Олдинги йил учун ҚҚС бўйича қайта ҳисоб-китоб қандай топширилади

preview

Кўп бухгалтерларда нафақат 2020 йил учун, балки олдинги даврлар, масалан, 2019 йил учун ҚҚС ҳисоб-китобларини қайта топшириш билан боғлиқ қийинчиликлар юзага келди. Нима учун қайта ҳисоб-китоб жўнатилмаяпти ва тизим хато беряпти? Buxgalter.uz тушуниб олишга ёрдам беради.

Биринчидан, сиз ҳисобот шаклини танлашда хато қилган бўлишингиз мумкин. 2019 йилда ҚҚС бўйича электрон ҳисоботда иккита шакл назарда тутилган эди:

  • 10006_8 код билан ҚҚС ҳисоб-китоби, бунда 01.01.2019 й. дан 30.09.2019 йилгача тақдим этиш даври билан ҚҚСнинг 20% ставкаси акс эттирилган;
  • 10006_10 код билан ҚҚС ҳисоб-китоби, бунда 01.10.2019 по 31.12.2019 йилгача тақдим этиш даври билан ҚҚСнинг 15% ставкаси акс эттирилган.

Иккинчидан, олдинги йилларда ҚҚС ҳисоб-китоби йил бошидан бошлаб ўсиб борувчи якун билан тўлдирилганлигини унутган бўлишингиз мумкин.

Учинчидан, эҳтимол, сиз ўтган даврлар учун бир вақтнинг ўзида бир нечта қайта ҳисоб-китобларни топширгансиз ва нимадир тўғри бўлмаган. Қайта топширишнинг кетма-кетлигига риоя қилиш лозим. Мисол учун, агар сиз 2019 йилнинг март ойи учун ҚҚС қайта ҳисоб-китобини топширган бўлсангиз, барча ойларни бирин-кетин 2019 йилнинг март ойидан декабрь ойигача кетма-кет, кўрсаткичларни йил бошидан бошлаб ўсиб борувчи якун билан кўрсатган ҳолда қайта топширишга тўғри келади. Бунда ҳар бир кейинги ойни сиз олдинги ой учун қайта ҳисоб-китоб қабул қилингандан кейин қайта топширасиз.

Тўртинчидан, бугунги кунда агар қайта ҳисоб-китоблар ҚҚС бўйича солиқ солинадиган базани камайтириш томонга йўналтирилган бўлса, ДСҚ тизими уларни қабул қилмайди. Уларни қабул қилишлари учун, сиз солиқ органларини сизнинг маълумотларингиз тўғрилигига ишонтиришингизга – камерал назоратдан ўтишингизга тўғри келади. Камайиш томонга тузатиш киритилган тақдирда бошқа солиқлар билан ҳам худди шундай вазият юзага келади.

Тегишинча, бухгалтерларда адолатли савол туғилади: нима учун ДСҚ тизими солиқлар бўйича қайта ҳисоб-китобларни қабул қилади ва ҳатто дастлаб камерал назорат ўтказмасдан улар камайиш томонга ўзгарганда қабул қилмайди?

Эслатиб ўтамиз, амалдаги Солиқ кодекси нормаларига мувофиқ, солиқ органи солиқ тўловчи томонидан белгиланган шаклда тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас .

Агар солиқ тўловчи солиқ мажбурияти бўйича 5 йил – даъво қилиш муддати мобайнида – солиқ ҳисоб-китобида хатоларни мустақил равишда аниқлаган бўлса, у:

  • агар хато солиқ камайишига олиб келган бўлса, аниқлаштирилган ҳисоботни тақдим этиши шарт ;
  • агар хато солиқ суммаси ошишига олиб келган бўлса, уни тақдим этишга ҳақли .

Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботида солиқ суммаси камайиш томонга ўзгарса, аниқлаштирилган ҳисобот тақдим этилган кундан эътиборан:

  • ШКда (солиқ тўловчининг шахсий карточкасида) солиқ суммасининг оғиш қийматига камайиши акс эттирилиши керак;
  • ҳосил бўлган ортиқча тўланган солиқ суммаси ҳисобга олиниши ёки СКда белгиланган тартибда қайтарилиши лозим.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 29 май куни Камерал солиқ текширувини ўтказиш тўғрисида низом амалга кирди. Ушбу ҳужжатнинг 5-бандида қуйидагилар кўрсатилган: “Солиқ тўловчи томонидан илгари тақдим этилган солиқ ҳисоботига нисбатан тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси камайтирилганлиги сабабли, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этиш ҳолатлари бўйича ушбу солиқ тўловчида камерал солиқ текшируви ўтказилади. Камерал текширувни ўтказиш, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилган кундан эътиборан 3 кун ичида бошланади”.

Бунда камерал солиқ текшируви жараёнида солиқ органи солиқ тўловчидан (солиқ агентидан, учинчи шахсдан) ҳисобга олиш ҳужжатларини, тақдим этилган солиқ ҳисоботига ва ҳисобга олиш ҳужжатларига доир тушунтиришларни, шунингдек солиқ ҳамда йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш билан боғлиқ бошқа ахборотни сўраб олиши мумкин .

Шу тариқа, агар аниқлаштирилган ҳисобот даъво қилиш муддати доирасида топширилса, солиқ органлари уни қабул қилмасликка ҳақли эмас. Бу ҳақда батафсил бу ерда.

Эътибор беринг
Жорий йил учун қайта ҳисоб-китобларни топшириш чоғида энди уларнинг барчасини 10006_14 код билан ҚҚС ҳисоб-китобининг янги шакли бўйича – 4-илова “Харид қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри” ва 5-илова “Реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри” автоматик тарзда тўлдирилишини инобатга ҳолда топшириш зарурлигини эътиборга олинг.

Шу тариқа, агар сиз ҚҚС бўйича қайта ҳисоб-китоб топширсангиз, сизнинг контрагентингиз ҳам сиз билан бир вақтда уни тақдим этиши керак. Ҳар қандай ҳолатда сизлардан бирингизда ҚҚС бўйича солиқ солиш базасига камайиш томонга тузатиш киритилади. Мисол учун:

  • 1-контрагент – етказиб берувчи ҳисобланган ҚҚСни камайтиради, 2-контрагентда – харидорда олинган товарлар, хизматлар бўйича ҳисобга олинадиган ҚҚС камаяди ва бир вақтнинг ўзида реализация қилинадиган товарлар, хизматларга ҳисобланган ҚҚС ошади;
  • 1-контрагент – етказиб берувчи ҳисобланган ҚҚСни оширади, 2-контрагентда – харидорда олинган товарлар, хизматлар бўйича ҳисобга олинадиган ҚҚС ошади ва бир вақтнинг ўзида реализация қилинадиган товарлар, хизматларга ҳисобланган ҚҚС камаяди.

Демак, бу вазиятда камерал текширувдан ўтмасликнинг иложи йўқ. ҚҚС бўйича бундай қайта ҳисоб-китоблар сизда бўлмаслиги учун, шошилманг, барча кўрсаткичларни диққат билан тўлдиринг. Бунинг учун бу ерда, бу ерда ва бу ерда бизнинг ёрдамимиздан фойдаланишингиз мумкин.

Эътибор беринг

Сўнгги кунларда бухгалтерлар ҚҚС бўйича қайта ҳисоб-китобларни, ҳатто улар солиқ солиш базасини ошириш томонга йўналтирилган бўлса ҳам ва агар уларда “КТ қайта ҳисоб-китоби” тугмаси танланганда ҳам, жўнатиш имконсизлигига дуч келишмоқда. Тизим “45 – Ушбу даврда камерал солиқ текшируви ўтказилган ва қайта ҳисоб-китоб бўйича ҳисоботлар жўнатилган” коди билан хато бермоқда.

Афтидан, ДСҚ тизимига ҚҚС бўйича қайта ҳисоб-китоблар қисмида яна қандайдир ўзгартиришлар киритилмоқда, шу боис қайта ҳисоб-китоблар ҳозирча қабул қилинмаяпти. Озгина кутиш лозим, деб ўйлаймиз. Бу борада ДСҚ мутахассисларидан ахборот кутиб қоламиз.

Татьяна ЛИМАРЕВА

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /uz/publish/doc/text160893_oldingi_yil_uchun_qqs_buyicha_qayta_hisob-kitob_qanday_topshiriladi