Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Автокамерал натижалари бўйича хабарномаларни «ноавтокамерал» хабарномалардан қандай фарқлаш керак
Солиқчилардан хабарномалар келмоқда, уларда турли ҳуқуқбузарликлар, хатолар ва ҳоказо ҳақида сўз боради. Уларнинг ҳаммаси ҳам текширувдан олдинги таҳлил натижалари бўйича хабарномалар ҳисобланмайди. Текширувдан олдинги таҳлил хабарномаларига СКнинг 138-моддасига мувофиқ жавоб бериш – мажбурий. Бошқалари билан қандай йўл тутиш лозим?
Ушбу масалани солиқ маслаҳатчиси, “Tax Consensus” СМТ директори Ирода АББОСХОНОВА Солиқ қўмитаси мутахассислари ёрдамида тушунтирди:
Телеграм-каналда материалларимизни кузатиб боринг
Автокамераллар бир-биридан фарқ қилади
Биринчидан, фақат солиқ органларининг ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган автоматлаштирилган таҳлил текширувдан олдинги таҳлил (кейинги ўринларда – автокамерал) деб эътироф этилади. Солиқ қўмитаси томонидан алоҳида “Автоматик тарздаги камерал текширувдан олдинги таҳлил” АТни яратган. У my3.soliq.uz сайтидаги солиқ тўловчилар шахсий кабинетларининг “Хавф-хатарсиз бизнес” бўлимида жойлаштирилган.
Иккинчидан, солиқчилардан келадиган хабарнома, ҳатто хабарноманинг матнида бу автокамерал (текширувдан олдинги таҳлил) эканлиги ҳақида айтиб ўтилса ҳам, ҳар доим ҳам автокамерал натижаси ҳисобланмайди.
Автокамерал натижалари бўйича ҳақиқий хабарномани қандай фарқлаш мумкин?
Автокамерал натижалари бўйича хабарнома тизимда автоматик тарзда инсон омили аралашмаган ҳолда шакллантирилади ва хабарноманинг ўзида таҳлил амалга оширилган формуланинг рақами кўрсатилади. Формула рақами мавжуд бўлмаган хабарнома автокамерал натижалари бўйича хабарнома ҳисобланмайди.
Агар сиз қандай хабарнома олганлигингиз юзасидан шубҳалансангиз, солиқчиларга сўров юборган ҳолда, буни аниқлаштириб олинг. Солиқ органларига бундай мурожаат учун шаблондан фойдаланишингиз мумкин.
Солиқ органларига (хабарномани юборган бўлинма кўрсатилсин) Сизнинг 2024 йил “__” _________ даги __-сон хабарномангизга жавоб тариқасида. Солиқ кодексининг 138-моддаси 4-бандига мувофиқ “Текширувдан олдинги таҳлил - тақдим этилган солиқ ҳисоботини ва солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисидаги бошқа ахборотни солиқ органлари томонидан ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда, солиқ тўловчининг иштирокисиз ўтказиладиган автоматлаштирилган таҳлилдир”. Солиқ органлари томонидан ахборот тизимларидан фойдаланган тарзда ўтказилган автоматлаштирилган таҳлил натижаларига асосан ахборот my3.soliq.uz веб-сайтида “Хавф-хатарсиз бизнес” бўлимида “Автоматик тарздаги камерал текширувдан олдинги таҳлил” қўшимча саҳифасида акс эттирилади. Шуни қайд этамизки, сизнинг хабарномангизда кўрсатилган _____________________________ (қайси эканлиги кўрсатилсин) солиқ ҳисоботи маълумотларидаги тафовутлар ушбу Хабарноманинг 2-бандида айтиб ўтилган сайтда акс эттирилмаган. Баён этилганлар асосида қуйидагиларни сўраймиз: 1. Бизнинг манзилимизга юборилган солиқ ҳисоботига тегишли тузатишлар киритиш тўғрисидаги 2024 йил “__” _________ даги __-сон хабарнома Солиқ кодексининг 138-моддаси 4-банди талабларига мувофиқ келадиган текширувдан олдинги таҳлил натижаси ҳисобланишини тасдиқлашингизни. 2. Солиқ ҳисоботига тегишли тузатишлар киритиш тўғрисидаги 2024 йил “__” _________ даги __-сон хабарнома Солиқ кодексининг 138-моддаси 4-банди талабларига мувофиқ келадиган текширувдан олдинги таҳлил натижаси ҳисобланмаган тақдирда: а) Хабарномага иловадаги жадвалда келтирилган формулалар бўйича харажатлар суммаларини аниқлашда хатолар мавжудлигини эътиборга олишингизни. Масалан: ________ (марҳамат, ихтиёрингизга кўра битта далил келтиринг). б) Солиқ ҳисоботига тегишли тузатишлар киритиш тўғрисидаги 2024 йил “__” _________ даги __-сон хабарномани чақириб олишингизни. |
Автокамерал натижалари билан боғлиқ бўлмаган хабарномани олган солиқ тўловчида қандай мажбуриятлар юзага келади?
Солиқ қўмитаси мутахассисларининг фикри:
Солиқ тўловчидан ҳар қандай ҳолатда хабарномага жавоб бериши ва тафовутни асослаши талаб қилинади.
Шахсий фикрим:
Солиқ кодексининг 138-моддаси 7-қисмига асосан солиқ тўловчи фақат автокамерал натижалари бўйича хабарномага жавоб бериши шарт. Автокамерал натижалари ҳисобланмайдиган хабарнома бўйича талабларнинг бажарилмаганлиги солиқ тўловчида камерал солиқ текширувини тайинлаш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас. Бу камерал текширувни тайинлаш тартиб-таомилларининг бузилиши сифатида баҳоланиши керак.
Автокамерал бўйича хабарнома ва автокамерал натижалари ҳисобланмайдиган хабарнома натижалари рейтингга қандай таъсир қилади?
My3.soliq.uz сайтида “Хўжалик юритувчи субъектларнинг барқарорлик рейтинги” бўлимида 10-мезон бўйича фақат солиқ органларининг ахборот тизимида автоматик тарзда инсон омили аралашмаган ҳолда шакллантирилган натижалар ҳисобга олинади.
Автокамерал натижалари ҳисобланмайдиган хабарномалар рейтингда ва «Автоматик тарздаги камерал текширувдан олдинги таҳлил» тизимида ҳисобга олинмайди.
“Автоматик тарздаги камерал текширувдан олдинги таҳлил” тизимига киритиладиган формулалар қандай шакллантирилади?
Автокамерал тизимидаги формулалар мутахассислар томонидан коллегиал тарзда ишлаб чиқилади ва келишилади ҳамда Солиқ қўмитаси раҳбарияти томонидан тасдиқланади. Ҳар бир солиқ бўйича формулалар баён этилган алоҳида ҳужжат тасдиқланади, у синовдан ўтказилганидан сўнг ахборот тизимига киритилади ва https://my3.soliq.uz/legal/cabinet/avto-cameral?interactiveId да акс эттирилади.
Агар солиқ тўловчида формулалар бўйича таклиф ва фикр-мулоҳазалар бўлса, сиз уларни қуйидаги ҳавола бўйича юборишингиз мумкин: https://appeal-bot.soliq.uz/
https://my3.soliq.uz/legal/cabinet/avto-cameral?interactiveId да акс эттирилмайдиган ҳар қандай бошқа формулалар Солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланмаган.
Автокамералнинг амалдаги формулалари (уларнинг сони ҳозирги вақтда 506 та) анча узоқ вақт Солиқ қўмитаси мутахассислари томонидан тузатилган ва такомиллаштирилган. Ўйлайманки, ҳозирги вақтда Қўмитанинг идоравий бўйсунувдаги бўлинмалари коллегиал тарзда маъқулланмаган ва тегишли синовдан ўтказилмаган ўз формулаларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмасликлари керак. Акс ҳолда улар ҳам Солиқ қўмитаси томонидан тузилган шу йўлдан ўтишлари ва якунда Солиқ қўмитаси томонидан жорий этиб бўлинган худди шу формулаларга келишларига тўғри келади.
Акс ҳолда вазият автокамерал учун тасдиқланган формула ҳисобланмаслиги маълум бўлган U = (P – Q – R – S – T) формуласи бўйича ҳисоблаб чиқарилган 2022 йил учун қўшимча фойда солиғи ҳисобланиши тўғрисидаги яқинда йўлланган хабарнома каби тус олиши мумкин. Бу ҳақда қуйидаги материалларда батафсил ўқиш мумкин:
- Нима учун текширувдан олдинги таҳлил формулалари такомиллаштирилиши лозим;
- 2022 йил учун қўшимча фойда солиғи ҳисобланиши тўғрисида хабарнома олганлар нимага эътибор қаратишлари лозим.
Қуйидагиларни ўқишни тавсия қиламиз
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади