Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Бухгалтер 2021 йил учун Давлат Фармонида нималарга эътибор қаратиши лозим
3 февраль куни Президент томонидан «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Фармон имзоланди. Унда бухгалтер нималарни эътиборга олиши лозим? Buxgalter.uz эътиборга олиниши лозим бўлган қуйидаги 17 та ҳолатни ҳисоблаб чиқди:
Тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар муддати узайтирилди:
Қуйидагиларнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилди:
1) туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳаларида фаолият юритаётган субъектларнинг ер ва мол-мулк солиғи бўйича 2021 йил 1 январь ҳолатига қарздорлиги тўланиши;
2) вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича 2020 йил 31 декабрь ҳолатига кўра мавжуд қарзига пеня ҳисобланишини тўхтатиш;
3) 19.03.2020 йилдаги ПФ-5969-сон Фармонга мувофиқ солиқ қарзини мажбурий ундиришга қаратиш чораларини кўрмаслик;
4) коронавирус пандемияси даврида тадбиркорлик субъектларига 2020 йил 31 декабрь ҳолатига қолдиқда турган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича берилган фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш);
5) солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётган кичик тадбиркорлик субъектларида солиқ аудити ўтказилишига мораторий (Фармоннинг 2-б.).
Пенсионерлар учун янгиликлар:
2021 йил 1 июндан бошлаб:
1) 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади;
2) 3 йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда улар бўйича аниқланган ортиқча тўловни ундириш бекор қилинади;
3) ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади;
4) пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланади ва тўланади;
5) пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар фуқаролар томонидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банклари филиалларида банк пластик карталарини очиш жараёнида ёки банк мобиль иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштирилади;
6) пенсияларни нақд пулсиз шаклда олувчи шахслар томонидан ҳар 6 ойда Пенсия жамғармасининг бўлимига келиш мажбурияти бекор қилинади;
7) пенсия ва нафақалар тўғри тайинланиши ҳамда тўланиши бўйича аниқланган ортиқча тўлов суммасининг 2021 йил 1 февраль ҳолатига бўлган қарздорлиги ҳисобдан чиқарилади (Фармоннинг 11-б.).
Энергия ресурслари импортини соддалаштириш мақсадида:
1) суюлтирилган газ импорти учун белгиланган божхона божи ва уни импорт қилиш учун талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар бекор қилинади;
2) 2021 йил 1 августдан бошлаб йирик корхоналарга электр энергияси ва табиий газни импорт асосида сотиб олиш ҳуқуқи берилади (Фармоннинг 14-б.).
Туроператорлар учун:
1) 2021 йил 1 мартдан 2022 йил 1 июнга қадар Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун қуйидаги харажатларнинг бир қисмини қайтариш механизми жорий қилинади:
- авиаташувчиларга – ички туризм йўналишларидаги авиақатновларда авиачипта нархининг 25%и;
- туроператор ва турагентларга – Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун ташкил этилган турлар юзасидан авиа ва темир йўл чипталари нархининг 15%и ҳамда жойлаштириш воситаларининг жойлаштириш бўйича хизматлари (меҳмонхона хизматлари) нархининг 10%и. Бунда, ушбу харажатларнинг бир қисмини қайтариш саёҳат амалга оширилган ҳудудлардаги жойлаштириш воситаларида камида бир кеча тунаб қолиш шарти билан тақдим этилади (Фармоннинг 13-б.).
«Солиқчи-кўмакчи» тамойили асосида:
1) ДСҚда фермер хўжаликларининг даромад ва харажатларини автоматик шакллантириш ва солиқ органларига юбориш имконини берувчи электрон тизимни 2021 йил 1 июлга қадар амалиётга жорий этиш чоралари кўрилади;
2) олдинги йил учун даромадлари камида 5 млрд сўмни ташкил этган тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари солиқ мониторингида иштирок этишга ҳақли бўлади (Фармоннинг 15-б.).
Саида ЖАНИЗОҚОВА тайёрлади.