Хизматлар экспортига солиқ солиш

preview

Хизматлар экспорти бухгалтерларда талай саволлар туғдирмоқда. Buxgalter.uz илтимосига биноан “Норма” эксперти Олег ЦОЙ бундай хўжалик операцияларига солиқ солишнинг ўзига хос жиҳатларини тушунишга ёрдам берди:

- Ишлар (хизматлар) экспорти - бу Ўзбекистоннинг юридик ёки жисмоний шахси томонидан хорижий давлатнинг юридик ёки жисмоний шахси учун уларнинг бажарилиш (кўрсатилиш) жойидан қатъи назар, ишлар бажариш (хизматлар кўрсатиш) .

Ўз кучи билан хизматлар кўрсатишга (ишларни бажаришга) чет эл валютасида тузилган шартномалар:

  • ХМИ, донор мамлакатлар, хорижий давлатлар ҳукуматлари, бошқа норезидентлар маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон ҳудудида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича халқаро тендерларда иштирок этиш натижалари бўйича;
  • агар товар (иш, хизмат)лардан Ўзбекистон ҳудудида фойдаланилса, етказиб беришга норезидентлар билан тўғридан-тўғри битимлар шартида экспорт шартномаларига тенглаштирилади.

Ушбу шартномалар ҳақидаги маълумотлар ТСОЯЭАТга киритилиши керак .

СКда назарда тутилган преференцияларни инобатга олган ҳолда хизматлар экспортининг солиқ оқибатларини кўриб чиқамиз.

I. ҚҚС

Агар реализация қилиш жойи Ўзбекистон бўлса, хизматларни реализация қилиш бўйича айланма ҚҚС солиш объекти ҳисобланади .

Хизматларни реализация қилиш бўйича айланма – бу товарни реализация қилишдан фарқ қилувчи, қуйидагиларни ўз ичга олувчи ҳар қандай фаолият:

  • эвазга, яъни пуллик асосда хизматлар кўрсатиш;
  • бепул хизматлар кўрсатиш, шу жумладан мол-мулкни солиқ тўловчининг бепул фойдаланиши учун бериш. Агар бепул хизматлар кўрсатиш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқласа, у реализация қилиш бўйича айланмага киритилмайди .

Хизматлар экспорти:

  • агар реализация қилиш жойи Ўзбекистон ҳудуди бўлса, 15% ставка бўйича ҚҚС солинади. Хизматлар реализация қилиш жойини қандай аниқлаш СКнинг 241-моддасида кўрсатилган;
  • айрим хизмат турлари бўйича 0% ставка бўйича солиқ солинади ;
  • иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган бепул хизматлар кўрсатилган ҳолда ва ҚҚСдан озод қилинган айланмаларда ҚҚС солинмайди .

Эътибор беринг

Экспорт қилинадиган хизматларга тўғри солиқ солиш учун қуйидагиларни аниқланг:

1) хизматларни реализация қилиш жойини;

2) ҚҚСнинг ноль даражали ставкаси қўлланаётганлигини;

3) бепул хизматлар кўрсатиш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаганлигини;

4) хизматлар ҚҚСдан озод этилганлигини.

1. Хизматларни реализация қилиш жойи

Умумий қоидага биноан, башарти хизматларнинг харидори Ўзбекистон ҳудудида фаолиятни амалга оширса ёки турса, Ўзбекистон ҳудуди хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади .

Агар хизматларнинг харидори Ўзбекистон ҳудудида юридик шахсни, унинг филиалларини ёки ваколатхоналарини ёки жисмоний шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш асосида ҳақиқатда ҳозир бўлса, харидор республикада фаолиятни амалга оширади.

Агар хизматлар харидори давлат рўйхатидан ўтказилмаган тақдирда, унинг Ўзбекистон ҳудудида ҳақиқатда ҳозир бўлиши қуйидагилар асосида белгиланади:

  • юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида кўрсатилган жой;
  • уни бошқариш жойи;
  • унинг доимий муассасаси жойлашган ер -агар хизматлар ушбу ДМ орқали олинган бўлса;
  • жисмоний шахснинг яшаш жойи.

Эътибор беринг

Айрим хизмат турлари учун реализация қилиш жойи умумий қоида бўйича эмас, балки СКнинг 241-моддаси 3-қисми 1-10-бандларида кўрсатилган қоидалар бўйича белгиланади.

Масалан, хизматлар Ўзбекистон ҳудудида турган кўчмас мол-мулк билан бевосита боғлиқ бўлса, Ўзбекистон ҳудуди хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади. Хусусан, бу:

  • қурилиш, монтаж қилиш, қурилиш-монтаж хизматлари;
  • архитектура лойиҳасини ишлаб чиқиш, қурилиш фаолиятини тайёрлаш ва мувофиқлаштириш, архитектура ва қурилиш фаолияти устидан муаллифлик ва техник назорат билан боғлиқ бўлган хизматлар;
  • кўчмас мол-мулкка доир ишга тушириш-созлаш, таъмирлаш, реставрация қилиш ишлари, кўкаламзорлаштириш ишлари;
  • кўчмас мол-мулкни ижарага бериш .

Сиз кўрсатадиган хизматлар СКнинг 241-моддаси 3-қисмида келтирилган рўйхатда кўрсатилганлигини текширинг. Агар – кўрсатилган бўлса, хизматларни реализация қилиш жойини ушбу қоидалар бўйича белгиланг.

Агар хизматлар рўйхатда тақдим этилмаган бўлса, уларни реализация қилиш жойини умумий қоида бўйича, яъни - харидор фаолиятни амалга оширадиган ёки турган жой бўйича белгиланг.

Мисол
Хизматлар кўрсатиш жойи умумий қоида бўйича белгиланмайди
Корхона Ўзбекистон норезидентига Ўзбекистон ҳудудида телевидение, радио ва босма ОАВда реклама жойлаштириш хизматларини кўрсатди.
Хизматлар харидори Ўзбекистон ҳудудида фаолият кўрсатмайди ва турмайди. Бироқ ушбу хизмат тури реализация қилиш жойи умумий қоида бўйича белгиланмайдиган рўйхатга киради .
Реклама республика ҳудудида жойлаштирилганлиги боис, Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи бўлади. Хизматларни реализация қилиш бўйича айланмага 15% ставка бўйича ҚҚС солинади.

Агар хизматлар кўрсатиш асосий хизматларни реализация қилишга нисбатан ёрдамчи хусусиятга эга бўлса, уларни реализация қилиш жойи деб асосий хизматлар реализация қилинган жой эътироф этилади .

2. ҚҚСнинг ноль даражали ставкаси

Қуйидаги хизматларни реализация қилиш бўйича айланмага ҚҚСнинг ноль даражали ставкаси бўйича солиқ солинади:

Ўзбекистонинг божхона ҳудудида товарларни қайта ишлаш бўйича – қайта ишлаш маҳсулотларини Ўзбекистоннинг божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш шарти билан. Бироқ қайта ишлаш маҳсулотлари эркин муомалага чиқариш божхона режимига жойлаштирилса, уларга 15% ставка бўйича солиқ солинади ;

СКнинг 263-моддасида келтирилган халқаро ташишлар билан боғлиқ йўловчиларни, почтани ва багажни ташиш бўйича.

Эътибор беринг

Агар сиз қуйидаги хизматларни реализация қилиш бўйича айланмани амалга оширсангиз, ҚҚСни умумбелгиланган тартибда тўланг:

  • чет эл дипломатик ваколатхоналарининг ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарнинг расмий фойдаланиши учун, шунингдек ушбу ваколатхоналар дипломатик ва маъмурий-техник ходимларининг, шу жумладан улар билан бирга яшайдиган оила аъзоларининг шахсий фойдаланиши учун;
  • маҳсулот тақсимотига оид битим доирасида товарларни (хизматларни) сотиб олаётган солиқ тўловчилар томонидан, агар битимда ноль даражали ставка қўлланилиши назарда тутилган бўлса.

Ушбу тоифалардаги истеъмолчилар бўйича уларнинг аризаларига биноан тўланган солиқни қоплаш (қайтариш) йўли билан ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини қўллашнинг алоҳида тартиби назарда тутилган .

3. Иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган бепул хизматлар кўрсатиш

Бепул хизматлар кўрсатиш, башарти қуйидаги шартлардан бирига риоя қилинган тақдирда, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган деб эътироф этилади:

  • даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган бўлса;
  • шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ёхуд хизмат қилса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан алоқаси аниқ асосланган бўлса;
  • қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса .

Иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган бепул хизматлар кўрсатишга мисол тариқасида потенциал мижозлар учун кенг хабардор қилиш юзасидан реклама мақсадларида кўрсатилган хизматларни келтириш мумкин.

4. ҚҚСдан озод этиладиган хизматларни реализация қилиш бўйича айланмалар

Қуйидаги хизматлар бўйича айланма ҚҚСдан озод этилади:

  • СКнинг 243-моддасида кўрсатилган хизматлар, солиқ тўловчида тегишли лицензиялар ва бошқа рухсат этувчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, агар улар қонун ҳужжатларига мувофиқ талаб этилса;
  • СКнинг 244-моддасида кўрсатилган молиявий хизматларни;
  • СКнинг 245-моддасида кўрсатилган суғурта хизматларини.

Мисол учун, ХМИнинг қарзлари ва ҳукумат ташкилотларининг халқаро қарзлари ҳисобидан олинадиган хизматларни реализация қилиш бўйича айланма, агар қарз шартномасида уларни солиқдан озод этиш назарда тутилган бўлса, ҚҚСдан озод этилади .

Бундан ташқари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар айрим тоифадаги солиқ тўловчилар учун ҚҚС бўйича имтиёзларни назарда тутиши мумкин.

Эътибор беринг
Агар сизда ҚҚС солинадиган айланмалар ва ундан озод этиладиган айланмалар мавжуд бўлса, уларнинг ҳисобини алоҳида-алоҳида юритинг . Бу олинадиган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобга ўтказилиши лозим бўлган ҚҚС суммасини аниқлаш учун зарурдир.

5. ҚҚСни ҳисобга олиш

Агар ҚҚС солинадиган ўз хизматларингизни кўрсатиш учун сиз бошқа етказиб берувчиларнинг товарлари ва хизматларидан фойдалансангиз, уларнинг ҳисобварақ-фактураларида кўрсатилган ҚҚС суммасини ҳисобга олишингиз мумкин. Бу ноль даражали ҚҚС солинадиган айланмага ҳам татбиқ этилади .

Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайдиган хизматларни кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар ва Ўзбекистоннинг юридик шахслари ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга. Ҳисобга олиш мақсадида бундай хизматларни реализация қилиш бўйича айланма солиқ солинадиган айланмага тенглаштирилади.

Эътибор беринг

Агар сизда товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича солиқ солинадиган ва солиқ солинмайдиган айланмалар мавжуд бўлса, солиқ солинадиган айланмага тўғри келадиган солиқ суммасини ҳисобга олиш учун қабул қилинг.

Ҳисобга ўтказилиши лозим бўлган солиқ суммасини алоҳида-алоҳида усулда ва (ёки) мутаносиб усулда аниқланг .

Танланган усулни солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсатида мустаҳкамланг .

II. Фойда солиғи

Хизматларни экспортга реализация қилишдан олинган фойдага 0% ставка бўйича фойда солиғи солинади, агар:

  • товарларни (хизматларни) экспорт қилишдан олинадиган даромадлар жами даромаднинг 15%дан кўпроғини ташкил этса;
  • чет эл валютасида тўлов хизматлар кўрсатилган кундан эътиборан 180 календарь куни ичида келиб тушган тақдирда .

Агар сизда 0% даражали ставка ва бошқа ставкалар бўйича солиқ солинадиган айланмалар мавжуд бўлса, даромадлар ва харажатларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини қуйидаги усуллардан бири ёрдамида юритинг:

  • мутаносиб усул;
  • тўғридан-тўғри усул .

Алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш тартибини солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсатида акс эттиринг .

Хизматлар экспортидан олинадиган фойдани бошқа фаолиятдан олинадиган фойдадан алоҳида аниқланг.

Мисол
Даромадлар ва харажатлар ҳисобининг мутаносиб усули
Корхона ички бозорда ва экспортга хизматлар кўрсатади. Ҳисобот даври учун хизматларни реализация қилишдан олинган тушум ҚҚСсиз 540 млн. сўмни, шу жумладан экспортга – 216 млн. сўмни ташкил этди. Бошқа даромадлар бўлмади.
Чегириладиган харажатлар ушбу давр учун 360 млн. сўмни ташкил этди.
Экспортга хизматларни реализация қилишдан олинган тушумнинг улуши жами даромадда 40%ни (216 : 540 х 100) ташкил этди.
Экспортга хизматлардан олинган даромадлар жами даромаднинг 15%идан кўпроғини ташкил этиши боис, корхона экспортга хизматларни реализация қилишдан олинган фойда бўйича солиқнинг ноль даражали ставкасини қўллашга ҳақли.
Корхона даромадлар ва харажатлар ҳисобининг мутаносиб усулини қўллайди.
Экспорт билан боғлиқ чегириладиган харажатлар 144 млн. сўмни (360 х 40%) ташкил этади, бунда 40% - реализация қилишдан олинган тушумнинг умумий суммасида экспортга хизматларни реализация қилишдан олинган тушумнинг улушидир.
Экспорт бўйича 72 млн. сўм (216 – 144) миқдоридаги фойдага ноль даражали ставка бўйича солиқ солинади.

III. Айланмадан олинадиган солиқ

Хизматларни экспорт қилишдан олинган даромадлар, агар улар жами даромаднинг 15%идан кўпроғини ташкил этса, айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида жами даромаддан чегирилади .

Мисол
Айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базасини аниқлаш
1. Корхонанинг 2020 йил учун жами даромади 120 млн. сўмни, шу жумладан хизматларни экспорт қилишдан олинган даромад- 36 млн. сўмни (30%) ташкил этади. Айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базаси - 84 млн. сўм (120 – 36).
2. Корхонанинг 2020 йил учун жами даромади 120 млн. сўмни, шу жумладан хизматларни экспорт қилишдан олинган даромад- 10,8 млн. сўмни (9%) ташкил этади. Айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базаси - 120 млн. сўм.

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /uz/publish/doc/text163583_hizmatlar_eksportiga_soliq_solish