Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Нима учун ТД-40 да ҚҚС ҳисобга олишга “киритилмайди”
Тадбиркорлик субъекти декабрнинг сўнгги саналарида келган импорт товарни ТД-40 режимли БЮД билан расмийлаштирди, божхона ҚҚСни ечиб олди, ҚҚС бўйича ҳисоботда эса ушбу сумма ҳисобга олишга киритилмаган.
Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни Давлат солиқ қўмитаси ҚҚС бошқармаси бошлиғи Беҳзод ИСАҚУЛОВ тушунтирди:
– Товарларни (хизматларни) сотиб олувчи фақат электрон шаклда қабул қилинган ҳисобварақ-фактураларда акс эттирилган ҚҚС суммасини ҳисобга олишга ҳақли .
Товарлар экспорти бўйича божхона юк декларацияси ҳисобварақ-фактурани ўрнини босади .
ДСҚ ва ДБҚ ахборот тизимлари ўртасида ҳужжатларни алмашиш автоматик режимда амалга оширилади.
ТД-40 – бу тўлиқ бўлмаган божхона юк декларацияси. Агар декларант ёки божхона брокери ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра декларацияни тўлдириш учун барча зарур ахборотга эга бўлмаса, у товарни идентификациялаш имконияти бўлиши шарти билан берилади .
Тўлиқ бўлмаган БЮД қўлланилган ҳолда декларациялашда божхона органларининг зиммасига бажарилиши устидан назорат қилиш вазифаси юклатилган қонун ҳужжатларининг худди шу талаблари ва шартлари қўлланилади. Шу жумладан - лозим даражада тўлдирилган божхона юк декларацияси аввал бошда берилганидаги каби божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби қўлланилади .
Бироқ ТД-40 билан бўлган ҳолда ҚҚСни ҳисоблаб чиқаришнинг ҳаққонийлиги белгиланмаган, буни фақат товар ИМ-40 режимига жойлаштирилгандан кейин амалга ошириш мумкин. Шу боис ҚҚС ҳисоб-китобини автоматик тарзда тўлдириш тизими шундай созланганки, у ҳисобга фақат ИМ-40 режимига жойлаштирилган товарлар учун БЮДни қабул қилади.
Божхона кодексининг 56-моддасига асосан божхона тўловлари тўланган ва иқтисодий сиёсат чораларига, шунингдек қонунчиликда белгиланган бошқа талаб ва шартларга риоя этилган тақдирда товар ИМ-40 режимига жойлаштирилади ва Ўзбекистоннинг божхона ҳудудида эркин муомалада турган товар мақомини олади.
Катта қизиқиш уйғотадиган ҳодисада таърифланган вазият, қоидага кўра, етказиб бериш ойнинг сўнгги саналарида рўй берганда юзага келади. Декларант ёки божхона брокери товарни ИМ-40 режимига жойлаштириш учун зарур талабларни имкон қадар тезроқ бажариши керак.
Товар ИМ-40 режимига жойлаштирилгандан кейин, у автоматик тарзда ҚҚС ҳисоботида акс эттирилади ва ҳисобга олиниши мумкин.
Кўриб чиқилаётган вазиятда солиқ тўловчиларга ҚҚС ҳисоб-китобини топширишга шошилмасликни (у ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20 санасигача топширилган бўлиши керак) ва товарни ИМ-40 режимига жойлаштириш учун зарур талабларни имкон қадар тезроқ бажаришни тавсия қилиш мумкин.
Агар солиқ бўйича Ҳисоб-китобни топшириш пайтида товар ИМ-40 режимига жойлаштирилмаса, Ҳисоб-китобни қайта топширишга тўғри келади. Бу ҳолда бюджет зарар кўрмайди, шу боис ҳам солиқ тўловчига санкциялар қўлланмайди.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади