Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Президент режасига биноан нималар ўзгаради
Президент Шавкат МИРЗИЁЕВ тадбиркорлар билан учрашувда солиқ ва божхона қонунчилигидаги ўзгартиришларни эълон қилди. Энг кўп қизиқиш уйғотадиганларини санаб ўтамиз:
- Банклар ресурсни қандай валютада жалб қилишидан қатъи назар, тадбиркорларга кредитни сўмда бериш тизими йўлга қўйилади.
- “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонун қабул қилингунга қадар иқтисодий зоналарда рўйхатдан ўтган тадбиркорларга берилган имтиёзлар сақлаб қолинади.
- МИЗ иштирокчиларига ҚҚСнинг ортиқча қисмини 7 кун ичида қайтариб бериш тартиби жорий қилинади.
- ҚҚСни 120 кун давомида бўлиб-бўлиб тўлашда тадбиркорларга фоиз ҳисобланмайди ва гаров талаб этилмайди.
- Қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларга ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 баробарга камайтирилади.
- Пандемия шароитида хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлаш учун 2020 йилда берилган имтиёзлар муддати узайтирилади.
- Умумий овқатланиш корхоналари йил якунига қадар ер ва мулк солиғидан, туризм компаниялари ва меҳмонхоналар 2 йил муддатга туристик йиғимлардан озод қилинади.
- 2022 йилдан ҚҚСни қўшимча ҳужжатсиз қайтариш тартиби жорий этилади.
- Қишлоқ хўжалиги ерлари очиқ танлов асосида фақат ижарага берилади, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонлари эса фақат аукцион орқали сотилади.
- Корхоналарга эгаллаб турган ер майдонлари мулк қилиб расмийлаштириб берилади.
- 2022 йил 1 январдан бошлаб, қиймати 200 млрд сўмга тенг лойиҳалар бўйича электр, табиий газ, сув тармоқлари ва йўл инфратузилмасини етказиб бериш тўлиқ давлатнинг зиммасида бўлади. Бу имтиёз ҳозирги кунгача фақатгина $50 млн дан ошадиган хорижий инвесторлар лойиҳаларига қўлланиб келинмоқда.
- Келгуси 2 йилда қўшимча 200 та саноат зоналари ташкил этилиб, уларга ҳам коммунал ва йўл инфратузилмаси давлат томонидан етказиб берилади.
- 2022 йил бошидан электр тармоғига электрон платформа орқали уланиш мумкин бўлади, жараёнлар соддалаштирилади. Тадбиркорларни электр тармоғига улаш муддати 20 кВтгача бўлган қувватлар учун – 10 кун, 50 кВтли қувватлар учун эса 20 кун этиб белгиланади. Агар, электр таъминоти корхонаси ишларни муддатида якунламаса, тадбиркорларга компенсация тўлайди.
- Хорижий давлатларнинг сертификатларига эга асбоб-ускуна ва хом ашё учун миллий сертификат олиш амалиёти бекор қилинади.
- Экспортдан валюта тушумини кутмасдан ҚҚСни қайтариб бериш тартиби барча тармоқларнинг “ҳалол ва интизомли” экспортёрларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
- Йилига $20 млн дан ортиқ экспорт қилувчи корхоналар $5 млн гача имтиёзли кредитлар олади.
- Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё учун импорт божи ставкалари камида 25%га пасайтирилади.
- Юк автомобиллари ва темир йўл вагонларини олиб кириш бўйича берилган имтиёзлар яна 3 йилга узайтирилади.
- 2022 йил 1 январдан бошлаб субсидиялар ажратиш борасидаги мурожаатлар “ягона дарча” орқали қабул қилинади, мазкур жараёнда иштирок этувчи давлат органлари сони 2-3 марта қисқартирилади.
- 2021 йил якунига қадар лицензиялар ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар сони яна 30%га қисқартирилади.
- 2021 йил 1 сентябрга қадар ҳокимиятлар тадбиркорлар олдидаги бино ва иншоотларни бузиш билан боғлиқ қарзларини сўндиради.
- 20 август - Ўзбекистон тадбиркорлари куни.