Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ДСҚ норезидент юридик шахсларни масофадан туриб рўйхатдан ўтказади
ДСҚнинг расмий сайтида янги - «Норезидентларни рўйхатдан ўтказиш» хизмати ишга туширилди. Ушбу хизмат Ўзбекистонда биржа савдоларида иштирок этадиган норезидент юридик шахсларга Ўзбекистон солиқ органларида масофадан ҳисобга туриш имконини яратди.
Buxgalter.uz бу хизмат қандай ишлашини аниқлаштирди.
Янги хизматдан бу ерда фойдаланиш мумкин ва у айни пайтда тест режимида ишлаяпти. Фақат ушбу хизматга маъмурий регламент тасдиқланиши лозим.
Рўйхатдан қандай ўтиш мумкин?
1. «Рўйхатдан ўтиш» тугмасини босинг ва ариза шаклини тўлдиринг.
2. «Файлни қўшиш» тугмаси ёрдамида қуйидаги ҳужжатларни бириктиринг:
- норезидент юридик шахснинг муассаса жойлашган мамлакатда давлат рўйхатидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (солиқ тўловчининг шахсий рақами кўрсатилган ҳолда). Ҳужжат давлат тилига таржима қилинган бўлиши лозим;
- ваколатли шахснинг фуқаролик паспорти нусхаси;
- норезидент юридик шахс номидан Ўзбекистонда ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ваколатли шахснинг ишончномаси нусхаси ёки бошқа ҳужжатлар (улар мавжуд бўлганда) – ушбу ҳужжатлар давлат тилига таржима қилинган бўлиши лозим.
4. «Аризани юбориш» тугмасини босинг.
Ариза тақдим этилган пайтдан эътиборан 3 иш куни давомида солиқ органи томонидан кўриб чиқилади. Ариза бўйича ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, ариза берувчининг электрон почтасига СТИР берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома юборилади. Аризада ёки унга илова қилинган ҳужжатларда камчиликлар мавжудлиги аниқланган тақдирда, бу ҳақда ариза берувчига маълум қилинади. Ушбу камчиликлар бартараф этилганидан кейин ариза қайта топширилади.
Рўйхатдан қандай чиқиш мумкин?
«Рўйхатдан ўтиш» тугмасининг ёнида «Рўйхатдан чиқиш» тугмаси ҳам бор. Солиқ ҳисобидан чиқариш тўғрисидаги ариза ҳам 3 кун ичида кўриб чиқилади. Қуйидаги ҳолатларда ижобий қарор қабул қилинади:
- СКда белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаш мажбуриятлари тўлиқ бажарилганда ва солиқ қарзлари мавжуд бўлмаганда;
- биржа савдоларида иштирок этган чет эл юридик шахсларининг банк ҳисобварақлари ёпилганлиги МБ томонидан тасдиқланганда. Бу ҳақда ахборот МБ томонидан ДСҚга электрон шаклда юборилади.
Саида ЖОНИЗАКОВА тайёрлади.