ДМ билан боғлиқ бўлмаган норезидентларга даромадлар тўласангиз, ўқиб чиқинг:
Экспорт қийматини назорат қилиш тўғрисидаги лойиҳа қайси босқичда?
Март ойининг бошида ҚҲТБТ порталида Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилинадиган мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотларининг контракт қийматини мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилган эди.
Унинг моҳияти экспорт нархлари шакллантирилиши устидан назорат ўрнатишдан иборат эди. Мева-сабзавотларнинг 38 та позицияси ва тўқимачилик маҳсулотларининг 147 та позицияси бўйича «тавсия этиладиган» экспорт нархларини белгилаш, уларнинг 30%дан ортиқ пасайтирилишига йўл қўйганларга нисбатан чоралар кўриш таклиф қилинган эди. Лойиҳага шарҳимиз – бу ерда.
Ўқувчилар ушбу ташаббусга ўта салбий муносабат билдирдилар. Лойиҳа Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида яқинда ўтказилган давра суҳбатида муҳокама қилингани маълум бўлди.
«Давра суҳбати иштирокчилари мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотларининг экспорт нархларини мониторинг қилиш тўғрисидаги низом лойиҳасини танқидий таҳлилдан ўтказиб, экспорт қилувчилар учун бизнес юритиш шарт-шароитларига, охир-оқибат мамлакат ичидаги нархларнинг шаклланишига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бир қатор муҳим жиҳатларини қайд этдилар», – дейилади хабарда.
Ўз навбатида «Ривожланиш стратегияси» маркази вазирликлар, идоралар, бизнес-ҳамжамият ва ОАВ вакилларини лойиҳа муҳокамасига таклиф этди. Тадбир 29 март куни соат 14:00 да ўтказилиши режалаштирилган эди, бироқ у ўтказилмади. Матбуот анжумани нима сабабдан бекор қилингани ҳақида маълумот берилмади.
Айни пайтда ҚҲТБТ порталида лойиҳа матни йўқ («Not Found (#404)»). Давлат божхона қўмитаси – лойиҳани ишлаб чиқувчининг расмий сайтида айни дақиқада шу хусусда ҳеч қандай тушунтириш берилмаган.
Шу тариқа, лойиҳанинг ва умуман экспорт нархларининг шаклланиши устидан назорат механизмларини жорий этиш ташаббусининг кейинги тақдири номаълумлигича қолмоқда. Портал воқеаларнинг ривожини кузатиб бормоқда.