ДСҚ тушунтиради: фойда солиғи бўйича аванс тўловларини талаб этиш қонунийми?

preview

Солиқ кодексининг 164-моддасига мувофиқ корхоналар рўйхатдан ўтган жой бўйича ДСХОга тахмин қилинаётган фойда ва шу чоракда тўлайдиган фойда солиғи тўғрисида маълумотномани тақдим этишлари шарт. Ушбу маълумотномани тақдим этиш муддати ҳам белгиланган - ҳар чоракнинг биринчи ойи 10-санасигача.

Ушбу маълумотномага асосан  солиқ базаси миқдори 44,7 млн.сўмдан юқори бўлса, хўжалик юритувчи субъектлар солиқ суммасининг 1/3 қисмини ҳар ойнинг 10-санасигача аванс тўлови тариқасида тўлашлари лозим.

Бундай мажбуриятларни бугунги кунда республикада 9241 тўловчилар амалга оширади.

Ушбу солиқ тўловчиларнинг 8671 таси (94%и) мажбуриятларини белгиланган муддатда бажариб келмоқда.

Бироқ, хўжалик юритувчи субъектларнинг 6% (570 та солиқ тўловчилар) 2019 йил йилнинг IV чораги учун фойда солиғи жорий тўлов маълумотномасида солиқ суммасини ўтган чоракларга нисбатан камайтириб кўрсатган ёки умуман кўрсатмаган.

Бу ўз навбатида, ишлаб чиқариш умуман тўхтатилди ёки товарлар реализация қилинмаяпти дегани. Аслида, таҳлилларга кўра, бундай ҳолатлар тасдиғини топмасдан, ушбу корхоналар ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Масалан, Андижон вилоятидаги "Водий гавҳари" корхонаси (номи ўзгартирилган) жорий йилнинг II чорагида 170,2 млн.сўм фойда солиғи тўлаган. Тахмин қилинаётган фойда тўғрисидаги маълумотномада III чоракда  аванс суммаси 12,0 млн.сўмни ташкил этди. II чоракка нисбатан сумма 158 млн.сўмга (170-12) камайтирилган.

III чоракда фойда солиғи суммаси камайтирилиши натижасида 1/3 қисмига июль, август ва сентябрь ойлари учун 5,5 млн.сўм пеня ҳисобланди.

Тошкент шаҳридаги “Юксак қурилиш” корхонаси (номи ўзгартирилган) жорий йилнинг II чорагида 215 млн.сўм фойда солиғи тўлаган. Хўжалик юритувчи субъект томонидан тақдим этилган шу йилнинг III чораги учун тахмин қилинаётган фойда тўғрисидаги маълумотномада  кўрсатилган фойда солиғи суммаси нолга тенг.

III чорак учун фойда солиғи тўланмаганлиги натижасида корхонага нисбатан кечиктирилган кунлар учун 7,3 млн.сўм пеня ҳисобланди. 

Шу каби корхоналарга солиқ органлари мурожаат қилса, “мен фолбинманми”, “нега келгусида оладиган фойдам учун солиқ тўлашим керак” каби асоссиз эътирозлар ҳам билдирилаётган ҳолатлар мавжуд.

Ҳурматли солиқ тўловчилар!

Ортиқча ҳаражатларнинг  олдини олиш учун шу йилнинг IV чораги учун юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича  аниқлаштирилган маълумотномаларни қайта кўриб чиқишингиз лозим.

Шу билан бирга, агар солиқ органлари вакиллари солиқ тўловларини муддатидан олдин асоссиз равишда бюджетга тўлашни талаб қилишса, сиздан бундай талабни бажармаслигингизни ва бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасининг ишонч телефонига (71 – 244 - 98-98) зудлик билан мурожаат қилишингизни сўраймиз.

 

ДСҚ матбуот хизмати.