Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Солиқ аудитига қандай тайёргарлик кўрилади?
2021 йил 20 апрелдан кейин эълон қилинган рўйхат бўйича корхоналарни солиқ аудитидан ўтказиш бошланади. Текширувга тайёргарлик кўришда бухгалтерлар нимага эътибор беришлари зарурлиги ҳақида ДСҚ солиқ назорати методологияси ва сифатини баҳолаш бошқармаси инспектори Лола МАМАТХОЖАЕВА гапириб берди:
- Солиқ аудити - солиқ текшируви турларидан бири - муайян даврдаги солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши ва тўланишини текширишни назарда тутади .
Солиқ органи солиқ аудити ўтказилиши бошланишидан камида 30 календарь кун олдин солиқ тўловчига унинг ўтказилиши тўғрисида хабарнома юборади, унда бошқалар қаторида, қуйидагиларни маълум қилади:
- солиқ аудитининг бошланиш санаси;
- текширилиши лозим бўлган масалаларнинг рўйхати;
- зарур ҳужжатларнинг дастлабки рўйхати;
- солиқ аудитини ўтказиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар.
Солиқ аудитини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини махсус Низом тартибга солади.
Солиқ аудитига пухта тайёргарлик кўриш зарур. Асосий эътиборни қуйидаги масалаларга қаратинг.
1. Солиқ ҳисоб сиёсати
Солиқ солиш мақсадларидаги солиқ сиёсати - мажбурий ҳужжат бўлиб, қуйидаги ахборотни ўз ичига олиши керак:
- солиқ регистрларининг шакли ва уларни тузиш тартиби;
- унга риоя этилиши устидан масъул мансабдор шахслар;
- солиқ солиш мақсадларида алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш тартиби, агар бундай ҳисоб юритиш мажбурияти ушбу Кодексда назарда тутилган бўлса;
- фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш мақсадида сарфларни харажатлар сирасига киритиш ва ҚҚСни ҳисобга олишнинг танланган усуллари;
- хеджирлаш операциялари ва бошқа молиявий таваккалчиликларни ҳисобга олиш услубияти;
- активларнинг ҳар бир гуруҳи ва кичик гуруҳи бўйича амортизация нормалари ва ҳисоблаш усуллари .
Солиқ ҳисоб сиёсатини тузишга расман ёндашманг - уни пухта ишлаб чиқиш сизга текширувчилар олдида низоли вазиятларда ўз позициянгизни ҳимоя қилиш имконини беради.
2. Солиқ регистрлари ва ҳисоб ҳужжатлари
Солиқ аудити чоғида текширувчилар солиқлар ҳисоб-китоби ва уларни тўлаш, молиявий ҳисобот билан боғлиқ ҳужжатларни ўрганишади ва таҳлил қилишади. Шу боис бошланғич ҳужжатларнинг мавжудлиги ва тўлиқлигини, шу жумладан мажбурий реквизитлар тўлдирилганлиги, масъул шахслар имзолари ва муҳрлар қўйилганлигини (зарур бўлганда) олдиндан текширинг.
Солиқ регистрларини шакллантирувчи ҳужжатларни, шунингдек бухгалтерия ҳисобининг бошланғич ҳужжатларини олдиндан инвентаризация қилиш сизга текширув чоғида иш вақтини аҳамиятли тежаган ҳолда, сўралган ҳужжатларни тезкор тарзда тақдим этиш имконини беради.
Агар ҳужжатлар электрон шаклда расмийлаштирилса, солиқ тўловчи солиқ органларининг талабига кўра қоғоздаги кўчирма нусхаларини тақдим этиши шарт, бундан ЭҲФнинг ахборот тизимида рўйхатга олинган ҳисобварақ-фактуралар мустасно .
3. Солиқ ҳисоботи
Солиқ текшируви чоғида аниқланган солиқ ҳисоботидаги тафовутлар жарима санкцияларига ва корхонанинг мансабдор шахсларини қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликка тортишга олиб келиши мумкин.
Солиқ органларига тақдим этилган ҳисоб-китобларни текширинг ва агар хатоларни аниқласангиз, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини топширинг.
Агар сиз илгари тақдим этилган ҳисоб-китобларда ҳаққоний бўлмаган ёки тўлиқ бўлмаган маълумотларни ва (ёки) ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасининг камайишига (ўзгаришига) олиб келган хатоларни аниқлаган бўлсангиз, сиз аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этишингиз шарт.
Бироқ агар ушбу ҳолатлар солиқ суммасиниг камайишига олиб келмаган бўлса, бунда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш - бу сизнинг мажбуриятингиз эмас, балки ҳуқуқингиз. Мазкур вазиятда белгиланган муддат ўтгандан кейин тақдим этилган ҳисобот муддат бузилган ҳолда тақдим этилган ҳисобланмайди.
Агар сиз Ҳисоб-китобнинг ўзини тақдим этиш муддати ўтгунга қадар аниқлаштирилган Ҳисоб-китобни топширсангиз, охиргиси аниқлаштирилган Ҳисоб-китобни топшириш куни тақдим этилган ҳисобланади. Агарда аниқлаштирилган Ҳисоб-китоб солиқни тўлаш муддати ўтгандан кейин тақдим этилган бўлса, сиз бир пайтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этган тақдирда жавобгарликдан озод қилинасиз:
- аниқлаштирилган ҳисобот у ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси камайишига (ўзгаришига) олиб келган ҳолатлар солиқ органи томонидан аниқланганлигини ёки солиқ аудити тайинланганлигини билган пайтга қадар тақдим этилган бўлса;
- аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилгунга қадар у етишмаётган солиқ суммасини ва унга тегишли пеняларни тўлаган бўлса.
4. Ҳудудни кўздан кечириш, активлар ва мажбуриятларни инвентаризация қилиш
Солиқ аудити жараёнида солиқ органларининг мансабдор шахслари қуйидагиларни кўздан кечириш ҳуқуқига эга:
- текширилаётган шахснинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун фойдаланиладиган ҳудудларини ёки биносини;
- кўрсатилган объектлар тўғрисидаги аниқ маълумотларнинг текширилаётган шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатларга асосланган маълумотларга мувофиқлигини аниқлаш учун солиқ солиш объектларини .
Текширувчилар жойлашган жойи ва барча турдаги молиявий мажбуриятларидан қатъи назар, корхонанинг барча мол-мулки инвентаризация қилинишини тайинлашга ва ўтказишга ҳақли (шу жумладан - солиқ тўловчига қарашли бўлмаган, бироқ бухгалтерия ҳисобида қайд этилган, яъни масъулиятли сақлашда бўлган, ижарага олинган, қайта ишлаш учун олинган) бошқа турдаги мол-мулк, шунингдек, бирор-бир сабабга кўра ҳисобга олинмаган мол-мулк) .
Текширувга тайёргарлик кўриш учун, сиз солиқ аудити бошланишидан олдин ўзингизнинг активларингиз ва мажбуриятларингиз инвентаризациясини ўтказишингиз мумкин. Агар қандайдир тафовутлар аниқланса, уларни ўз вақтида ҳисобда акс эттиринг.