2020 йил учун давлат статистика ҳисоботлари шакллари тасдиқланди

preview

Улар Давстатқўмнинг қарорига илова қилинади ва қўмитанинг расмий сайтида жойлаштирилган.

Ҳисоботларда, тегишинча, 2019 йил учун (йиллик ҳисоботлар) ва 2020 йил даврлари учун маълумотлар акс эттирилади. Келгуси йилда иккита янги шакл жорий этилади:

1. 2019 йил охирига тугалланмаган қурилиш ҳолати тўғрисидаги ҳисобот (3-qurilish shakli) – бир марталик, икки йилда бир марта тақдим этилади. Топшириш муддати – 14 февралдан кечиктирмай. Ҳисоботни:

  • юридик шахслар ва уларнинг алоҳида бўлинмалари, қурилиш хўжалик бошқарув органларини қўшган ҳолда (кичик корхоналар, микрофирмалар, фермер хўжаликлари,  нотижорат корхоналар ва чет эл инвестициялари иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳларидан ташқари) - ўз жойидаги (туман, шаҳар) статистика бўлимига,
  • чет эл инвестициялари иштирокидаги лойиҳаларни амалга оширувчи гуруҳлар, белгиланган рўйхат бўйича идоралар – Давстатқўмга топширадилар.

2. Ходимларнинг лавозимлари ва касблари бўйича иш ҳақи тўғрисида 2020 йил апрель ойи ҳисоботи (1-IH shakli) – уни Давстатқўм тасдиқлаган рўйхат бўйича юридик шахслар ва уларнинг алоҳида бўлинмалари топширади. Ҳисобот апрель ойи учун бир марталик бўлиб, 29 майдан кечиктирмай топширилади.

Қурилиш-монтаж ишларига рухсатномалар 2019 йил 1 мартдан бошлаб бекор қилинганлиги (унинг ўрнига уларнинг бошлангани тўғрисида хабардор қилиш механизми жорий этилган) муносабати билан Қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга берилган рухсатномалар тўғрисида ҳисобот шакли (1-ruhsatnoma shakli) чиқариб ташланди. Шунингдек, 2020 йил учун умумий рўйхатда ёқилғи ва энергия сарфи тўғрисидаги ҳисобот ҳам мавжуд эмас (1-KB shakliga ilova (energo).

! Ҳисоботларнинг барча шакллари Интернет орқали eStat 3.0 дастуридан фойдаланган ҳолда электрон шаклда тақдим этилади.