Давлат органлари карантин бўйича саволларга жавоб берадилар – 11

preview

Бошқа шаҳарда ўтказиладиган тендерда қандай иштирок этиш мумкин? Қурилиш материалларини қандай сотиб олиш мумкин? Кун кечиришга маблағи етмаётган жисмоний шахсларга банклар томонидан кўмак кўрсатиладими? Бу ва бошқа саволларга жавоблар – buxgalter.uz нинг тўплам материалида.

 Жамолиддин ҚАЛАНДАРОВ, Қурилиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари:

– Карантин шароитида қурилиш материалларини қандай тартибда сотиб олиш мумкин?

– Барча ишлаб чиқарувчиларга ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифалари орқали мижозлари билан алоқа ўрнатиш ва қурилиш жойига маҳсулот етказиб бериш топширилган. Бу борада ишлар тўлиқ амалга оширилмоқда.

– Тошкентда яшайман. Навоий вилоятида ўтказиладиган тендер савдоларида иштирок этиш истагим бор. Карантин шароитида тендер ташкилотчисига таклифлар пакетини қандай етказиб беришим мумкин?

– «Ўзбекистон почтаси» АЖ хизматидан фойдаланинг. Бугунги кунда Қурилиш вазирлиги тизимида барча хизматлар рақамлаштирилаётганлигини таъкидлаб ўтаман. 1 июлдан лойиҳаларнинг тендер савдолари электрон шаклда ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Севара ЎРИНБОЕВА, Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари:

– Хусусий тиббиёт муассасаси раҳбариман. Коронавирус инфекциясига текширув тестини ўтказиш бўйича пулли хизматлар кўрсатсак бўладими? Агар мумкин бўлса, ким билан боғланишимиз лозим?

 – Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ нодавлат тиббиёт ташкилотларига 2020 йил 1 сентябрга қадар санитария-эпидемиология ҳолатини яхшилаш ҳудудий марказлари раҳбарлари билан тузилган шартнома асосида барча талабларга риоя этилган ҳолда, коронавирус инфекцияси лаборатория текширувлари бўйича пуллик тиббий хизматлар кўрсатишга рухсат берилади.

Тегишинча, санитария-эпидемиология ҳолатини яхшилаш ҳудудий марказларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Акмал НАЗАРОВ, Марказий банк жамоатчилик ва коммуникация сиёсати муносабатлари департаменти директори:

– Карантин сабабли вақтинча уйдаман. Кун кечириш учун етарли маблағим йўқ. Молиявий қийинчиликдан чиқиш учун банк картасига онлайн микроқарз олишим мумкинми?

– Жисмоний шахслар (мунтазам иш ҳақи оладиган) тижорат банкларининг мобиль иловалари орқали банк карталари ёрдамида онлайн-микроқарзлар олиш имкониятига эгалар.

Бундай хизматлар 11 та тижорат банклари орқали тақдим этилмоқда. Банкларнинг расмий сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва мобиль иловаларидан батафсил маълумот олиш мумкин.

АОКА материаллари асосида.

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text159465_davlat_organlari_karantin_buyicha_savollarga_javob_beradilar_-_11