Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Кафолат муддати даврида эҳтиёт қисмларни бепул алмаштиришда ҚҚС юзага келадими
Ташкилот ускуналарни сотади. Харидор билан тузилган шартномага биноан сервис хизмати кўрсатиш бўйича бир йиллик кафолат муддати назарда тутилган. Шу жумладан - эҳтиёт қисмларни бепул алмаштириш эътиборга олинган. Бундай операцияга ҚҚС солинадими? Буни “Норма” эксперти Ирина АХМЕТОВА тушунтирди:
– Кафолатга доир мажбуриятларни бажарган ҳолда етказиб берувчи эҳтиёт қисмларни бепул алмаштиради. Товарни бепул бериш - бу ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш мақсадида реализация қилиш бўйича айланма . Шундай бериш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган ҳоллар бундан мустасно ҳисобланади.
Товарларни тўловсиз бериш қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда бирига риоя этилганда иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди деб эътироф этилади :
1) даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида товар берилган бўлса;
2) бепул бериш тадбиркорлик фаолиятини сақлаш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқлиги асослантирилган бўлса;
3) қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса.
Кафолат бўйича эҳтиёт қисмларни бепул алмаштиришда иккинчи ва учинчи шартлар бажарилади . Бинобарин, мазкур ҳолда у ҚҚС солиш мақсадида товарларни реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланмайди.
ҚҚС юзага келмаслиги боис, ЭҲФни расмийлаштириш шарт эмас. Унинг ўрнига бажарилган ишлар (кўрсатилган хизматлар) далолатномасини расмийлаштиринг. Унинг асосида алмаштирилган эҳтиёт қисмлар қийматини харажатларни ҳисобга олувчи счётларга киритинг ёки кафолатли хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш юзасидан захира ҳисобига ҳисобдан чиқаринг. Фойда солиғи ҳисоб-китобида захирани шакллантириш учун чегириладиган харажатларни аниқлаш тартиби СКнинг 316-моддасида белгиланган.