ДСҚ 15% ҚҚСга ўтишнинг айрим масалаларига доир тушунтириш берди

preview

ҚҚС ставкасининг 20 дан 15 фоизга пасайтирилиши муносабати билан Давлат солиқ қўмитаси тушунтириш хати берди:

1. ҚҚС ставкасини қўллаш қисмида

2019 йил 1 октябрдан бошлаб реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича шартномалар тузилган ва улар бўйича тўлов амалга оширилган санадан қатъи назар ҚҚС ставкаси 15% миқдорида қўлланилади.

2. Товар-моддий захиралари (ТМЗ) қолдиқлари бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олиш қисмида

2019 йил 1 октябрдан бошлаб ҚҚС тўловчи 20% ставкадан 15% ставкага ўтишда 20% ставка бўйича сотиб олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича, шунингдек 2019 йил 1 октябрь ҳолатига ТМЗ, тайёр маҳсулотлар,  узоқ муддатли активлар қолдиқлари бўйича илгари ҳисобга олинган ҚҚС суммаси тузатилмайди.

Солиқ кодексида белгиланишича, ҚҚС бўйича ҳисобга олиш товарларни реализация қилиш бўйича солиқ солинадиган оборот, жумладан ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган оборот  мақсадида фойдаланиладиган, ҳақиқатда олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича тўланиши лозим бўлган (тўланган) солиқ суммалари бўйича амалга оширилади. Тегишлича, 2019 йил 1 октябрь ҳолатига ТМЗ, тайёр маҳсулотлар ва узоқ муддатли активлар қолдиқлари бўйича ҚҚС ставкасининг 20%дан 15%га пасайтирилиши муносабати билан қўшимча тузатишларни амалга ошириш лозим эмас.

2019 йил 1 октябрдан кейин ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг умумбелгиланган тартибига ўтишда ҚҚС суммаларини ҳисобга олиш қатъий равишда уларни расмийлаштириш пайтида амал қилган (амал қиладиган) ҳисобварақ-фактуралар бўйича амалга оширилади.

3. Узоқ муддатли активлар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш қисмида

ҚҚС тўловчилар учун узоқ муддатли активлар бўйича ҚҚСни ҳисобга олишнинг амалдаги механизми сақланиб қолмоқда.

Тадбиркорлик фаолияти доирасида фойдаланиладиган кўчмас мулк сотиб олинганда, барпо этилганда, устав фондига  ҳисса сифатида олинганда, солиқ тўловчи (олувчи) ҚҚС суммасини 36 календарь ой давомида тенг улушларда ҳисобга олишга ҳақли.

Асосий воситалар, бундан кўчмас мулк мустасно ва номоддий активлар сотиб олинганда, устав фондига ҳисса сифатида олинганда, солиқ тўловчи (олувчи) қўшилган қиймат солиғи суммасини 12 ой давомида тенг улушларда ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қурилиши тугалланмаган объект сотиб олинганда (барпо этилганда) солиқ тўловчи ҚҚС суммасини Солиқ кодекси 218-моддасининг тўққизинчи ва ўнинчи қисмларида назарда тутилган тартибда, уни фойдаланишга топширган пайтдан эътиборан ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади.

4. 2019 йил 1 октябрдан бошлаб 15 фоиз миқдоридаги ҚҚС ставкаси жорий этилиши муносабати билан солиқ ҳисоботларини тақдим этиш масаласи юзасидан.

Солиқ тўловчилар 2019 йил сентябрь ойи учун  ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботини Молия вазирлиги ва ДСҚнинг 21.01.2019 йилдаги 3126-сон қарори билан тасдиқланган шаклларга асосан тақдим этади.

2019 йилнинг октябрь, ноябрь ва декабрь ойлари учун ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботига ҚҚС ставкасининг 20%дан 15%га туширилишини ва 2019 йилнинг 9 ойи ва 4-чораги учун алоҳида товарлар (ишлар, хизматлар) реализацияси бўйича оборотларни ўсувчи якун бўйича акс эттирилишини инобатга олувчи ўзгартиришлар киритилади.

5. ҚҚС бўйича солиқ солиш базасини тузатиш тартиби.

Солиқ кодексининг 205-моддасида назарда тутилган ҳолларда ҚҚС бўйича солиқ солиш базасига тузатиш киритишда товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилиш пайтида амалда бўлган ҚҚС ставкаси қўлланади. Бунда Солиқ кодексининг 222-моддасига мувофиқ қўшимча ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади.