Солиқларни тўлаш бўйича тўлов топшириқномаларида нима ўзгарди

preview

2020 йилдан кейин бухгалтерни энди нима биландир қўрқитиш мушкул. Шунга қарамай, ДСҚ томонидан солиқларни тўлаш бўйича тўлов топшириқномалари шаклларига киритилган навбатдаги янгиликлар кўпларни ташвишланишга мажбур қилди. Янгиликларни ҳисобга олган ҳолда қандай ишлашни buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ Бюджет даромадларини прогнозлаштириш бошқармаси катта инспектори Дина МЎМИНОВА тушунтирди:


- Ташвишланишга ҳожат йўқ, ҳаммасини илгаригидек қилиш керак. Солиқ тўловчининг шахсий кабинетида солиқни тўлаш учун тўлов топшириқномаси шаклини тўлдириш жараёнини кўриб чиқамиз.

Барча ўзгартиришлар ва янгиликларни ҳисобга олган ҳолда ҳужжатни шакллантириш учун шаклни тўлдиришда изчил равишда:

1) фильтрда “Солиқлар турини янгилаш” тугмасига босинг;

2) фильтрда у бўйича тўловни амалга оширмоқчи бўлган солиқ турини кўрсатинг;

3) шаклнинг қуйидаги майдонларини тўлдиринг: “Тўлов тури”, “Тўлов топшириқномаси № ва санаси”, “Суммаси”, “Суммаси сўз билан”.

Юқорида кўрсатилганлардан ташқари, барча бошқа майдонлар автоматик тарзда тўлдирилади. Уларда, илгаригидек, хатони олдини олиш учун ҳеч нарсага тегиш керак эмас.


Нима учун тўловдан сўнг “Шахсий карточкаларни солиштириш ва кўчирма далолатномаси”да тўлов амалга оширилган солиқ бўйича боқимонда бўлиши мумкин?

Бу иккита сабабга кўра рўй бериши мумкин:

  1. Тўлов топшириқномасини шакллантиришда сиз тўлов суммасини нотўғри кўрсатгансиз. Вазиятни тузатиш учун қўшимча солиқ тўланг. Мазкур солиқни тўлаш учун СКда белгиланган муддатда улгурмасангиз, пеня ва СОРЖга тўловни ҳам тўланг.
  2. Тўлов топшириқномасини шакллантиришда фильтрда “Солиқ турлари” майдонида солиқ нотўғри кўрсатилган. Бу, мисол учун, айланмадан солиқ тўловчи бир нечта фаолият турига эга бўлганда ва солиқни 100 (чакана ва улгуржи савдодан ташқари барча тармоқлар учун) коди ва 109 (улгуржи савдо корхоналари учун) коди билан тўлаганда рўй беради. Тўлов чоғида 100 коди ўрнига у беҳосдан 109 кодини кўрсатиши мумкин. Агар бу рўй берса, шахсий кабинетнинг махсус функционали ёрдамида пул маблағларини тўғри солиқ турига ўтказиш тўғрисида аризани расмийлаштириш зарур.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади