Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ДСҚ бир томонлама ЭҲФ ҳақида “эслатма”ни эълон қилди. Қандай янгилик бор?
Бугун, 2021 йилнинг 10 сентябрида, август ойи учун бир томонлама ЭҲФ тақдим этишнинг сўнгги куни ДСҚ онлайн-НКМдан фойдаланган ҳолда бўнак тўловларини қабул қилишда ва тўловларни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан товарларни (хизматларни) реализация қилишда махсус касса чекларини шакллантиришнинг техник имкониятини яратиш устида ишлаётганлигини маълум қилди.
Buxgalter.uz ДСҚ ахборот хизматига бугун хўжалик юритувчи субъектлар бундай вазиятда қандай ҳаракат қилишлари лозимлигини тушунтиришни сўраб мурожаат қилди. Идора вақтинчалик йўриқномани тайёрлаётганлигини маълум қилди. Бундай батафсил расмий тушунтириш солиқ тўловчиларга текширув ҳолатига ўзларини эҳтиёт қилиш имконини берган бўларди. Ҳозирча тадбиркорлик субъектларига бир томонлама ҳисобварақ-фактураларни қўллаган ҳолда ишланган схема бўйича хавф-хатарларни бўйниларига олган тарзда ҳаракат қилиш қолади.
ДСҚ хабарининг бошқа муҳим жиҳатларига эътиборни қаратамиз:
- сотилган товарлар (хизматлар) учун тўловлар онлайн-НКМга кирим қилинган ҳолда чек тақдим этиш орқали қабул қилинганда ҚҚС ва айланмадан олинадиган солиқ ҳисоботида ушбу реализация суммаси автоматик равишда шаклланади;
- тўловлар эски намунадаги фискал хотирали НКМ орқали қабул қилинганда реализация бир томонлама ЭҲФ расмийлаштирилган ҳолда ҚҚС ва айланмадан олинадиган солиқ ҳисоботида шакллантирилади;
- эски намунадаги фискал хотирали НКМ орқали товарлар (хизматлар) реализация қилинганда расмийлаштириладиган бир томонлама ЭҲФда ҳар бир маҳсулот тури умумлаштирилган ҳолда алоҳида сатрда, унинг номи, МХИК, миқдори ва нархи кўрсатилиб тўлдирилади. Шу муносабат билан бир томонлама ЭҲФларда товарлар (хизматлар) рўйхатини МХИК билан алоҳида сатрларда кўрсатиш имконияти яратилди. Тадбиркорлик субъектлари амалга оширган реализацияларини Excel-файл орқали юклашлари мумкин;
- товарлар (хизматлар) ҳисобварақ-фактура тақдим этмаган ҳолда реализация қилинганда етказиб берувчи ҳар календарь ой якуни билан 1 марта умумлаштирилган ҳолда бир томонлама ЭҲФни шакллантиради.