Ҳисобварақ-фактура бўйича тўлов – бу янги солиқ турими?

preview

Қонунчиликдаги бўшлиқлар, техник ва ташкилий тайёргарлик суст бўлганлиги туфайли бухгалтерлар  электрон ҳисобварақ-фактуралар, онлайн-НКМ ва виртуал кассалар амалда қўлланилишига оид кўп саволларга ҳанузгача жавоб тополмаяптилар. Улар электрон ҳисобот ва «Банк-мижоз» тизимини жорий этиш тажрибасини ёдга олишни ва қатъий белгиланган саналарда бирданига ўтишдан воз кечишни таклиф қилмоқдалар. Секин-аста ўтиш даври янги технологияларни ўзлаштириш имконини беради. Шунингдек унинг учун тўлов тўланиши кўпгина саволларни юзага келтирмоқда.

Босқичма-босқич ўтиш

Электрон ҳисоботга икки йил давомида ўтилган эди, бу даврда ҳеч кимга нисбатан санкциялар қўлланилмаган. Ҳар бир туман ДСИда ҳафталик амалий семинарлар ўтказилган, уларда бухгалтерлар солиқ ҳисоботи шаклларини тўлдиришда ўзларини синаб кўрганлар. Шунингдек, бундай муносабат тизимни техник жиҳатдан такомиллаштиришга имкон яратган. Натижада у барча учун қулай ҳисобот усулига айланган.

Бу тартиб-таомилни ЭҲФ ва онлайн-НКМга ўтишда ҳам қўллаш мумкин.

Маъмурий регламент зарур

ЭҲФни жўнатиш ва олиш хизматлари учун, шунингдек фискал  маълумотлар оператори хизмати учун тўлов тўланади. Айрим операторларда битта ҳужжатни жўнатиш нархи 1,5 минг сўмгача боради. Операторга тўлов тўламасангиз – давлат томонидан топширилган ЭҲФни расмийлаштириш мажбуриятингизни бажара олмайсиз.

Шу тариқа, бизда яна бир «пулли» мажбурий тўловга ўхшаш нарса пайдо бўлди. Дарвоқе, уни тўлаш юки хўжалик юритувчи субъектларга эмас, балки товарлар ва хизматларнинг якуний истеъмолчилари зиммасига тушади. Тадбиркорлар оператор хизматлари учун харажатларни шартнома баҳосига киритиб қўя қоладилар.

Хулоса: ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш билан боғлиқ мажбурий тўловлар камида тегишли маъмурий регламент билан тартибга солиниши лозим. Унда қуйидаги масалалар қайд этилиши керак:

  • нархни шакллантириш ва олинган маблағларни тақсимлаш;
  • ўз вақтида хизматлар кўрсатилишини кафолатлаш;
  • хизматлар кўрсатишни рад этиш;
  • техник узилишлар юзасидан масъулиятни тақсимлаш;
  • кўпгина бошқа муҳим масалалар.

Буларни ЭҲФ операторлари билан тузиладиган шартномаларда назарда тутса бўлмайди? Бундай мажбурият ва тўлов давлат томонидан тайинланганлиги боис хўжалик юритувчи субъектларда танлаш имкони мавжуд эмас.

Бундан ташқари, ЭҲФ тизими ишга тушганда унинг дастлабки босқичида ҳеч бўлмаганда қисқа бепул муддат назарда тутилиши жуда қўл келади. Субъектлар тизимни синаб кўришлари, операторлар узилишларсиз ишлаш мумкинлигига ишонч ҳосил қилишлари учун вақт бўлади.

Техник носозлик жиддий муаммо туғдирадими?

Тадбиркорлар «2019 йил 25 ноябрь» санасини ҳали ёддан чиқармадилар. Техник сабаблардан хавотирга тушадилар, улар электрон ҳужжат айланиши ва онлайн-НКМ тизимларининг узлуксиз ишлашига халақит қилиши мумкин.

Айрим ҳудудларда бирдан совуқ тушиши туфайли электр таъминотидаги узилишлар оқибатида бухгалтерлар ҳисоботни ўз вақтида топшира олмадилар.

Бухгалтерлар электрон ҳисобот тажрибасидан яхши биладиларки, ҳисобот топшириладиган сўнгги кунда тизимда ишлаш жуда қийин бўлади. Катта юкламалар тизим қотиб қолишига, «Сервисга вақтинчалик кириб бўлмайди» сингари хатоликлар чиқишига олиб келади. Республика миқёсидаги ҳажмларни ЭҲФ ва онлайн-касса тизимлари қандай уддалаши ҳозирча номаълум.

Қуйидагилар амалга оширилса, муаммоларни четлаб ўтиш мумкин:

  • ўтиш даврининг муддатлари, унинг регламенти ва чора-тадбирлар ҳужжат билан белгиланиши;
  • объектив тусдаги техник сабабларга кўра электрон тарзда расмийлаштиришнинг имкони бўлмаганда, қоғоз кўринишидаги ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш назарда тутилиши;
  • тадбиркорларга ҳеч бўлмаган бир ой тизимда бепул ишлаш имконияти берилиши;
  • ўтиш даври давомида ЭҲФ ва онлайн-НКМни қўллаш қоидаларини бузганлиги учун солиқ тўловчига нисбатан жазо чоралари қўлланмаслиги.

P.S.: Биз учун  юқорида келтирилган фикрларга муносабатингиз жуда муҳим! Шу сабабли кўрсатилган барча муаммолар юзасидан ўз фикр- мулоҳазаларингизни  ёзиб юборишингизни сўраймиз.

Татьяна ЛИМАРЕВА,

 Олег ГАЕВОЙ.

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text156152_hisobvaraq-faktura_buyicha_tulov_-_bu_yangi_soliq_turimi