ДСҚ реализация қилиш бўйича айланмалар кескин ўзгарганда ҚҚСни қандай тўлашни тушунтирди

preview

СКнинг 259-моддасига мувофиқ товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмаси ойига 1 млрд сўмдан ошмайдиган солиқ тўловчилар учун солиқ даври чорак ҳисобланади. Амалиётда ушбу нормани қўллашнинг низоли жиҳатлари мавжуд. Buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ мутахассислари шунга ўхшаш вазиятларда қандай ҳаракат қилишни тушунтиришди.


1-вазият. СКнинг 259-моддасида тадбиркорлик субъектларининг турли тоифалари учун ҚҚС бўйича солиқ даври аниқ кўрсатилган. Mysoliq.uz да ҳисобот шаклларида ҳар чораклик асосда ҚҚС тўлашга ўтиш тўғрисида хабарнома шакли мавжуд. Бунда СКнинг 259-моддасига мувофиқ ҳар ойлик асосда ҚҚС бўйича ҳисобот топшириши ва солиқни тўлашга ўтиши керак бўлган тадбиркорлар учун шакллар мавжуд эмас.  Қандай йўл тутиш лозим? Ҳар ойлик асосда ҚҚС бўйича ҳисобот топшириш ва солиқни тўлашга ўтиш тўғрисида солиқ органини хабардор қилиш зарурми? Умуман хабарнома бериш зарурми?

- Ҳақиқатан, Солиқ кодекси томонидан солиқ тўловчиларнинг қайси тоифаси ҳар ойлик, қайсилари эса - ҳар чораклик асосда солиқ ҳисоботини тақдим этиши белгиланган.

Солиқ тўловчилар томонидан солиқ органини ҳар чораклик асосга ўтиш тўғрисида хабардор қилиш бюджет даромадларини режалаштириш учун зарур. Бундан ташқари, солиқ органини хабардор қилиш солиқ тўловчини ўз вақтида (ҳар ойда) ҚҚС ҳисоб-китобини тақдим этмаганлик учун ноқонуний жавобгарликка тортиш эҳтимоли бўлган ҳолларни бартараф этишга кўмаклашади.

Шу билан бирга солиққа оид қонунчилик ойлик айланмаси 1 млрд сўмдан ошган солиқ тўловчиларнинг ҳар ойлик асосда ҚҚС тўлашга ўтиш тўғрисида солиқ органини хабардор қилишни талаб этмайди. Бинобарин, хабарнома тақдим этиш зарурати йўқ. Бу вазиятда ҳар ойлик солиқ ҳисоботини тақдим этиш етарли.


2-вазият. Солиқ тўловчи ҳар чораклик асосда ҚҚС бўйича ҳисоботни топширади ва солиқни тўлайди.
I чоракнинг март ойида унинг айланмалари 1 млрд сўмдан ошди. Кейин нима қилиш лозим? Январь, февраль ва март учун ҳисоб-китоб топшириладими? Ёки чорак учун топшириб, II чоракдан эса ҳар чораклик асосда ҚҚС тўлаш ва ҳисобот топширишни бошлаши мумкинми?

- Агар ҚҚСни ҳар чораклик асосда тўловчи солиқ тўловчида март ойида айланма 1 млрд сўмдан ошган бўлса, солиқ тўловчи автоматик тарзда ҳар ойлик асосда ҚҚС тўлашга ўтади ва январь, февраль ва март учун ҚҚС ҳисоб-китобларини 20 апрелдан кечиктирмай тақдим этиши шарт.


3-вазият. Солиқ тўловчи ҳар ойлик асосда ҚҚС тўлайди ва ҳисобот топширади. Март ойида унинг айланмаси 1 млрд сўмдан камроқни ташкил этди. Нима қилиш зарур - I чорак учун ҚҚСни ҳар чораклик асосда топшириш ва тўлаш лозимми ёки  I чорак учун ҳар ойлик асосда ҳисоб-китоб қилиш, II чоракдан бошлаб эса - ҳар чораклик асосда ҳисобот топшириш ва солиқни тўлаш керакми?

- Агар ҳар ойда ҚҚС тўлайдиган солиқ тўловчида март ойида айланма 1 млрд сўмдан камроқни ашкил этган бўлса, у март ойи учун ҚҚС ҳисоб-китобини тақдим этади ва II чоракдан бошлаб ҳар чораклик асосда ҚҚС тўлашга ўтади.

Бунда ҳар чораклик асосда ҚҚС бўйича ҳисоботни топшириш ва солиқни тўлашга ўтиш тўғрисида хабарномани 20 апрелга қадар тақдим этиш зарур.

Эътибор беринг!
Ким ҳар чораклик асосда ҚҚСни тўлашга ҳақли эканлиги тўғрисида молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВнинг тушунтиришида ўқинг.


Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /uz/publish/doc/text167971_dsq_realizaciya_qilish_buyicha_aylanmalar_keskin_uzgarganda_qqsni_qanday_tulashni_tushuntirdi