Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қандай қилиб ҚҚС тўловчиси рўйхат рақамини қайтариш мумкин
Нима учун солиқ органлари ҚҚС тўловчиси рўйхат рақамини бекор қилиши мумкин? Бу ҳолда қандай қилиб уни қайтариш мумкин?
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга ДСҚнинг ҚҚС маъмурчилиги бошқармаси катта инспектори Фурқат ҚЎШЧОНОВ жавоб берди:
- Солиқ тўловчини рўйхатдан ўтказилган ҚҚС тўловчиси рўйхатидан чиқариш, бинобарин, рўйхат рақамини ҳам бекор қилиш тўғрисидаги қарор солиқ органлари томонидан 02.05.2020 йилдаги 3232-сон Солиқ тўловчиларини қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сифатида махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 18-банди асосида қабул қилинади.
Хусусан, солиқ текширувлари ўтказиш доирасида қуйидагилар аниқланган тақдирда:
- банк операцияларининг хўжалик юритувчи субъект фаолияти хусусиятига ва турига, шунингдек харид қилинадиган ва реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) номенклатурасига мувофиқ эмаслиги аниқланган тақдирда;
- солиқ текшируви жараёнида, солиқ тўловчи томонидан битим тузишда кўзланган асосий мақсад ҚҚСни тўламаслик ёки уни ҳисобга олиш эканлиги ҳамда битим (операция) бўйича мажбурият шартнома тарафи бўлмаган шахс ёки битимни (операцияни) бажариш мажбурияти шартнома ёки қонун бўйича юклатилмаган шахс томонидан бажарилганлиги аниқланган тақдирда.
Шунингдек, солиқ тўловчи суд томонидан сохта тадбиркорлик билан шуғулланганлиги эътироф этилган тақдирда ҳам солиқ органи солиқ тўловчини ҚҚС тўловчиси рўйхатидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади.
Рўйхатдан чиқариш учун бошқа иккита асос ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ эмас. Агар, сўнгги календарь йил давомида солиқ тўловчисининг солиқ солинадиган айланмаси ҳажми 1 млрд сўмдан ошмаган бўлса, тадбиркор рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
Тадбиркорнинг фаолияти тугатилган тақдирда ҳам солиқ органи уни рўйхатдан чиқаради. Бундай қарор Тадбиркорлик субъектларини ягона давлат реестрига киритилган маълумотлар асосида қабул қилинади.
Солиқ тўловчининг рўйхатдан чиқарилганлиги ҳақидаги ахборот ДСҚнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади ва бундай қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан бир кун ичида солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилади.
Солиқ тўловчи текширув натижаларига биноан қабул қилинган қарор устидан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Эътибор беринг: ҚҚС тўловчиси рўйхат рақами бекор қилинган солиқ тўловчи ҚҚСни тўлиқ ҳажмда тўлашни давом эттириши шарт. Бироқ унинг контрагентлари тўловчининг рўйхат рақами тиклангунга қадар ҳисобга олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишади.
ҚҚС тўловчисининг рўйхат рақами қандай тикланади?
Биринчидан, агар рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги қарор аниқланган ҳуқуқбузарликлар натижасида қабул қилинган бўлса, солиқ тўловчи барча йўл қўйилган хатоларни тузатиши шарт.
Иккинчидан, солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ҚҚС тўловчиси сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисида ариза жўнатиш зарур.
Ариза солиқ органларига жўнатилган кундан эътиборан 5 кун ичида кўриб чиқилади. Шундан кейин ДСҚ солиқ тўловчи рўйхатдан ўтказилган санадан эътиборан 1 иш кунидан кечиктирмай унга шахсий кабинетга электрон шаклда гувоҳнома юборади, унда рўйхат коди кўрсатилади.
ДСҚнинг 02.05.2020 йилдаги 3232-сон қарорига мувофиқ қуйидаги солиқ тўловчилар мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказилади:
- товарларни реализация қилишдан олинган даромади солиқ даврида 1 млрд сўмдан ошган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар;
- Ўзбекистон ҳудудида товарларни (хизматларни) реализация қилувчи чет эл юридик шахслари, агар товарларни (хизматларни) реализация қилиш жойи деб Ўзбекистон эътироф этилса;
- фаолиятни Ўзбекистонда доимий муассасалар орқали амалга оширувчи чет эл юридик шахслари;
- оддий ширкат шартномаси (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома) доирасида амалга ошириладиган фаолият бўйича - оддий ширкатнинг ишларини юритиш вазифаси зиммасига юклатилган ишончли шахс - оддий ширкатнинг иштирокчиси;
- Ўзбекистоннинг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтувчи (импорт) юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар;
- акциз солиғи тўланадиган товарларни (хизматларни) ишлаб чиқарувчи юридик шахслар ва (ёки) фойдали қазилмаларни кавлаб олишни амалга оширувчи шахслар;
- юридик шахслар - қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари, башарти уларда 50 гектар ва ундан ортиқ суғориладиган қишлоқ хўжалиги экин майдони мавжуд бўлса ёки пахта хом ашёсини ишлаб чиқарувчилар;
- бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қилишни амалга оширувчи юридик шахслар;
- лотереяларни ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар;
- бўш турган бинолар, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар ва қурилиши тугалланмаган объектлар, шунингдек фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдори бўлган юридик шахслар, улардан самарасиз фойдаланилаётганлиги бўйича қонунда белгиланган тартибда хулоса киритилганда;
- марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан объектларни (жорий ва капитал таъмирлаш бундан мустасно) қуришни бажарувчи юридик шахслар.
Бинобарин, кўрсатилган шахслар рўйхат рақамидан маҳрум қилинган тақдирда улар имкон қадар тезроқ аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этишлари ва ҳисобга қўйиш учун ариза беришлари шарт.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади