2025 йилда мол-мулк солиғида нималар ўзгармоқда

preview

2025 йилда юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича ўзгаришлар ҳақида buxgalter.uz илтимосига кўра Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ ва божхона сиёсати бошқармаси бошлиғи Умид ХАМРОЕВ тушунтириш берди:

Мутахассисларининг муҳим тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Юридик шахслар

1. Бино ва иншоотлар бўйича минимал қиймат оширилди

Маълумки, давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган бино ва иншоотлар бўйича солиқ базаси 1 кв.м учун мутлақ миқдорда белгиланган минимал қийматдан паст бўлиши мумкин эмас.

2025 йилдан минимал қиймат оширилди:

  • Тошкент шаҳрида – 3 млн сўмдан 3,3 млн сўмгача;
  • Нукус шаҳри ва вилоят марказларида – 2 млн сўмдан 2,2 млн сўмгача;
  • бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда – 1,2 млн сўмдан 1,3 млн сўмгача.

 

2. Пасайтирилган солиқ ставкаси индексация қилинди

2025 йилдан қуйидагилар бўйича солиқ ставкаси 0,6 фоиздан 0,65 фоизгача оширилди:

  • умумий фойдаланишдаги темир йўл йўллари, магистрал қувурлар, алоқа ва электр узатиш линиялари, шунингдек кўрсатилган объектларнинг ажралмас технологик қисми бўлган иншоотлар;
  • Вазирлар Маҳкамаси томонидан консервация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган кўчмас мулк ва тугалланмаган қурилиш объектлари.

 

3. Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари бўйича имтиёз ўзгартирилди

2025 йилдан умумий қуввати:

  • 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари – улар фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 3 йилга, қувватининг камида 25 фоизи миқдорида электр энергиясини тўплаш тизимига эга қуёш панеллари ўрнатилганда эса – 10 йилга;
  • 100 кВт ва ундан юқори бўлган қурилмалар – улар фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 10 йилга солиқдан озод қилинади.

Бунгача имтиёз муддати номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан юқори бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари фойдаланишга топширилган пайтдан бошлаб 10 йилни ташкил этарди.

 

4. Кўп қаватли ишлаб чиқариш бинолари бўйича имтиёз жорий қилинди

Янги қурилган кўп қаватли ишлаб чиқариш бинолари (республика шаҳарлари, Зангиота, Қибрай ва Тошкент туманларида жойлашганлари бундан мустасно) бўйича ташкилотлар пасайтирувчи коэффициент қўллаган ҳолда солиқ тўлайдилар:

  • 3 қаватли бинолар бўйича – 0,9;
  • 4 қаватли бинолар бўйича – 0,8;
  • 5 қаватли бинолар бўйича – 0,7;
  • 6 қаватли бинолар бўйича – 0,6;
  • 7 қаватли ва ундан юқори бинолар бўйича – 0,5 – улар фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга.

Бунда пасайтирувчи коэффициент қуйидагича қўлланилади:

  • маҳсулот ишлаб чиқариш фаолияти учун зарур бўлган ёрдамчи хоналар (хусусан, офис ва ишлаб чиқарилган маҳсулотни реализация қилиш учун хоналар, тегишли касбни эгаллаш учун ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш хоналари) ҳисобга олинган ҳолда, агар уларнинг майдони янги қурилган кўп қаватли ишлаб чиқариш биносининг умумий майдонидан 20 фоиздан ошмаса;
  • агар бинодан ишлаб чиқариш мақсадларида бир нечта ташкилот биргаликда фойдаланса, бинонинг ҳар бир мулкдори томонидан.

Пасайтирувчи коэффициентлар 2023 йил 1 январдан кейин фойдаланишга топширилган янги қурилган кўп қаватли ишлаб чиқариш биноларига нисбатан ҳам қўлланилади.

 

Жисмоний шахслар

1. Солиқ ставкалари индексация қилинди

2024 йилда амал қилган солиқ ставкалари ўртача 10 фоизга индексация қилинди ва 2025 йил учун қуйидаги миқдорларда белгиланди:

Солиқ солиш объектлари

Солиқ ставкалари, фоизларда

11

Турар жойлар ва квартиралар, дала ҳовлилар (умумий майдони 200 кв.м гача бўлган), кўп квартирали уйга ажралмас боғлиқ бўлган машина жойи, шунингдек, бошқа иморатлар, хоналар ва иншоотлар

0,34

22

Шаҳарларда жойлашган турар жойлар ва квартираларнинг умумий майдони:



200 кв.м дан 500 кв.м гача

0,45


500 кв.м дан юқори

0,6

33

Бошқа аҳоли пунктларида жойлашган, майдони 200 кв.м дан юқори бўлган турар жойлар ва квартиралар, дала ҳовлилар

0,45

44

Тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган солиқ солиш объектлари ёки уларни юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилганда, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти ва (ёки) даромад олиш учун мўлжалланган яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари

1,5

(ставка ўзгармади)

Бунда:

  • кадастр органлари томонидан 2018 йилда белгиланган солиқ солиш объектларининг кадастр қиймати (солиқ базаси) миқдори сақланиб қолади;
  • турар жой фонди объектлари, шу жумладан кўп қаватли уй билан узвий боғланган машина жойлари, шунингдек, бошқа иморатлар, бинолар ва иншоотларга эга бўлган жисмоний шахслар учун олдинги йилга нисбатан солиқнинг ўсишидаги чеклов сақланиб қолади.

2025 йилда 2018 йилда белгиланган кадастр қиймати асосида ҳисобланган солиқ суммаси 2024 йил учун ҳисобланган солиқ суммасидан 1,3 баробардан кўп бўлиши мумкин эмас. Бу чеклов 2018 йилдан бошлаб жисмоний шахсларга тегишли барча кўчмас мулк объектларига нисбатан қўлланилади.

Олдинги йилга нисбатан солиқ суммасининг чекланиши яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектларига нисбатан қўлланилмайди.

 

2. Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари бўйича имтиёз ўзгартирилди

2025 йилдан энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган ҳолда турар жой хоналарида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар мулкида бўлган мол-мулкни солиқдан озод қилиш бўйича имтиёз бекор қилинди.

Бунда турар жой фонди объектларида умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар учун солиқ суммаси БҲМнинг 2 бараваридан кўп бўлмаган суммага камайтирилиши тўғрисидаги норма киритилди.

Имтиёз умумий қуввати 1 кВтдан юқори бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларига нисбатан қуйидаги муддатларда қўлланилади:

  • қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 3 йил;
  • қувватининг камида 25 фоизи миқдорида электр энергиясини тўплаш тизимига эга қуёш панеллари фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 10 йил.

Имтиёз жисмоний шахс томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида энергия таъминоти ташкилоти томонидан берилган маълумотнома асосида турар жой фонди объектларидан бирига нисбатан фақат бир марта қўлланилади.

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text205241_mol-mulk_soligida_nimalar_uzgarmoqda