Рецептура дориларининг онлайн-савдоси учун лицензиядан маҳрум қиладилар

preview

Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартиби тўғрисида низомга ўзгартиришлар киритилди (ВМнинг 2.07.2019 йилдаги 549-сон қарори). Улар уч ой ўтгач амал қилишни бошлайди. 

Эслатиб ўтамиз,  дори воситалари ва тиббий буюмлар аввалбошдан ички бозорда электрон тижоратда сотилмас эди. Бироқ, 2018 йил 1 июлдан бошлаб бу чеклов сақлашда ва ташишда уларнинг сақланишини таъминлаш бўйича талаблар ва тартибга риоя қилиш шарти билан олиб ташланган.

Тузатишлар вазиятни бирмунча ўзгартиради. Энг аввало, фақат шифокор рецептисиз бериладиган дориларни онлайн сотиш мумкин. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни электрон тарзда реализация қилиш – тақиқланади.

Дори воситалари ва тиббий буюмларни сотиб олиш мумкин бўлган сайтлар ва/ёки мобиль иловаларда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

  • юридик шахснинг тўлиқ номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли кўрсатилган ҳолда;
  • давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, тадбиркорлик субъектининг идентификация рақами;
  • жойлашган жойи (почта манзили), электрон почта манзили, боғланиш телефон рақами;
  • лицензиянинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар (рақами, амал қилиш муддати, лицензияни беришга ваколатли органнинг номи);
  • реализация қилинаётган дори воситалари ва тиббий буюмлар ҳақидаги маълумотлар (халқаро патентланмаган ва савдо номи, чиқарилган шакли, дозаси, серияси, яроқлилик муддати, ишлаб чиқарган давлат (етказиб берувчи), қўллаш бўйича йўриқнома, чакана реализация нархи, савдо устамаси миқдори, мувофиқлик сертификати);
  • реализация қилинаётган дори воситалари ва тиббий буюмлар аналоглари ҳақидаги маълумотлар;
  • ҳисоб-китоб шакли, етказиб бериш тартиби ва нархи.

Онлайн-сотишда етказиб бериш назарда тутилган тақдирда товарни етказиб бериш дорихона ходими — фармацевтик маълумотга эга мутахассис билан бирга амалга оширилиши керак. Транспортда махсус жиҳозланган камера бўлиши лозим, унда сифат, самарадорлик ва хавфсизликка риоя этилишини таъминловчи зарур ҳарорат, намлик ва тоза ҳаво таъминлаб турилади.  Алоҳида сақлаш ҳароратини талаб этувчи дори воситалари фақат ташиш ҳароратини доимий равишда кузатиб борувчи қурилма билан жиҳозланган рефрижератор ускунаси ёки термоконтейнер билан жиҳозланган транспорт воситасида ташилади. Машина техник соз ва тоза ҳолатда тутилиши керак. Кўрсатилган мақсадларда жалб қилинган ёки йўл-йўлакай транспортдан фойдаланиш тақиқланади.

Дори воситалари ва тиббий буюмлар, уларнинг сифати, самарадорлиги ва хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмайдиган ҳамда ташқи муҳит таъсиридан сақловчи транспорт воситаларида ташилади. Улар ўрамининг шикастланишидан, тўкилишдан, ифлосланишдан, шу жумладан бошқа дори воситалари ва моддалари билан ифлосланишдан ҳимояланган бўлиши керак. Уларни бошқа турдаги юклар билан бирга ташиш тақиқланади.

Ушбу талабларга барча дорихоналар томонидан риоя этилишини назорат қилишни Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси амалга оширади.

! Мунтазам равишда (бир йил давомида 2 ва ундан ортиқ марта) дори воситалари ва тиббий буюмларни онлайн-сотиш тартибининг бузилиши лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузиш деб тан олинади. Бу дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун лицензиянинг амал қилишини тўхтатишга сабаб бўлади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 3.10.2019 йилдан кучга киради.

Олег Заманов.


Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text152010_receptura_dorilarining_onlayn-savdosi_uchun_licenziyadan_mahrum_qiladilar