Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қандай қилиб Soliq мобиль иловасида туристик саёҳат учун кешбэк олиш мумкин
“Чет элга тур сотиб олдик. Қийматига парвоз қилиш ва яшаш учун меҳмонхонага тўлов киради. Бизга QR-кодли чек беришди, лекин бизга 1% кешбэк бўлмайди, дейишди. Бу тўғрими?”.
Buxgalter.uz тушунтириди:
Туристик хизматлар учун кешбэк тўланиши белгиланган пунктга боғлиқ. Агар чет элга саёҳат қилсангиз, катта эҳтимол билан, сиз уни олмайсиз. Мамлакат бўйлаб саёҳат қилувчилар учун эса муайян туристик хизматлар учун Президентнинг махсус қарори билан кешбэк назарда тутилган ва гап каттагина сумма ҳақида бормоқда.
1. Агар чет элга саёҳат қилсак
Мазкур ҳолда кешбэк тўлаш бўйича махсус дастурлар мавжуд эмас. Бинобарин, Soliq мобиль иловаси ёрдамида тўланадиган, кешбэк ҳисоблашнинг умумий қоидаларига амал қилинг. Кешбэк чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларида харид учун тўланади , бундан қуйидаги харидлар мустасно :
- автомобиллар;
- авиа ва темир йўл чипталари;
- алоқа ва коммунал хизматлар;
- ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг маҳсулотлари (хизматлари).
Чет элга турларни реализация қилувчи туристик фирмаларнинг чеклари ҳақида ПҚ-5252-сон қарор ва Сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини жисмоний шахсларга қайтариш тартиби тўғрисида низомда ҳеч нарса айтилмаган. Амалиётда кўп ҳолларда кешбэк ҳисобланмайди. Туристик компанияларнинг вакиллари буни улар – фақатгина агент эканликлари билан тушунтиришмоқда. Улар фақат маслаҳат хизматлари кўрсатишади. Турнинг таркиби эса – бу бошқа компанияларнинг – авиаташувчилар (авиачипта учун кешбэк назарда тутилмаган) ва Ўзбекистонда солиқларни тўламайдиган чет эллик ҳамкорларнинг хизматлари.
2. Агар мамлакат бўйлаб саёҳат қилсак
Бу ҳолда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” махсус дастури амал қилади . Давлат сизга қуйидагиларни қайтаради:
- қуйидагилар қийматининг 15 фоизини:
– авиақатнов орқали бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизини, лекин 150 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
– темир йўлда бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизини, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
- жойлаштириш воситасида тунаб қолиш харажатининг 15 фоизини, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
- театр, музей, цирк ва бадиий галереяларга ҳар бир ташриф чиптаси нархининг 50 фоизи, лекин 20 минг сўмдан ошмаган миқдорда.
Кешбэк олиш учун Soliq мобиль иловасида “Туризм учун кешбэк” интерактив хизматидан фойдаланинг. Тегишли майдонларда қуйидагиларни кўрсатинг:
1) яшаш жойи (саёҳатга қаердан жўнаётганлигингиз);
2) белгиланган жой (қаерга кетаяпсиз);
3) давр (саёҳатнинг бошланиш ва тугаш санаси);
шунингдек, транспорт, меҳмонхоналар ва маданият муассасаларига чипталарга ҳақ тўлашда олинган барча чекларни рўйхатдан ўтказинг.
Кешбэк суммасини ички саёҳат якунланганидан сўнг Soliq мобиль иловаси орқали сизнинг банк картангизга ўтказиш мумкин.
3. Қандай қилиб туристик фирманинг чет эл тури бўйича хизматлари қийматидан кешбэк олиш мумкин
Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:
– Кешбэкнинг амалий мақсадларидан бири – солиқларнинг мамлакат бюджетига тўлиқ келиб тушишини таъминлаш. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури истеъмолчилар онлайн-НКМ чекларини талаб қилишларини, бундай чеклар бўйича суммалар эса – автоматик тарзда айланмадан олинадиган солиқ ва ҚҚС ҳисоб-китобларидан ўтиши ва шу тариқа солиқ солишда ҳисобга олинишини рағбатлантиради. Хусусан, давлатнинг мамлакат ичида саёҳат қилувчи фуқароларга белгиланган харажатлар қийматининг 50 фоизигача қайтаришга тайёрлиги шу билан тушунтирилади.
Чет элга саёҳатларнинг қиймати – ҳатто улар учун Ўзбекистон ҳудудида тўлов амалга оширилган тақдирда ҳам – авиачипталар (кешбэк мавжуд эмас) ва улар дам олишга жўнаётган мамлакатнинг туризм индустрияси объектлари хизматларидан шаклланади. Хизматлар кўрсатиш жойи – Ўзбекистон бўлмаганлиги боис, хизматлар ҚҚСсиз кўрсатилади. ҚҚСнинг келиб тушиши, маълумки – кешбэк тўлаш бўйича дастурни молиялаштиришнинг асосий манбаси. Шу боис чет эл турлари бўйича кешбэкни Soliq мобиль иловасида тўламаслик бутунлай мантиқли бўларди.
Фақатгина чет эл турлари қийматининг катта бўлмаган қисмидан Ўзбекистон бюджетига солиқлар тўланади, бу – туристик фирманинг агентлик мукофоти ва у томондан кўрсатилган маслаҳат хизматлари қиймати. Мен ушбу суммадан кешбэк тўламаган бўлардим, сабаби – “кўмакчи хизмат” деган тушунча мавжуд. Бироқ, бу борада ҳам Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитасининг расмий тушунтиришини олишни хоҳлардик, у туроператорлар учун фаолият кўрсатиш юзасидан қўлланма бўларди.
Ваколатли органнинг тушунтириши туристик компаниялар томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг мураккаблиги ва турли-туманлигини ҳисобга олган ҳолда тузилган бўлиши керак.
Агар расмий позиция чет элда турларни ташкиллаштириш бўйича хизматлар учун кешбэк тўланмаслигини назарда тутса, уни ПҚ-5252-сон қарорнинг 1-бандида ва Сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини жисмоний шахсларга қайтариш тартиби тўғрисида низомда акс эттириш лозим. Агарда давлат органи туристик саёҳатнинг муайян қиймати учун ҳар ҳолда кешбэк тўлаш керак, деб ҳисобласа, ушбу вазият учун чекларни тўлдириш қоидаларини ёзиш лозим.
Бугунги кунда туристик компаниялар аксарият ҳолларда чекларда хизматнинг номи сифатида “туристик хизматлар”ни кўрсатишади, моҳиятига кўра, бу ёзув – ҳеч нарса ҳақида. Агар 943-сон ВМҚга 1-илованинг 7-банди мазмунидан келиб чиқилса, камида, турнинг номини кўрсатиш ёки ҳеч бўлмаганда белгиланган пунктни аниқлаштириш лозим. Масалан, “Италия бўйича тур”, “Мисрга тур” ва ҳоказо. Агарда туристик фирма мижозга саёҳат қилишга ёрдамлашадиган хизматлар тўпламини кўрсатса, буни шундай ёзиш керак. Масалан, бориб-келиш авиачипталари (чет элда бўлиш пункти), меҳмонхонада яшаш (номи), қабул қилувчи туроператорнинг хизматлари (фирманинг номи), гиднинг хизматлари (Ф.И.Ш.) ва ҳоказо.
Бунда Солиқ қўмитаси туристик фирмаларга ушбу вазият учун МХИКнинг турли хил кодларини тушуниб олишларида ёрдам бериши мақсадга мувофиқдир.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади