш муддати узайтирилмоқда
Молия-хўжалик фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган асосий воситалар ва бошқа мол-мулкнинг сақланиши учун солиқ қарзи ундирувини солиқ қарзи мавжуд солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш муддати 30 кундан 60 кунгача узайтирилмоқда.
ҚҚС ва фойда солиғи тўловчиларга солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш ҳақида хабардор қилиш ҳуқуқи берилмоқда
Жами даромади 10 млрд сўмгача бўлган тўловчилар мазкур ҳуқуққа эга бўлишди, қуйидагилар бундан мустасно:
- УФда 50% ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга бўлган юридик шахслар;
- ер қаъридан фойдаланувчилар;
- акциз солиги тўланадиган товарларни ишлаб чиқарувчилар.
Бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқига эга бўлиш учун солиқ тўловчи солиқ мажбурияти юзага келган санадан эътиборан 1 ой давомида солиқ органларига хабарнома юбориши керак.
Бундай бўлиб-бўлиб тўлашда 6 ой давомида фоизлар ҳисобланмайди, агар бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти календарь йил учун 1 марта тақдим этилган бўлса..
Божхона божининг ноль даражали ставкасининг амал қилиш муддати узайтирилмоқда
Ўзбекистонга олиб кириладиган айрим товарлар бўйича божхона божининг ноль даражали ставкасини қўллашнинг амал қилиш муддати 2024 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди . Рўйхат 30.12.2021 йилдаги ПҚ-73-сон қарорга 6-илова билан тасдиқланган.
Солиқ органлари тугатилган юридик шахсларнинг ортиқча тўланган ёки улардан ортиқча ундирилган солиқларни ҳисобдан чиқаришлари мумкин
Агар тугатилаётган юридик шахсда солиқ қарзи мавжуд бўлмаса, ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган солиқлар (пенялар, жарималар) суммаси у ариза берган кундан эътиборан 15 кундан кечиктирмай қайтарилиши лозим.
Ариза тақдим этилмаган тақдирда, ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқлар (пенялар, жарималар) суммалари Солиқ тўловчиларнинг ягона реестридан чиқарилган солиқ тўловчининг шахсий ҳисобварақасидан ҳисобдан чиқарилади.
Илгари СКда солиқ тўловчининг аризаси бўлмаганда бундай ортиқча тўловни нима қилиш белгиланмаган эди.
Чиқиндиларни қайта ишловчилар учун пасайтирилган солиқ ставкалари белгиланди
2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш, саралаш ва қайта ишлашдан олган даромади жами даромаднинг камида 90%и миқдорида бўлган солиқ тўловчилар ушбу фаолият тури бўйича фойда солиғи (фоизлар тарзидаги даромадлардан ташқари) ва ижтимоий солиқни 1% ставка бўйича тўлайдилар. Ушбу норма СКга киритилган.
Бюджет ташкилотларига имтиёзлар узайтирилмоқда
2024 йилнинг 1 январига қадар бюджет ташкилотлари қўшимча манбалардан олинган даромадлар бўйича фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллашлари мумкин, башарти бўшайдиган маблағлардан моддий-техника ва ижтимоий базани мустаҳкамлаш, ходимларни моддий рағбатлантириш учун мақсадли фойдалансалар.
Йиғимларнинг энг юқори ставкалари сақлаб қолинмоқда
2023 йил учун қуйидагилар учун йиғимларнинг энг юқори ставкалари сақлаб қолинмоқда:
- айрим турдаги товарлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун;
- хорижий давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон ҳудудига кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзити учун.