Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қандай қилиб ҚҚС тўловчиси айланмадан олинадиган солиққа ўтиши мумкин
ҚҚС тўловчиси айланмадан олинадиган солиқ тўлашга ўтишга қарор қилди. Ушбу ўтишни қандай тўғри расмийлаштиришни buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ ҚҚС маъмурчилиги бошқармаси катта солиқ инспектори Фазлиддин ШАМСИЕВ тушунтирди:
- Агар, сўнгги календарь йил давомида солиқ тўловчининг солиқ солинадиган айланмаси ҳажми 1 млрд сўмдан ошмаган бўлса у солиқ органларига ҚҚС тўловчилар рўйхатидан ихтиёрий тартибда рўйхатдан чиқариш тўғрисида ариза билан мурожаат қилишга ҳақли. Бундай ариза йил тугаганидан кейин 5 кун ичида тақдим этилиши зарур .
Бундай ариза асосида солиқ тўловчи СКнинг 461-моддасига мувофиқ айланмадан олинадиган солиқни тўлаш ҳуқуқига эга бўлади.
Эътибор беринг - Солиқ кодекси ҳеч қандай ҳолатларда айланмадан олинадиган солиқ тўлашлари мумкин бўлмаган шахслар доирасини белгилайди . Улар жумласига қуйидагилар киради:
1) Ўзбекистоннинг божхона чегараси орқали товарларни олиб киришни (импортни) амалга оширувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга;
2) акциз солиғи тўланадиган товарларни (хизматларни) ишлаб чиқарувчи ва фойдали қазилмаларни кавлаб олишни амалга оширувчи юридик шахсларга;
3) юридик шахслар - қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига, башарти уларда 50 гектар ва ундан ортиқ суғориладиган қишлоқ хўжалиги экин майдони мавжуд бўлса;
4) бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қилишни амалга оширувчи юридик шахсларга;
5) лотереяларни ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахсларга;
6) оддий ширкат ишларини юритиш ўз зиммасига юклатилган ишончли шахсга - оддий ширкат шартномаси доирасида амалга оширилаётган фаолият бўйича;
7) бўш турган бинолар, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар ва қурилиши тугалланмаган объектлар, шунингдек фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдори бўлган юридик шасхларга, улардан самарасиз фойдаланилаётганлиги бўйича қонунда белгиланган тартибда хулоса киритилганда;
8) марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан объектларни (жорий ва капитал таъмирлаш бундан мустасно) қуришни бажарувчи юридик шахсларга;
9) алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пивони чакана сотиш бўйича турғун савдо шахобчаларига;
10) бозорларга ва савдо комплексларига.
Хабарнома (ариза) шакли солиқ тўловчининг шахсий кабинетида мавжуд, бироқ ҳозирги вақтда ундан фойдаланиш имконияти йўқ. У айланмадан олинадиган солиққа ўтиш тўғрисида ариза берилган даврда, яъни 1 дан 5 январга қадар фаоллаштирилади.
Шаклни қуйидаги жойлардан бирида топиш мумкин, улардан бирини тўлдириш етарли:
1. “ҚҚC тўловчиси сифатида махсус рўйхатдан ўтказиш” интерактив хизматида январда “ҚҚС солиғидан воз кечиш” қўшимча менюси пайдо бўлади (2-скриншотда ушбу жой қизил билан белгиланган):
2. “ЮШ ҳисоботини жўнатиш” интерактив хизматида:
Таъкидлаб ўтаманки, Солиқ тўловчиларини қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сифатида махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 8-бандига асосан ариза йил тугаган пайтдан эътиборан 5 кун ичида жўнатилиши керак.
Ариза (хабарнома) асосида солиқ органларининг ҳудудий бошқармаси ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини бекор қилади ва шахсий карточкани тадбиркорлик субъекти ҳисобга олинган ДСИга топширади. Хабарнома жўнатилган пайтдан эътиборан 5 кун ичида солиқ тўловчи жорий йилнинг январидан бошлаб унинг ҚҚС тўловчиси рақами бекор қилинганлиги ва у айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси ҳисобланиши тўғрисида хабарнома олади. Бундай хабарнома олинган пайтдан эътиборан солиқ маъмурчилигининг барча масалалари бўйича ҳисобга олинган жойдаги ДСИга мурожаат қилиш зарур.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади