Касса техникаси учун 2D-сканер сотиб олиш шартми

preview

«Солиқ инспектори 2023 йил 1 январгача бизнинг онлайн-НКМ учун 2D-сканер сотиб олишни талаб қилмоқда. Бироқ сотувчиларимиз усиз ҳам яхши ишлайдилар. Ушбу талабга риоя этиш қанчалик мажбурий?».

«Онлайн касса трейд» МЧЖ техник хизмат кўрсатиш маркази директори Рустам ЁҚУБОВ buxgalter.uz илтимосига кўра вазиятга ойдинлик киритди:

 

– Дарҳақиқат, 2023 йил 1 январдан бошлаб чакана савдони амалга оширувчи субъектлар ўз онлайн-касса қурилмаларининг қуйидагиларни мустақил ўқиш ва идентификациялаш имконини таъминлашлари шарт :

  • штрих-кодлар;
  • рақамли маркировка кодлари.

Бунинг учун назорат-касса техникаси 2D-сканер билан жиҳозланган бўлиши керак.

Онлайн-НКТ моделлари 2D-сканер билан жиҳозланмаганлар уни харид қилишлари шарт.

Кассангиз техник жиҳатдан талабларга мувофиқ келса (сканер билан жиҳозланган бўлса), формал жиҳатдан сизга нисбатан ҳеч қандай эътироз билдирмасликлари керак. Бироқ сканер билан жиҳозлаш амалиётда қўллаш учун доим қулай бўлмаслиги мумкин:

  • биринчидан, одатда, ушбу сканер рақамли маркировкаланадиган маҳсулотларнинг барча ўрамларидаги Data Matrix ни ўқимайди. Масалан, сигареталарни сотишда муаммолар юзага келади. Бу ҳолда барибир қўшимча қурилма сотиб олишга тўғри келади, сабаби маркировкаланган маҳсулотни сотишда Data Matrix ни сканерлаш талабини эътиборсиз қолдира олмайсиз;
  • иккинчидан, кассада товарларни идентификациялаш учун штрих-кодлардан фаол фойдалансангиз, яъни кассада маҳсулотни излаш учун товарнинг ҳар бир ўрамида штрих-кодни сканерласангиз ҳам, ушбу сканер кўп ноқулайлик туғдиради.

Умуман олганда, ассортиментингизда мажбурий рақамли маркировкаланадиган маҳсулот бор-йўқлигидан қатъи назар, кассада 2D-сканердан фойдаланишни тавсия этаман. Сканер онлайн-НКМ маълумотлар базасида товарни штрих-код бўйича излашни анча осонлаштиради, харидорларга тез хизмат кўрсатишда ёрдам беради, ҳисобда хато ва ноаниқликларга йўл қўймаслик имконини беради.

Эътибор беринг

2D-сканерни 2023 йил 1 январгача харид қилсангиз, 04.10.2021 йилдаги ПҚ-5252-сон қарорнинг 3-бандида назарда тутилган имтиёздан фойдаланишингиз мумкин.

У сизга 2D-сканернинг ҳар бирини сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар суммасидан (битта қурилма учун 4 БҲМдан кўп бўлмаган миқдорда), ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ёки якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган ЖШДС суммаларини камайтириш ҳуқуқини беради.

Ушбу имтиёз билан кўпгина моделлар сизга текинга тушади.

 

Солиқ тури

Имтиёз қандай қўлланилади

Айланмадан олинадиган солиқ

Сотиб олинган қурилмалар қийматини (ҳар битта қурилма учун 4 БҲМдан кўп бўлмаган миқдорда) Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобининг 0701-сатрида кўрсатинг

Фойда солиғи

Сотиб олинган қурилмалар қийматини (ҳар битта қурилма учун 4 БҲМдан кўп бўлмаган миқдорда) Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 101-сатрида кўрсатинг  

Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган ЖШДС

Онлайн-НКМни сотиб олиш ва рўйхатдан ўтказиш чоғида имтиёз автоматик равишда қўлланилади.

Рақамли маркировкани ўқиш учун қурилмани сотиб олиш чоғида 04.10.2021 йилдаги ПҚ-5252-сон қарорнинг 3-бандида назарда тутилган имтиёзни қўллашни сўраб солиқ инспекциясига хабарнома йўллашни тавсия этамиз. Унда сотиб олинган қурилма номи ва унинг қийматини кўрсатинг

Чегириб ташланиши лозим бўлган сумма ҳисобот давридаги солиқ суммасидан кўп бўлиб чиқса, қолган имтиёз навбатдаги солиқ даврида қўлланилади.

Солиқ тўловчи имтиёз қўлланиладиган қурилмаларнинг ҳақиқий қийматини ҳужжатлар билан тасдиқлашга тайёр бўлиши керак.

Бу ерда батафсил ўқинг:

 Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.


Савдо ва овқатланиш Савдо ва овқатланиш Савдо ва овқатланиш /uz/publish/doc/text185650_kassa_tehnikasi_uchun_2d-skaner_sotib_olish_shartmi