Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси тикланганидан сўнг қачон “божхона ҚҚС”ни ҳисобга олиш мумкин
“ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси тўхтатиб турилди. Ушбу даврда ташкилот товарларни импорт қилди, божхона расмийлаштируви чоғида тўланган ҚҚС ҳисобга олмаган. Солиқ органлари томонидан аниқланган камчиликлар бартараф этилиб, гувоҳноманинг амал қилиши тикланганидан кейин СКнинг 4-моддаси асосида ҳисоботларни қайта топшириш йўли билан “божхона” ҚҚСни ҳисобга олиш мумкинми?”.
Молиявий ва солиқ маслаҳатчиси Феруза СУЛТОНОВА ўз фикрлари билан buxgalter.uz билан ўртоқлашди:
– ҚҚС тўловчиси гувоҳномасининг амал қилиши тўхтатиб турилган даврда “божхона” ҚҚСнинг ҳисобга олинмаганлиги қонун ҳужжатлари нормаларига мувофиқ келади .
Кейинчалик ҚҚСни ҳисобга олиш суммасига тузатиш киритиш масаласи товарлар айнан қачон сотиб олинганлиги ва божхона расмийлаштирувидан ўтказилганлигига боғлиқ – 2023 йил 1 январга қадар ёки кейин.
1-вазият. Корхона 2023 йил 1 январга қадар товарларни сотиб олди ва божхона расмийлаштирувидан ўтказди
Солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган муносабатларга нисбатан қўлланилади .
Сиз гувоҳнома тикланганидан кейин 2023 йил 1 январга қадар сотиб олинган товарлар бўйича солиқ суммасини ҳисобга олишингиз мумкин эмас. СКнинг 266-1-моддаси 30.12.2022 йилдаги ЎРҚ-812-сон Қонун билан жорий этилган ва 2023 йил 1 январдан кучга кирган. Тегишинча, мазкур норма 2023 йил 1 январдан кейин амалга оширилган операцияларга нисбатан қўлланилади.
2-вазият. Корхона 2023 йил 1 январдан кейин товарларни сотиб олди ва божхона расмийлаштирувидан ўтказди
СКнинг 266-1-моддаси 1-қисми асосида гувоҳномасининг амал қилиши тўхтатиб турилган, тугатилган ёки бекор қилинган солиқ тўловчи томонидан ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган (тўланиши лозим бўлган) солиқ суммаси – ҳисобга олинмайди.
Товарлар импорт қилинган тақдирда фақат ҳақиқатда тўланган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш мумкин .
Гувоҳнома қайта тикланганидан кейин ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган, бироқ ҳисобга олинмаган солиқ суммаси гувоҳнома тўхтатиб турилган санадан эътиборан солиқ тўловчида ва унинг харидорларида ҳисобга олинади (тузатилади) . Бунинг учун тузатиш киритиш ва ҚҚС бўйича ҳисоботни қайта топшириш лозим.
Бунда 2023 йилнинг февраль ойидан бошлаб корхоналар фақат my3.soliq.uzдаги “ҚҚС суммасига тузатиш киритиш” хизмати ёрдамида ҚҚСни ҳисобга олишга тузатиш киритиши мумкин.
Бунда солиқ тўловчиларда қандай мураккабликлар юзага келиши ҳақида биз бу ерда ёзганмиз:
Кўрсатилган вазиятлар бўйича регуляторнинг тегишли йўриқномалари ва тушунтиришлари ҳануз эълон қилинмаган.