Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Олиб кириш ва олиб чиқиш операциялари ҚҚС бўйича имтиёзли айланмага тенглаштирилдими?
Август учун ҚҚС ҳисоб-китобида БЮД асосида (ЭК-11 реэкспорт режими) олиб кириш ва олиб чиқиш операциялари (98 тури) имтиёзли айланма сифатида ўтди. Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:
– Эслатиб ўтаман, солиқ тўловчиларнинг сўровига Молия вазирлиги СКнинг 277-моддасига ҳавола берган ҳолда, 98 тури бўйича ҚҚС йўқ, бинобарин, ҳисобга олиш ҳуқуқи ҳам мавжуд эмас, деб жавоб берган. Шу билан бирга, ДСҚ жамоатчилик фикрига муносабат билдирганига қарамай, ушбу операцияларнинг солиқ маъмуриятчилигида ҳануз муаммолар сақланиб қолмоқда.
Июль ойида БЮД асосидаги 98 тури операцияларига солиқ ҳисоботи дастури автоматик тарзда ноль даражали ставка бўйича солиқ солган, у ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқини беради. Бу нотўғри бўлган, сабаби СКда бундай айланмалар 0% ставка бўйича солиқ солинадиган айланмалар сифатида белгиланмаган.
Энди, солиқчилар ҳисобот шаклига тузатиш киритганларидан сўнг, август учун ҳисоботларда БЮД асосидаги бундай айланмалар ҳисоботдан имтиёзли айланма сифатида ўтади. Бироқ СКнинг 277-моддасига мувофиқ ҚҚС мазкур ҳолда йўқ, шу боис ушбу айланмаларни имтиёзли айланмалар жумласига киритиш – нотўғри.
Солиқ қўмитасида менга тушунтиришларича, электрон ҳисобот шакллари 25.04.2022 йилдаги ПФ-115-сон Фармонга мувофиқ созланган. Унда белгиланишича, товарлар экспорти учун Ўзбекистон қонунчилиги билан белгиланган божхона йиғимлари ставкалари, имтиёзлар, преференциялар ва экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича бошқа чоралар, шу жумладан темир йўлда ташиш тарифлари, субсидиялар ва компенсациялар "реэкспорт" божхона режимида олиб чиқиладиган қайта ишлаш маҳсулотларига ҳам татбиқ этилади. Бироқ ПФни бундай талқин қилиш – хато, чунки СКнинг 277-моддасига мувофиқ, 98 тури операцияларида ҚҚС йўқ, тегишинча, ҳисобга олиш ҳуқуқи мавжуд эмас. Қандай қилиб мавжуд бўлмаган солиқ учун имтиёз ёки преференция бериш мумкин?
Электрон ҳисоботлар дастурини созлашнинг июль ва август вариантлари хатолар учун шароитлар яратади. Агар июлда бюджет муайян суммаларни ололмаган бўлса, солиқ маъмуриятчилигидаги августдаги “ноаниқликлар” солиқ тўловчи ҳамёнига зарар келтиради.
Солиқ органлари юзага келган вазиятни яна бир бор қайта кўриб чиқишлари керак деб ҳисоблайман. Солиқ ҳисоботи шакллари шундай ишлаши лозимки, ҳам давлат бюджетининг, ҳам солиқ тўловчининг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя қилиниши лозим. Бунда қонунчилик талаблари бузилмасин.
Агар солиқчилар учун ушбу операцияларни ҳисоботларда кўриш муҳим бўлса, уларни алоҳида сатрга ажратиб, маълумот ахбороти сифатида кўрсатиш зарур. Яъни ушбу рақамлар солиқни ҳисобга олишга ҳам, солиқ базаси ҳисоб-китобига ҳам таъсир кўрсатмаслиги керак.
Умид қиламанки, сентябрь учун солиқ тўловчилар ҳисоботни барча келтирилган далилларни ҳисобга олган ҳолда топширишлари мумкин бўлади.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади