Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ДСИнинг салбий ҚҚСни тўлаш бўйича кўрсатма берилган хатига қандай жавоб бериш лозим
Бухгалтерлар камерал назорат якунларига кўра нафақат солиқ органлари жўнатган талабномаларга, балки ДСИ кўрсатма берган хатларга ҳам жавоб беришларига тўғри келади. Buxgalter.uz намунавий жавобларни чоп этиб, бухгалтерларга ёрдам бермоқда. Улар тажрибаси билан ўртоқлашмоқчи бўлган бош бухгалтерлар, солиқ маслаҳатчилари, бошқа мутахассислар томонидан тайёрланган. Сиз ҳам шундай қилишингиз мумкин – вазият тавсифи ва жавобларни [email protected] почтасига йўлланг. Бир-биримизга ёрдам берайлик!
Вазият
Корхона ДСИдан билдиришнома хат олди, унда солиқ органлари томонидан ташқи манбалардан олинган маълумотлардан келиб чиқиб, ўтиш санасида харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) ва ТМЗ қолдиқлари бўйича ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасини қайта ҳисоблаш талаб қилинган эди.
Корхонанинг позицияси
Корхона Солиқ кодексининг 218-моддасида назарда тутилган шартларга риоя этган ҳолда ҳақиқатда олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олган. Ҳисобга олинган ҚҚС суммаси ҳисобварақ-фактуралар ва уларнинг ўрнини босадиган ҳужжатлар билан тасдиқланган (Солиқ кодексининг 222-моддаси). Уларнинг рўйхати Харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестрида (ҚҚС ҳисоб-китобига 4-илова) келтирилган.
ҚҚС тўлашга ўтиш санасида корхона балансида қайд этилган ТМЗ қолдиқлари бўйича ҚҚС ҳам ҳисобварақ-фактуралар ва уларнинг ўрнини босадиган ҳужжатлар асосида ҳисобга олинган.
Корхона ҚҚС тўғри ҳисобга олинган деган фикрда.
ДСИнинг кўрсатма берувчи хатига жавоб хати намунаси
«___» ________ 2019 йилдаги ___-сон билдиришномага жавобан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Корхона Солиқ кодексининг 218-моддасига мувофиқ ҚҚСни тўлашга ўтишда товар-моддий захиралар қолдиқлари бўйича ҚҚС суммаларини ҳисобга олган. Корхона ҚҚСни ҳисобга олиш учун ушбу моддада назарда тутилган барча шартларга риоя этган, яъни:
- корхона ҚҚС тўловчиси ҳисобланади;
- товарлардан (ишлардан, хизматлардан) солиқ солинадиган оборотлар мақсадида фойдаланилади;
- олинган товарларга (ишларга, хизматларга) етказиб берувчи томонидан ёзилган ҳисобварақ-фактуралар ёки ҚҚС алоҳида ажратиб кўрсатилган, уларнинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжатлар мавжуд;
- товарлар импорт қилинганда ҚҚС бюджетга тўланган.
Корхона ҚҚС тўлашга ўтишда ТМЗ қолдиқлари, шу жумладан тайёр маҳсулотлар бўйича ҚҚС суммаларини ҳисобга олишга ҳақли. Бунда фақат товарларни экспортга реализация қилиш бўйича чеклов мавжуд – товарларни экспортга реализация қилиш оборотида, товарлар экспортидан банкдаги счётга келиб тушган валюта тушуми улушида фойдаланиладиган, ҳақиқатда олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚС суммаси ҳисобга олинади. Қонун ҳужжатларида ТМЗ қолдиқлари бўйича ҚҚС суммаларини ҳисобга олишга доир бошқа чекловлар назарда тутилмаган. ҚҚС тўлашга ўтиш санасида ТМЗ қолдиқларини инвентаризация қилиш далолатномаси илова қилинмоқда.
Солиқ органлари ташқи манбалардан олган маълумотларга кўра, ҚҚС суммасини қўшимча ҳисоблаш лозим. Бироқ корхонанинг ҳисоботда кўрсатган маълумотлари аниқ ҳисобварақ-фактуралар, БЮД ва Солиқ кодексининг 222-моддасида назарда тутилган бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланган. Ушбу ҳужжатларнинг, шунингдек импорт бўйича ҚҚС тўланганлигини тасдиқловчи тўлов топшириқномаларининг нусхалари илова қилинмоқда.
Корхона тақдим этган барча ҳужжатларни яна бир бор текшириб кўриб, уларни ҳисоботда кўрсатилган маълумотлар билан солиштиришни сўраймиз.
Ҳурмат билан,
корхона директори _______________________ (Ф.И.О.)
Хат намунасини
бош бухгалтер Акбар Шоисломов тайёрлади.