Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий инвесторларга – имтиёзли кредитлар
Президентнинг 16.04.2019 йилдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди. Ҳужжат иловаларсиз ЎзАда жойлаштирилган.
Бу соҳада шериклик қуйидаги тарзда амалга оширилади:
биринчидан, лойиҳалар давлат ва хусусий шерик ўртасидаги битимга асосан амалга оширилади. Бир ёки бир неча шакллар жамини танлаш таклиф қилинади:
- соғлиқни сақлаш соҳасида жамоат инфратузилмасини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, яратиш, жиҳозлаш, модернизация қилиш, молиялаштириш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш;
- соғлиқни сақлаш соҳасида товарларни етказиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш.
Соғлиқни сақлаш соҳасида, шу жумладан, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари иштирокида амалга ошириладиган бирламчи аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларнинг концепцияси 3 ой муддатда тасдиқланади;
иккинчидан, хусусий шерикни танлаб олиш тендер асосида ёки тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали амалга оширилади (Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида истисно назарда тутилиши мумкин). Битимларни тузиш ҳуқуқини берувчи тендерни 15 августгача эълон қилишлари керак;
учинчидан, битимнинг амал қилиш муддати шериклар томонидан белгиланади, бироқ у 3 йилдан кам бўлмаслиги ва 49 йилдан ошмаслиги керак;
тўртинчидан, лойиҳаларни амалга ошириш доирасида хусусий шерикка ажратилган ер участкалари, сотиб олинган тиббий ва бошқа ускуналар ҳамда улар томонидан қурилган объектлар битимнинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг давлатга топширилади.
Инвесторларга имтиёзли кредитлар берилади. Бунинг учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 200 миллион АҚШ долларигача ажратиш кўзланмоқда.
Кредит фақатгина импорт қилинадиган замонавий тиббий ускуналар ва инвентарларни сотиб олиш учун – чет эл валютасида киритиладиган инвестиция умумий ҳажмининг 20%идан кўп бўлмаган миқдорда расмийлаштирилади. Муддати - 3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда, 8 йилгача бўлган муддатга қайта молиялаштирувчи банкнинг маржаси билан бирга йиллик 1% миқдорида. Бунда шарт мавжуд – хусусий (ш.ж., хорижий) инвестиция ҳажми улар умумий миқдорининг 80%идан кам бўлмаслиги керак.
Олег Заманов.