Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ҚҚС ставкасининг ўзгариши ҳисобот тузишда қандай акс этади
1 октябрдан бошлаб ҚҚС ставкасининг ўзгариши муносабати билан бухгалтерларда юзага келган саволларга ДСҚнинг Солиқ солиш бўйича маслаҳат бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир АБДИЕВ жавоб беради.
- 2019 йил 1 октябрь ҳолатига ТМЗ ва узоқ муддатли активлар (АВ, НМА ва қурилиши тугалланмаган объектлар бўйича) қолдиқлари бўйича, башарти улар 20% ҚҚС билан харид қилинган бўлса, ҚҚС бўйича ҳисобга олишга тузатиш киритиш лозимми?
- Умумбелгиланган ҚҚС тўловчи томонидан 15% ставкага ўтишда 2019 йил 1 октябрга қадар харид қилинган ТМҚ ва узоқ муддатли активлар қолдиқлари бўйича ҳисобга олиш суммасига тузатиш киритилмайди.
- Солиқ ҳисоботини топширишда ҚҚС ставкасининг ўзгариши қандай акс эттирилади? Ҳисоботнинг иккита тўплами бўладими – январь-сентябрь учун ва октябрь-декабрь учун?
- Солиқ тўловчилар 2019 йил январь-сентябрь учун ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботини Молия вазирлиги ва ДСҚнинг 21.01.2019 йилдаги 3126-сон қарори билан тасдиқланган шаклларга асосан тақдим этади.
Ҳозирги вақтда 2019 йилнинг октябрь, ноябрь ва декабрь ойлари учун ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботига ҚҚС ставкасининг 20%дан 15%га туширилишини акс эттирилишини инобатга олувчи ўзгартиришлар киритилмоқда. Улар 2019 йилнинг 9 ойи ва 4-чораги учун алоҳида ҚҚС суммалари бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) реализацияси бўйича оборотларни акс эттиради.
- 1 октябрдан кейин солиқ солинадиган ва солиқ солинмайдиган оборотлар мавжуд бўлганда ҚҚС қандай ҳисобга олинади?
- Кирувчи ҚҚС суммаларини ҳисобга олиш тартиби ўзгармайди. Яъни, солиқ солинадиган оборот мақсадида фойдаланиладиган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚС суммаси уларни харид қилган пайтда амалда бўлган ставка бўйича ҳисобга олинади. Солиқ солинмайдиган оборот мақсадида фойдаланиладиган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича эса солиқ суммаси ҳисобга олинмайди, балки уларни харид қилган пайтда амалда бўлган ставка бўйича уларнинг таннархига киритилади.
- Илгари 20% ҚҚС билан реализация қилинган товар 1 октябрдан кейин қайтарилганда қўшимча ҳисобварақ-фактура ёзишда ҚҚС суммаларига қайси ставка бўйича тузатиш киритилади?
- Товарлар юклаб жўнатилган пайтда амалда бўлган ставка – 20% ставка бўйича тузатиш киритилади.
- Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура ўсувчи якун бўйича тўлдирилади. Ҳажмларни иккита ставка бўйича ажратиш лозимми? Шаклга ўзгартиришлар киритиладими?
- Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришда қуйидаги муддатларда бажарилган ишлар қийматини алоҳида сатр билан ажратиш лозим:
- 2019 йил 1 октябрга қадар 20% ставка бўйича ҚҚС ҳисоблаган ҳолда;
- 2019 йил 1 октябрдан кейин 15% ставка бўйича ҚҚС ҳисоблаган ҳолда.