ДМ билан боғлиқ бўлмаган норезидентларга даромадлар тўласангиз, ўқиб чиқинг:
Ўқиганлик, иш стажи ва иш ҳақи ҳақидаги архив маълумотномалари – онлайн
2020 йил 1 июнга қадар архив иши соҳасидаги қатор давлат хизматларини Давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали кўрсатишни бошлайдилар (20.09.2019 йилдаги ПФ-5834-сон Фармонга қаранг).
Булар ўқиганликни, иш стажини ва иш ҳақини тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномаларини бериш; араб алифбосида яратилган туркий, форсий ва арабча ҳужжатлардаги ахборотлар бўйича аннотация маълумотларини тайёрлаб бериш, шунингдек архив ҳужжатлари, китоблар ва қўлёзмаларни рақамлаштириш (электрон нусха олиш).
Бундан ташқари, 2020 йил 1 январдан бошлаб мазкур соҳада айрим давлат хизматларини кўрсатиш муддатлари қисқартирилади. Чунончи, хизмат сўров ёки расмий хат давлат архивига келиб тушган кундан эътиборан 5 кун ичида:
- юридик шахслар иш юритишида ҳужжатларни ташкил этиш бўйича ички меъёрий ва услубий ҳужжатлар ишлаб чиқилади ва уларнинг ҳужжатлар билан ишлаши бўйича фаолиятини ўрганилади (қўшимча ҳужжатларни қўшимча ўрганиш ва/ёки текшириш талаб этилганда хизмат 20 кун ичида кўрсатилади);
- араб алифбосида яратилган туркий, форсий ва арабча ҳужжатлардаги ахборотлар бўйича аннотация маълумотлари тайёрлаб берилади (қўшимча ҳужжатларни қўшимча ўрганиш ва/ёки текшириш талаб этилганда - 15 кун);
- архив ҳужжатлари, китоблар ва қўлёзмалар рақамлаштирилади (электрон нусха олиш) (қўшимча ҳужжатларни қўшимча ўрганиш ва/ёки текшириш талаб этилганда - 20 кун);
- архив ҳужжатларидан фойдаланилади (қўшимча ҳужжатларни қўшимча ўрганиш ва/ёки текшириш талаб этилганда - 15 кун);
- рақамлаштирилган (электрон нусхаси олинган) ҳужжатларнинг электрон базаси яратилади (қўшимча ҳужжатларни қўшимча ўрганиш ва/ёки текшириш талаб этилганда - 20 кун);
- ҳужжатлар ва китоблар таъмирланади, тикилади, муқоваланади ва уларга қайта ишлов берилади (қўшимча ҳужжатларни қўшимча ўрганиш ва/ёки текшириш талаб этилганда - 15 кун).
Келаси йилнинг бошидан бошлаб давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек мулкчилик шаклларидан қатъи назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фаолиятида шаклланадиган бошқарув (иш юритиш)га оид, илмий-техникавий ва бошқа ҳужжатларнинг архив сақловига топширилишида ҳамда ўрнатилган тартибда йўқ қилинишида уларнинг электрон ва Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми ҳужжатларининг суғурта нусхалари талаб этилади.
2021 йил 1 январгача давлат архивларида сақланаётган фондларни хатловдан ўтказиб, мазкур фондлар ҳақида тегишли маълумотларни қамраб олган маълумотлар базасини яратадилар. Ушбу ҳолда архив маълумотномаларини бериш йиғим ундирилмаган ҳолда амалга оширилади.
Давлат архивларида сақланаётган 1917 йилгача архив ҳужжатлари 2020 йил 1 июнгача махфийликдан чиқарилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.09.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.