Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ДСҚ автоматик тарзда инкассо қўйишни бошлади
Солиқ қўмитаси солиқ қарздорлиги бўйича инкассо топшириқномалари тақдим этишни автоматлаштирди. Уларни энди ДСҚ марказий аппаратининг махсус дастурий маҳсулоти генерация қилади. Инкассо топшириқномаси қўйишдан олдин, солиқ тўлаш санасидан кейинги кундан кечиктирмай, солиқ тўловчининг шахсий кабинетига солиқ мажбуриятини бажариш зарурлиги тўғрисида талабнома келиб тушади.
Инкассо фақат иккита ҳолатда қўйилмайди:
1) белгиланган тўлов муддати етиб келгунга қадар солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда банк ҳисобварағига бажарилмаган солиқ мажбурияти бўйича тўлов топшириқномаси тақдим этилган бўлса;
2) бошқа солиқ тури бўйича ортиқча тўлови солиқ қарздорлигига тенг ёки уни ёпадиган миқдорни ташкил этса.
Эслатиб ўтамиз, СКнинг 115-моддасига асосан солиқ тўловчи банк ҳисобварағида пул маблағлари бор-йўқлигидан қатъи назар, Солиқ кодексда белгиланган тўлов муддатидан кечиктирмасдан солиқларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатувчи банкка тақдим этиши шарт. Ушбу нормани бузганлик учун жавобгарлик белгиланган .
ДСҚ матбуот хизматининг ахборот хабарини ҳавола бўйича кўришингиз мумкин.