• beta

Қайси чек ҳисобварақ-фактура ўрнини босади?

16.01.2019

Савдо тармоқлари раҳбарлари билан яқинда бўлиб ўтган учрашувда Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги вакиллари чакана сотиладиган товарлар учун ҳисоб-китоб қилиш чоғида бериладиган ягона форматдаги чеклар ишлаб чиқилгани ва тез орада жорий этилишини маълум қилдилар. Ушбу чора корпоратив пластик карталардан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни амалга оширишни осонлаштиради. Долзарб мавзу ечимига доир фикримизни эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

Режалар амалга ошдими?

 

Ушбу масала Президентнинг 30.10.2018 йилдаги ПФ–5564-сон Фармони эълон қилиниши билан юзага келди. Ҳужжатга кўра, харид корпоратив пластик карталар воситасида амалга оширилганда ҳисобварақ-фактуралар мажбурий тартибда расмийлаштирилиши керак. «Norma» МЧЖ экспертлари шарҳда бу ҳақда батафсил ёзган эдилар. Ўшанда бўлажак ҚҚС тўловчиларни солиқни кўрсатган ҳолда ҳужжатларни расмийлаштиришга тайёрлаш мақсадида ушбу чора қўлланган эди. Солиқ кодексининг 222-моддасига мувофиқ, чекда ҚҚС тўғрисида ахборот мавжуд бўлиши шарт. Бироқ янгилик пештахтанинг иккала тарафида турган тадбиркорлар кўплаб ноқулайликларга тўқнаш келишига олиб келди.     

 

Абдуназар Раҳимов: Иш юзасидан Фарғонадан Тошкентга кўп қатнашимга тўғри келади. Иш берувчи бензин ва автомобилга хизмат кўрсатиш харажатларини компания ҳисобидан қоплайди. Шу сабабли бухгалтерия учун барча ҳужжатлар жойида бўлиши муҳим. Янги қоидалар кучга кирганидан кейин бухгалтер декабрдаги биринчи сафарим бўйича ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш учун мени Тошкентга қайтарди. Яхшиямки бир-икки кундан кейин пойтахтга навбатдаги хизмат сафарига боришим керак эди. Жуда кўп сарсонгарчилик ва ноқулайликлар юзага келмоқда. Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси қарашли бўлган компания офиси шаҳарнинг бошқа чеккасида жойлашган. Бундан ташқари, хизмат сафаридан тунда қайтишимга тўғри келса, нима қиламан деб ўйлаяпман, ахир автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси эрталаб соат 9 дан кечқурун соат 18 гача ишлайди.     

 

Марина Ибрагимова: Офис учун ёзув-чизув молларини кўп сотиб оламиз. Буни корпоратив пластик картадан фойдаланиб амалга ошириш қулай эди. Илгари бухгалтерия учун чекнинг ўзи етарли эди. Энди эса ҳисобварақ-фактура расмийлаштириш зарур. Кўп ноқулайликларга тўқнаш келаяпмиз, сабаби дўкон бухгалтери муайян кун ва соатда ишлайди.   

 

Йирик савдо тармоқлари вакиллари ДСҚ ва Молия вазирлиги мутахассислари билан учрашувда ушбу нормани бажариш ноқулай ва мураккаб эканлиги ҳақида гапирган эдилар. Бунга жавобан улар қисқа муддатда ягона форматдаги чекни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва йирик савдо тармоқлари билан келишишга ваъда берган эдилар.

 

Тўғри, ҳозирча «ягона форматдаги чек» янги атамаси бизга маълум эмас. 11 январда Молия вазирлиги ва ДСҚ ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашга доир айрим масалалар ҳақида хат тарқатди. Унда айтилишича, назорат-касса машиналари ва тўлов терминалларининг чеклари ҚҚС тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олиши керак. ДСҚ вакиллари ритейлерлар билан учрашувда шу ҳужжатни назарда тутган эдиларми ёки янги ҳужжатлар қабул қилинишини кутиш керакми?  

 

Жамият кўтараётган муаммоларни амалда ҳал қилиш учун ҳеч бўлмаганда Президентнинг 30.10.2018 йилдаги ПФ–5564-сон Фармонидаги корпоратив пластик карталардан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб қилганда ҳисобварақ-фактураларни мажбурий расмийлаштириш ҳақидаги талабни бекор қилиш ва бунда кассада берилган чеклар бухгалтерия ҳисоби учун етарли бўлишини белгилаш лозим. Солиқ кодексининг 222-моддасига ҳам тузатиш киритиш талаб этилади, сабаби унда фақат аҳоли билан ҳисоб-китоб қилганда чек ҳисобварақ-фактура ўрнини босиши мумкинлиги назарда тутилган. Юридик шахсларга нисбатан ушбу норма татбиқ этилмайди. Ҳисоб-китоб учун қайси: терминал ёки касса аппарати чеки бошланғич ҳужжат деб тан олинишини белгилаш лозим.    

 

Молия вазирлиги ва ДСҚнинг 11.01.2019 йилдаги хатида айтилишича, терминал чеклари ва назорат-касса машиналари чекларида ҚҚС ажратиб кўрсатилиши керак. Аслида бундай ахборот 2019 йил кириб келган илк соатларданоқ, яъни янги солиқ солиш тизимига ўтган пайтданоқ ҚҚС тўловчи тадбиркорлик субъектларининг чекларида акс эттирилиши керак эди.

 

Корпоратив пластик карталардан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб қилишда ҳисобварақ-фактуралардан воз кечиш ва ягона чекни жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилаётганда бу нима учун амалга ошмагани, бунинг сабаби нимада эканлигини таҳлил қилиш зарур.

 

 

Чекдан чекнинг фарқи бор

 

Қабул қилинадиган нормалар амалда ишлаши учун кўпгина муҳим жиҳатларни кўздан қочирмаслик керак, деб ҳисоблайди «Savdoelektronika» ШК ижрочи директори Владимир Гибель.

 

ДСҚ, Молия вазирлиги ва йирик чакана савдо тармоқлари вакилларининг учрашувида касса чекини ҳисобварақ-фактурага тенглаштириш каби тўғри ғоя янгради. Айнан шундай тўхтамга келинса, маъқул иш бўларди.

 

Савдо шохобчаси кассасидаги жиҳоз орқали босиб чиқарилган ва харидорга берилган бир парча қоғоз касса чеки ҳисобланмаслигини ҳамма англаб етиши лозим. Ушбу ҳужжат номи айнан мазкур жиҳозга боғлиқ. Кассада терминал чекини ҳам, назорат-касса машинаси чекини ҳам беришлари мумкин.

 

Пластик карталар ёрдамида ўзаро ҳисоблашганда терминал чеклари, нақд пулда харид қилганда эса назорат-касса машиналари чеклари берилади. Фақат йирик супермаркетларда банк карталаридан фойдаланган ҳолда ҳақ тўланганда иккала чек берилади. Учала ҳолатда ҳам қонунбузарликка йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида сотувчига терминал чеки билан бирга касса аппарати чекини бериш мажбурияти юклатилмаган.

 

Корпоратив пластик карталар ёрдамида амалга оширилаётган ҳисоб-китобларда ҳам ҳеч қандай муаммолар юзага келмаётган эди. Бироқ Президентнинг 30.10.2018 йилдаги ПФ–5564-сон Фармони таъсирида «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун нормасига амал қилмай қўйилди, унга мувофиқ ишлар ва хизматлар ҳақи корпоратив пластик карталардан фойдаланган ҳолда тўланганида тўлов терминалларининг чеклари бошланғич ҳисоб ҳужжатлари деб тан олинади. Бугунги кунда юридик шахслар ўртасидаги товарларни реализация қилишга доир барча битимлар ҳисобварақ-фактуралар билан расмийлаштирилмоқда.    

 

Терминал чекларини бухгалтерия ҳисоби учун бошланғич ҳужжатлар деб тан олувчи нормани жорий этишдан мақсад кассирнинг иш вақти, жиҳознинг ресурслари ва, ниҳоят, чек босиб чиқариладиган тасмадан оқилона фойдаланиш учун шароит яратишга уриниш эди. Ўшанда: биттагина харидни иккита чек билан тасдиқлашга не ҳожат, деган эдилар. Бироқ бу норма аксарият тадбиркорлик субъектлари ягона солиқ тўловини тўлаётган, кўпчилик ҚҚСга тўқнаш келмаган пайтда жорий этилган эди. Бундан ташқари, у ҳар битта харидни чекда қайд этишга доир талаб қўйилишидан олдин қабул қилинган эди.   

 

Бугунги кунда солиқ тизими ислоҳ қилиниши муносабати билан кўп нарса ўзгарди.

 

Чек фойдасига ҳисобварақ-фактуралардан воз кечгач, чекда ҚҚСни ажратиб кўрсатиш тўғрисидаги Солиқ кодекси нормасига риоя этилишини ҳам таъминлаш муҳим. Зеро, солиқларни тўғри ва осон ҳисоблаш учун бу ҳақдаги ахборот, ҳисобварақ-фактура ёки чекда бўлишидан қатъи назар, бухгалтер учун зарур. Терминал чеклари ва назорат-касса машиналари чеклари билан ушбу нормани амалга оширишнинг имкони бўладими? Бу саволга жавоб топиш мушкул.

 

Чек уни босиб чиқарган жиҳознинг ҳаракатлари ҳақидаги ахборотни акс эттиради. Техник нуқтаи назардан олганда терминал чеклари ва назорат-касса машиналари чеклари – маъноси бир хил ҳужжатлар эмас. Тўлов терминали пластик картани қўллаган ҳолда ҳисоб-китоб қилишга мўлжалланган. Бинобарин, унинг чекида сотиб олинаётган товарлар ва хизматлар ҳақи сифатида харидорнинг пластик картасидаги маблағ сотувчининг счётига ўтказилиши, яъни транзакция тўғрисидаги ахборот акс эттирилади. Касса аппарати турли хил тавсифлар, шу жумладан реализация қилиш чоғида тўланадиган солиқлар бўйича товарлар ҳаракатини назорат қилиш ва уларнинг ҳисобини юритишга мўлжалланган.

 

Терминал чекларида ҚҚСни ажратиб кўрсатишга эришиш мушкул, сабаби ушбу жиҳоз транзакциялар ўтказишга мўлжалланган. Турли ставкалардаги ҚҚС солинганда талаб этилганидек, у арифметик ҳисоб-китоб ва ҳисоб учун мўлжалланмаган. Пластик карталардан фойдаланиб товарларни сотиш чоғида берилаётган терминал чекларида ҳанузгача ҚҚС ажратиб кўрсатилмаётганлигига ана шу техник жиҳатлар сабабчи бўлгандир. Аслида, Солиқ кодексининг222-моддаси ва қонунчилик талабларидан келиб чиқилса, улар 2019 йил кириши билан ҚҚС тўлашга ўтган барча савдо шохобчаларининг чекларида акс этиши керак эди (материалга қаранг). Бундай вазиятда корпоратив пластик карта орқали тўланган харид чекларида улар қандай қилиб пайдо бўлиб қолиши мумкин?   

 

Аслида тўлов терминаллари чекларидан оғриқсиз воз кечиш мумкин. Уларнинг асосий вазифаси – транзакция муваффақиятли амалга оширилганини тасдиқлаш, унга қараб транзакция доирасида картадан ечиб олинган суммани текшириш мумкин. Бунинг учун чек бериш шарт эмас, аппарат дисплейида кўринадиган ва SMS хабари орқали келадиган ахборотнинг ўзи кифоя.

 

ҚҚС – товарлар ҳисобини юритиш мезонларидан бири, бу назорат-касса машиналарига хос. Солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимига ўтган кўп савдо шохобчаларининг НКМ чекларида 2019 йилнинг илк кунларидан ҚҚС ажратиб кўрсатилмоқда. Мамлакатимизда фойдаланилаётган аксарият НКМ моделлари бундай функцияга эга бўлган, фақат уларни қўлламаган.

 

Аслида тадбиркор сервис ва хизмат кўрсатувчи ташкилотларга мурожаат қилмасдан назорат-касса машиналарини ўзи қайта созлай олади. Машинадан фойдаланишга доир йўриқномадан, уни йўқотиб қўйган бўлса – очиқ манбалардаги ахборотдан фойдаланиши мумкин. Хусусан, ikkm.uz Ўзбекистондаги назорат-касса машиналари сайти ва худди шу номдаги Телеграм-каналдан бундай йўриқномаларни топса бўлади.

 

Ҳозир аксарият НКМ моделлари ҚҚСни ажратиб кўрсатиш функцияси ўрнатилган ҳолда ишлаб чиқарилаётганини инобатга олиш лозим. Замонавий технологиялар ривожидан ортда қолмаслик мақсадида шундай қилинаяпти. Илгари ушбу функцияни қўллаб бўлмайдиган НКМ мавжуд эди, бинобарин, уларни қайта созлаш мураккаб кечади, бунинг учун ишлаб чиқарувчининг иштироки талаб этилади. Ўзбекистон ҳудудида фойдаланишга рухсат берилган фискал хотирали назорат-касса машиналари ягона реестрида ҚҚС функциясини қўллаб бўлмайдиган НКМ қайд этилган. Тадбиркорларга ўтиш давридаги қийинчиликларни енгишда ёрдам бериш учун Давлат солиқ қўмитаси эскирган моделларни чиқариб ташлаб, ушбу реестрни «тозалаши» зарур.     

 

«Иккиси бирда» чеки

 

Юридик шахс харид ҳақини корпоратив карта воситасида тўлаганда ҳисобварақ-фактуралардан воз кечиш масаласи анчадан бери ўртага қўйилмоқда. Касса чеки унинг ўрнини боса олади, ундаги ахборот етарли бўлади. Тегишли қарорлар қабул қилиниб, қонунчилик такомиллаштирилса, тадбиркорлар учун қўшимча қулайликлар яратилган бўлар эди.

 

Қарор қабул қилаётганда ғилдиракни қайтадан кашф этишга ҳожат йўқ, бунинг натижасида терминал чекларида уларга хос бўлмаган ахборот пайдо бўлиши мумкин. Бу тўлов тизимлари ишига зиён келтириши ҳеч гап эмас.

 

Фақат назорат-касса машинаси чеки ҳисобварақ-фактура ўрнини боса олишини қонун ҳужжатларида белгилаб қўйиш зарур. Сабаби ушбу ҳужжатларнинг ягона вазифаси – ҳисобга олиш. Терминал чеки транзакциялар ҳақида гувоҳлик беради, техник нуқтаи назардан ҳисобварақ-фактурага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бунинг устига, терминал ускунаси касса чеки учун зарур бўлган бутун ахборотни тўлақонли акс эттириш имконини бермайди.

 

Айрим сотувчиларда савол туғилиши мумкин: пластик карта орқали амалга оширилган харид учун терминал чеки ва НКМ чеки берилса, солиқ идорасига нима берилади? Тажрибали сотувчилар назорат-касса машиналари тўлов усулига қараб сотилган товарлар ҳисобини юрита олишини яхши биладилар. Бунинг учун касса аппаратидаги қўшимча тугмачани босса бас.

 

Жаҳон амалиётига ҳам эътибор қаратиш лозим. Терминал ва НКМ биргаликда ишлатилаётган техник ечимлар мавжуд. Ўзаро ҳисоб-китоб қилганда терминал транзакция ҳақидаги ахборотни назорат-касса машинасига узатади, у ўз навбатида харид тўғрисидаги барча ахборот қайд этилган ягона чек босиб чиқаради. Ушбу имкониятнинг қўлланиши келгусида ресурслардан оқилона фойдаланиш имконини беради. Кам тугма босилади, вақт тежалади, чек босишга кам қоғоз сарфланади.

 

Олег Гаевой.

 

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг