Алкоголли маҳсулотлар бозорининг улгуржи корхоналарига янги солиқлар жорий этилмайди

preview

Молия вазирлиги алкоголли маҳсулотларнинг улгуржи савдоси билан шуғулланиш учун лицензияга эга корхоналарга  Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобварағига соф тушумнинг 5%ини  ўтказиш мажбуриятини юклайдиган норма юзасидан тушунтириш берди.

Шу кунларда Вазирлар Маҳкамасининг “Алкоголли маҳсулотлар билан савдо қилишни лицензиялаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига соф тушумнинг 5%ини  тўлаш тўғрисидаги норма улгуржи корхоналарга қўйиладиган асосий талаблар рўйхатига киритилган. Кўпчилик бу соҳада фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун янги солиқ жорий этилади, деб ҳисоблашди.

Молия вазирлигининг тушунтиришича, бу фикр нотўғри бўлиб, норма янгилик ҳисобланмайди. Улгуржи корхоналар Президентнинг 2019 йил 5 февралдаги ПҚ-4161-сон қарори билан бундай ажратмаларни ўтказиб келмоқда. Бунинг устига, шунга ўхшаш норма илгари ҳам амал қилган, фақат маблағлар «Ўзшаробсаноат» АЖни ривожлантириш жамғармасига ўтказилган.

Вазирлар Маҳкамасининг муҳокама қилинаётган қарори лойиҳаси бозорга хусусий капиталга эга иштирокчиларни жалб этишни кўзлайди. Ҳозирги вақтда унда фақат тўлиқ давлатга тегишли бўлган «Шаробсавдо» тизими корхоналари фаолият кўрсатмоқда.