Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Божхона омбори ҳудудида юк операциялари учун янги қоидалар
Божхона назорати остидаги товарларга нисбатан юк операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди . Ҳужжат 2021 йил 22 ноябрда кучга киради.
Низом қуйидагиларни белгилайди:
- божхона назорати остида етказилган товарлар бўйича юк операцияларини амалга ошириш тартиби;
- божхона омборларида бундай товарлар ҳаракати тизими;
- божхона омборида юк операцияларини амалга оширишда божхона омбори эгасининг ҳамда унинг ваколатли шахсининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари.
Божхона омбори ҳудудида божхона назорати остида турган товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини ташиш, юклаш, тушириш, қайта юклаш, уларнинг бузилган ўровларини тўғрилаш, уларни ўраш, қайта ўраш ва ташиш учун қабул қилишда божхона ходимлари иштирок этади.
Гап қуйидаги товарлар хусусида бормоқда:
- божхона омбори ҳисобланмайдиган жойга божхона омбори божхона режимида жойлаштирилиши назарда тутилган товарлар;
- қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ божхона ҳудудига олиб кирилиши ва божхона ҳудудидан олиб чиқилиши (муомаласи, фойдаланилиши ва тасарруф этилиши) тақиқланган ёхуд чекланган товарлар;
- Президентнинг ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида бериладиган лицензиялар ва рухсатномалар бўйича экспорт-импорт қилинадиган махсус товарлар;
- транзит тарзда олиб ўтиладиган товарлар;
- ҳарбий юклар, шу жумладан, қурол-яроғ, ҳарбий техника ва ўқ-дорилар, радиоактив материаллар;
- инсонпарварлик ёрдами, техник кўмак сифатида ва грантлар ҳисобидан олиб кириладиган товарлар;
- олиб кирилаётган Ўзбекистон миллий валютаси, валюта қимматликлари;
- ҳар қандай ҳолатдаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар ҳамда улардан ясалган буюмлар (хом,табиий) ва ишлов берилган шаклда, аффинланган, хом ашёлар, эритмалар, ярим тайёр маҳсулотлар, саноат маҳсулотлари, кимёвий бирикмалар, ломлар ва ишлаб чиқаришдан қолган чиқинди шаклида);
- маданий бойликлар.
Божхона омбори худудида ўтказиладиган юк операциялари лицензия талаблари ва шартлари асосида жиҳозланган видеокузатув тизими назорати остида божхона омбори эгаси ёки унинг ваколатли шахсининг иштирокида амалга оширилади.
Божхона омбори эгаси ёки унинг ваколатли шахси юкка нисбатан аниқлаган ҳар қандай тафовутлар ва номувофиқликлар тўғрисида божхона органини хабардор қилиши шарт. Мазкур товар тури билан барча операциялар қатъий Низомга 1-иловадаги схемага биноан ўтказилади.
Манбага қаранг.
Norma.uz материаллари асосида