2021 йил 1 январгача кимлар онлайн-НКМга ўтади ва солиқ имтиёзига эга бўлади

preview

2021 йил 1 январгача онлайн-НКМ ёки виртуал кассага ўтган тадбиркорларга ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи, ЯСТ ёки қатъий белгиланган солиқ суммасини ҳар бир онлайн-НКМни харид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар суммасига, бироқ БҲМнинг ўн бараваридан кўп бўлмаган миқдорга камайтириш ҳуқуқи берилади. Лекин ҳозирданоқ онлайн-НКМга ўта олмайсиз.

Ўзбекистонда қўллашга рухсат этилган Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар давлат реестрига ҳамда Техник хизмат кўрсатиш маркази (ТХМ) давлат реестрига дастлабки қайдлар киритилишини кутиш лозим.

2020 йил 1 январгача ўтишни якунлаши лозим бўлган тадбиркорлик субъектлари учун вазият мураккаблашади. Улар янги йил арафасида янги қурилмаларни танлаш, харид қилиш, ўрнатиш ва рўйхатдан ўтказиш билан овора бўлсалар керак.

Аввал ёзганимиздек, онлайн-НКМ ва виртуал кассалар Техник хизмат кўрсатиш марказлари (ТХМ) томонидан ДСХОда рўйхатдан ўтказилади. Бунинг учун сиз улар билан шартнома тузишингиз ва кадастр ҳужжатлари, бинонинг ижара шартномаси ёки унинг қисмларини электрон шаклда ёки қоғоз кўринишида тақдим этишингиз лозим.

ДСИ ҳужжатлар келиб тушган пайтдан эътиборан 4 соат ичида қурилмани рўйхатдан ўтказади. Рўйхатдан ўтганингиз ҳақидаги хабар шахсий кабинетга юборилади. Рўйхатдан ўтиш - бепул. Кейинчалик онлайн-НКМ ва виртуал кассани таъмирлаш, қайтадан созлаш ёки ҳисобдан чиқариш билан боғлиқ масалалар бўйича ТХМнинг техник кўмак хизматига мурожаат қилиш зарур.

ТХМни қандай танлаш керак?

Яқин кунларда ДСҚ сайтида ТХМ Давлат реестри жойлаштирилади. ТХМ сайтларида кўрсатиладиган хизматлар нархи ва бошқа муҳим ахборотлар мажбурий тартибда жойлаштирилади. Ҳар бир ТХМ онлайн-НКМ ва виртуал касса ишлаб чиқарувчиларнинг қайсилари билан ишлашини мустақил равишда белгилайди, уларда таклиф ва қийматлар турлича бўлади.

Онлайн-НКМ ёки виртуал касса

Онлайн-НКМ – бу қўлда ушлаш мумкин бўлган мустақил қурилма. Виртуал касса – бу компьютер дастури. Ушбу виртуал касса ўрнатилган қурилма НКМ функциясини бажариши мумкин.

Одатда интернет-савдода, таксида ҳамда товарлар ва хизматлар турғун бўлмаган шароитларда сотиладиган бошқа ҳолатларда виртуал кассадан фойдаланилади.

Бизнесингиз учун   онлайн-НКМ ёки виртуал кассанинг қайси бирини танлашни ўзингиз ҳал қилинг. Муҳими – қурилмангиз Ўзбекистонда қўлланилиши рухсат этилган қурилмалар давлат реестрига киритилган бўлиши лозим.

Ушбу рўйхат мунтазам равишда тўлдирилиб ва янгилаб борилади. Ундаги дастлабки позициялар яқин кунларда қўйилади. Унда фискал модули таниш маркалар ва моделларга кўзингиз тушса, ҳайрон бўлманг.  Ишлаб чиқарувчилар ўз вақтида ҳаракат қилиб, уларда онлайн режимини созлаш имкониятини таъминлашди.

Эътибор беринг: ҳар бир модел турли миқдордаги товарлар номлари билан ишлашга мўлжалланган. Бунда янглишманг, акс ҳолда қурилмага тегишли маълумотни киритишда муаммога дуч келишингиз мумкин.

Фойдаланувчилар учун йўриқнома ва ҳар бир модел имкониятлари ҳақида маълумотларни ишлаб чиқарувчилар ва ТХМ сайтларидан топиш мумкин.

Қачон ўтиш бошланади?

Фискал хотирали НКМдан онлайн-НКМ ва виртуал кассага ўтиш навбатингиз келгунига қадар фойдаланишингиз мумкин. График Президентнинг ПФ-5813-сон Фармони билан тасдиқланган.

  1. Биринчи бўлиб – 2020 йил 1 январгача – алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон, автомобилларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ ёқилғиси савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари янги технологияларга ўтишлари шарт.
  2. 2020 йил 1 августгача ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) 5 млрд сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари онлайн-НКМга ўтадилар.
  3. 2021 йил 1 январгача - ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) юз миллион сўмдан ошган ёки йил давомида ушбу чегаравий миқдорга етган тадбиркорлик субъектлари ўтадилар.

Умуман олганда жорий этиш 2022 йил 1 январга қадар якунланиши лозим.

Бунда сиз график бўйича ўз навбатингизни кутишингиз шарт эмас, ташаббус кўрсатган ҳолда ихтиёрий равишда ўтишингиз мумкин. Тақдим этиладиган имтиёзларни ҳисобга оладиган бўлсак, бу бизнесингиз учун ҳам фойдали бўлиши мумкин.

Муддат келиб қолди, бироқ санкциялар назарда тутилмаган

2020 йил 1 январга қадар онлайн-НКМ ва виртуал кассага ўтишни якунлаши лозим бўлганлар учун вазият мураккаблашади. ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» маркази мутахассислари реестрларда дастлабки қайдлар яқин икки-уч ҳафта мобайнида пайдо бўлишига ишонадилар. Тажриба лойиҳасини амалга ошириш пайтида 20 та маҳаллий ва хорижий онлайн-НКМ ва виртуал касса ишлаб чиқарувчилари улар билан яқиндан ҳамкорлик қилдилар. Ушбу босқичда улар ўз товарларини лойиҳага мослаштирдилар.

Онлайн-НКМ ва виртуал кассаларга қўйиладиган  техник талаблар тажриба лойиҳасини амалга ошириш учун қабул қилинган параметрлардан унча фарқ қилмайди. Фаолият юритаётган ТХМ ҳам бундан хабардор эдилар, бу уларга тайёргарлик учун имконият яратди.

Шунга қарамай, белгиланган муддатгача улгурмасак керак. Ҳозир ҳаммаси айтиб ўтилган реестрлар қачон пайдо бўлишига боғлиқ бўлиб турибди.

943-сон ВМҚда ўтиш муддатида улгурмаганлик учун санкциялар назарда тутилмаган. Бироқ бундай норматив талаб ва тасдиқланган ўтиш графиги мавжудлиги сабабли, улгуриш учун ҳамма имкониятларни ишга солиш зарур. Шуни ҳам унутмаслик керакки, бизни ишончлилик нуқтаи назаридан ҳам қатъий таҳлил қилишяпти, шу боис эътирозлар учун имконият яратмаслигимиз керак.

Нимани ҳисобга олиш зарур?

Онлайн-НКМ ва виртуал кассани қўллашда қуйидагилар талаб этилмайди:

  • операцияларни амалга оширадиган кассир томонидан назорат-касса дафтарини юритиш;
  • иш куни охирида НКМ бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олиш.

Ишга тушириш-созлаш ишларида ТХМ томонидан сизнинг онлайн-НКМ ёки виртуал кассангизга фискал модуль ўрнатилади. Ушбу модулни ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИТМ онлайн-НКМ оператори тақдим этади. ИТМ хизматларидан фойдаланишингизга тўғри келади, уларсиз тизимда ишлаб бўлмайди. Уларнинг қиймати – йилига 1 БҲМ.

Техник носозлик юз берса нима қилиш керак?

Интернет-алоқа таъминотидаги узилишлар савдони тўхтатиш учун сабаб бўла олмайди. Онлайн-НКМ ва виртуал касса 24 соат давомида автоном режимда ишлаши мумкин.      

 Олег ГАЕВОЙ.