Воситачи ҚҚСни қўшимча ҳисоблаш тўғрисидаги ДСИ талабномасига қандай жавоб бериши лозим

preview

Вазият: Ташкилот воситачилик шартномалари бўйича воситачилик хизматлари кўрсатади (ўз номидан ва комитент манфаатларини кўзлаб моддий бойликларни, бундан кейин – товарлар, сотиб олади), ҚҚС тўловчиси. 2019 йил май ойида комитент манфаатларини кўзлаб сотиб олинган ва воситачилик шартномаси асосида унга берилган товарлар суммасига ҚҚС ҳисоблаш тўғрисида ДСИдан талабнома олдик.

Ташкилотнинг позицияси: товар воситачилик шартномасига мувофиқ комитент манфаатларини кўзлаб сотиб олинганлиги боис товарнинг воситачидан комитентга берилишини ҚҚС солинадиган реализация қилиш обороти дея тан олиш учун ҳеч қандай асос йўқ. Тушунтириш мақсадида етказиб берувчи «Наврўз» МЧЖ ва комитент «Ҳикмат» МЧЖ билан амалга оширилган операциялар мисол қилиб келтирилган.

ДСИнинг кўрсатма берувчи хатига жавоб хати намунаси

 «___» ________ 2019 йилдаги ___-сон талабномангизга жавобан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Ташкилотимиз воситачилик шартномалари бўйича воситачилик хизматлари кўрсатади (ФКнинг 832-моддаси).

Воситачилик топшириғини бажариш мақсадида шартномалар, шу жумладан «Наврўз» МЧЖ билан қурилиш материаллари (товарлар) етказиб беришга шартномалар тузилган. Сўнг товарлар «___» ________ 2019 йилдаги ___-сон воситачилик шартномаси шартларига кўра комитент «Ҳикмат» МЧЖга берилган.

Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартибига (МВ ва ДСҚнинг қарорига 3-илова, АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ, воситачилик шартномаси бўйича комитент учун товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олинганда етказиб берувчи воситачи номига ҳисобварақ-фактура тақдим этади.

Воситачи комитент учун сотиб олинган товарлар бўйича етказиб берувчидан олинган ҳисобварақ-фактурадаги кўрсаткичларни акс эттирган ҳолда унга ҳисобварақ-фактура тақдим этади. Яъни етказиб берувчидан олинган ҳисобварақ-фактурани комитент номига ўз номидан қайта тақдим этади. Бунда «Етказиб берувчи» сатрида қўшимча равишда «Воситачи» деб кўрсатади. Комитент воситачидан олган мазкур ҳисобварақ-фактура комитент ҚҚСни ҳисобга олиши учун асос бўлади (Солиқ кодексининг 39-боби).

Шу тариқа, етказиб берувчи «Наврўз» МЧЖдан комитент «Ҳикмат» МЧЖ номига ҳисобварақ-фактураларни барча маълумотларни акс эттирган ҳолда қайта тақдим этганмиз. Бошқа етказиб берувчилардан олинган товарлар бўйича ҳисобварақ-фактуралар худди шундай тартибда комитент номига қайта тақдим этилган.

Ўз навбатида воситачилик шартномаси ва воситачилик ҳақи суммасига комитентга тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар асосида хизматлар кўрсатганлик учун корхонамиз Солиқ кодексининг 204-моддаси 15-қисмига риоя этган ҳолда белгиланган тартибда ҚҚС ҳисоблаган.

ҚҚС ҳисоб-китобида Етказиб берувчи-Воситачи-Комитент шартнома занжирининг ҳар бир тарафи ўз кўрсаткичларини акс эттирган:

  • Комитент («Ҳикмат» МЧЖ) Ҳисоб-китобга 4-илова – Харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестрида етказиб бериш қиймати ва ҳисобга олинадиган ҚҚСни акс эттирган;
  • Етказиб берувчи («Наврўз» МЧЖ) Ҳисоб-китобга 5-илова – Реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестрида товарни реализация қилиш оборотини акс эттирган;
  • Воситачи (корхонамиз) Ҳисоб-китобга 5-илова – Реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестрида воситачилик ҳақи суммасини акс эттирган.

ҚҚС бўйича камерал назоратни соддалаштириш учун Реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) реестрида (Ҳисоб-китобга 5-илова) белги қўйиб ёхуд «Воситачи» мақомини акс эттириш учун алоҳида устун ёрдамида ҚҚС тўловчиларнинг бундай занжирларини фильтрлаш имконини назарда тутишни тавсия этамиз.

Тақдим этилган ахборотдан келиб чиқиб, ҚҚСни қўшимча ҳисоблаш тўғрисидаги талабнома амалдаги қонунчиликка мувофиқ эмас деб ҳисоблаймиз.

Маълумотларни тасдиқлаш мақсадида ушбу хатга қуйидаги ҳужжатларнинг нусхаларини илова қилмоқдамиз:

  • «Ҳикмат» МЧЖ билан тузилган воситачилик шартномаси;
  • «Наврўз» МЧЖ билан тузилган етказиб бериш шартномаси;
  • «Наврўз» МЧЖдан олинган ва «Ҳикмат» МЧЖга берилган товарлар бўйича ҳисобварақ-фактуралар;
  • воситачилик ҳақи суммаларига «Ҳикмат» МЧЖга тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар.

 

Ҳурмат билан,

корхона директори                _______________________                     (Ф.И.О.)

 

Хат намунасини

бош бухгалтер Акбар Шоисломов тайёрлади.

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /uz/publish/doc/text150874_vositachi_qqsni_qushimcha_hisoblash_tugrisidagi_dsi_talabnomasiga_qanday_javob_berishi_lozim