Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Солиқ қарзини сўндириш талабномасининг янги шаклига қандай муносабат билдирасиз
Солиқ тўловчида солиқ қарзи ҳосил бўлса, энди шахсий кабинетни очганда, иккита тугмали қалқиб чиқувчи ойнани кўради. Мовий рангдагиси - солиқ органлари хулосасига розиликни англатади, тўқ сариқ рангдагиси - солиқ тўловчи рози эмаслиги ва ўз позициясини далиллар билан ҳимоя қилиш ниятида эканлигини билдиради.
Бундай хабарларга тўғри муносабат билдириш ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА гапириб берди:
– “СКнинг III бўлимига мувофиқ биз солиқ мажбуриятларини улар юзага келган пайтдан эътиборан бажаришимиз шарт.
Агар солиқ тўловчида солиқ мажбуриятларини белгиланган муддатларда бажариш учун маблағлари етарли бўлмаса, у банкка тўлов топшириқномасини тақдим этади ва пул тушишига қараб уни амалга оширади. Бироқ солиқ органлари ҳам бундай вазиятда бекор туришмайди - талабномалар ва инкассо топшириқномаларини тақдим этишади.
Кўпинча солиқ тўловчи шахсий кабинетга йўлланган талабномаларни ўз вақтида ўқимайди. Солиқ органларининг инкассо топшириқномалари эса солиқ тўловчининг тўлов топшириқномаларини такрорлайди. Бундан қочиш учун, солиқ органлари солиқ тўловчи билан мулоқотнинг янги шаклини жорий қилишди.
Агар сиз солиқ қарзи мавжудлигига рози бўлсангиз, мовий рангдаги тугмага босинг, агар эътирозингиз бўлса - тўқ сариқ тугмага босинг.
Бунда ҳар қандай вазиятда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хат йўллаган ҳолда ўз ҳаракатларингизни тушунтиринг. Уни жўнатишни пайсалга солманг, буни тезроқ, иложи борича хабарнома келган куннинг ўзида амалга оширган маъқул.
Хатда нима учун бундай вазият юзага келганини ва солиқни тўлаш учун қандай чора кўраётганлигингизни қисқача тушунтиринг.
Агар сиз талабномаларга рози бўлмасангиз ҳам ўз позициянгизни баён этинг ва хатга тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаларини илова қилинг”.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади