Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Экспорт операциялари бўйича ҚҚСни қайтаришда қандай ҳужжатлар зарур
14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚ билан тасдиқланган ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида низом билан экспортда ҚҚСни қайтариш учун ҳужжатлар тўплами белгиланди. Buxgalter.uz илтимосига биноан молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ бу ҳақда батафсил гапириб берди:
- Экспорт операциялари бўйича солиқ суммаси ўрнини қоплаш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади :
- контракт (контрактнинг белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма нусхаси);
- товарларни чиқаришни амалга оширувчи божхона органининг товарларни ЎзР божхона ҳудудидан олиб чиқиш учун белгиси қўйилган БЮД;
- ЎзРнинг божхона ҳудудидан ўтказиш пунктида жойлашган божхона органининг товарлар белгиланган мамлакатга жўнатилганлигини тасдиқловчи белгиси қўйилган, товарга илова қилинадиган ҳужжатлар;
- товарлар экспортга воситачи (ишончли вакил) орқали воситачилик (топшириқ) шартномаси бўйича реализация қилинганда экспортни тасдиқлаш учун комитент (ишонч билдирувчи) томонидан қўшимча тарзда солиқ тўловчининг воситачи ёки ишончли вакил билан тузилган воситачилик шартномаси ёки топшириқ шартномаси (шартноманинг кўчирма нусхаси);
- йўловчилар, багажлар, юклар ва почтани халқаро йўналишда ташиш бўйича хизматлар реализация қилинганда - йўловчилар, багажлар, юклар ва почтани халқаро йўналишда ташиш бўйича ягона халқаро ташиш ҳужжатлари реестри;
- валюта маблағлари тушганлигини тасдиқловчи банк маълумотномаси;
- товарлар экспорт қилинганлиги ва валюта маблағлари тушганлиги тўғрисидаги маълумотлар ;
- товарлар экспорт қилинганлигини тасдиқлаш учун амалга оширилаётган фаолиятнинг турига қараб бошқа ҳужжатлар.
Агар кўрсатилган ҳужжатлар Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида мавжуд бўлса, мазкур ҳужжатларни солиқ органига тақдим этиш талаб этилмайди.
ЎзРнинг божхона ҳудудида товарларни қайта ишлаш бўйича хизматларга нисбатан солиқ суммаси ўрнини қоплашда қуйидагилар зарур :
- контракт (контрактнинг белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма нусхаси);
- товарларни чиқаришни амалга оширувчи божхона органининг товарларни ЎзР божхона ҳудудидан олиб чиқиш учун белгиси қўйилган БЮД;
- ЎзРнинг божхона ҳудудидан ўтказиш пунктида жойлашган божхона органининг товарлар белгиланган мамлакатга жўнатилганлигини тасдиқловчи белгиси қўйилган, товарга илова қилинадиган ҳужжатлар.
Ноль даражали ставка қўлланиши натижасида ҳосил бўлган ва қопланиши лозим бўлган солиқ суммасининг асосланганлигини тасдиқлаш учун солиқ тўловчи аризага солиқ тўловчига қоплаб берилиши лозим бўлган ҚҚС суммаси бўйича ҳисоб-китобни илова қилади .
Бунда товарларни экспортга жўнатиш ва жўнатилган товар учун тўловлар турли чет эл валютасида амалга оширилган бўлса, юклаб жўнатиш амалга оширилган санадаги чет эл валютасининг МБ курси бўйича миллий валютада (сўмда) қайта ҳисоблаб чиқишнинг ҳисоб-китобини илова қилади .