ЯТТ кирим/чиқим китобини қандай шаклда юритиши керак

preview

Якка тартибдаги тадбиркор ихтиёрий асосда 1С дастурида молия-хўжалик фаолияти ҳисобини юритади. У  кирим/чиқим китобини юритмаслиги мумкинми, сабаби бу ҳолда ёзувлар такрорланади? Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга ДСҚ якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ солиш бўлими бошлиғи Адҳам АБДУРАҲМОНОВ жавоб берди:


- СКнинг 392-моддасига асосан қатъий белгиланган миқдорда солиқ тўловчи якка тартибдаги тадбиркорлар даромадлар ва харажатларни ҳисобга олиш китобида даромадларни олиш билан боғлиқ бўлган даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиши шарт. Тегишинча, ЯТТ ушбу китобни ўзининг бутун фаолияти мобайнида юритиши керак.

Якка тартибдаги тадбиркорнинг (оилавий тадбиркорлик субъектининг) даромадлар ва харажатларини ҳисобга олиш китоби шакли ДСҚнинг 24.02.2020 йилдаги 3221-сон қарорига 4-илова билан тасдиқланган.

Якка тартибдаги тадбиркор китобни ҳисобга қўйилган жойдаги солиқ инспекциясидан сотиб олишлари мумкин.

Даромадлар ва харажатларни ҳисобга олиш китоби солиқ тўловчининг аризаси асосида солиқ ҳисобига қўйилган жойда рўйхатдан ўтказилган бўлиши керак.  Варақлари рақамланган, ип билан тикилган ва тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилган жойдаги инспекциянинг муҳри билан тасдиқланган бўлиши керак.

Агар тадбиркорда даромадлар ва харажатларини ҳисобга олиш китобини юритиш билан боғлиқ мураккабликлар ва муаммолар юзага келса, у ДСҚнинг (71)–244–97–49 телефон рақами орқали маслаҳат олиши мумкин.

Солиқ солинадиган даромадлар ва товар операциялари ҳисоби регистрлари якка тартибдаги тадбиркорда охирги ёзув киритилган пайтдан эътиборан 5 йил мобайнида сақланади.

Давлат солиқ қўмитаси СКнинг 79-моддаси 1-қисмига мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан даромадлар ва харажатларини ҳисобга олиш китобини электрон шаклда юритилиши имкониятини ишлаб чиқади. Тегишли функционални  my.soliq.uz сайтида ЯТТ шахсий кабинетларида амалга ошириш режалаштирилмоқда.


Олег ГАЕВОЙ тайёрлади