Рақобатчини обрўсизлантириш ва савдо қоидаларини бузганлик учун ЖК моддалари нима билан алмаштирилади

preview

Адлия вазирлиги Жиноят кодексидан иккита моддани чиқариб ташлашни таклиф этди. Улардан бири савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун, бошқаси – рақобатчини обрўсизлантирганлик учун жазони назарда тутади. Қонуннинг тегишли лойиҳаси ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинмоқда.

Гап тўловни пластик карта орқали қабул қилишни рад этиш; тўлов терминали ва НКМни қўллаш тартибига риоя қилмаслик; товарларни нотўғри ўлчаш ёки нотўғри тортиш;  товарларнинг сифатини тасдиқловчи ҳужжатларсиз реализация қилиш ва бошқалар каби савдодаги барча қоидабузарликлар ҳақида бормоқда.  Модда таъсири доирасига тушадиган қоидабузарликларнинг тўлиқ рўйхати билан бу ерда танишиш мумкин.

Рақобатчини обрўсизлантириш деганда босма ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнларда ёки оммавий ахборот воситалари орқали хўжалик юритувчи субъектнинг ишбилармонлик нуфузига путур етказиш мақсадида била туриб ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни тарқатиш тушунилади.

Савдо қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик БҲМнинг 500 баравари ва ундан ортиқ миқдорда зарар келтирилганда юзага келади. ЖКнинг 189-моддаси бу ҳолда БҲМнинг 300 бараваридан 600 бараваригача жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишларини назарда тутади.

Обрўсизлантириш бугунги кунда ЭКИҲнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Қоидабузарлар жазоланмай қолмайди

Лойиҳага кўра савдо қоидаларини кўп миқдордаги қийматда бузганлик учун санкциялар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 164-моддасига қуйидаги ўзгаришлар киритиш белгиланади: жисмоний шахслар учун БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача, юридик шахслар учун  - БҲМнинг 80 бараваридан 100 бараваригача жарима.

Обрўсизлантиришга нисбатан  - Адлия вазирлиги Жиноят кодексидан 192-моддани чиқариб ташлашни таклиф қилмоқда. 2015 йилда Жиноят кодексига тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутадиган янги бўлим киритилган. Мазкур бўлимнинг моддалари обрўсизлантириш тўғрисидаги моддалар диспозициясини тўлиқ қамраб олади. Санкциялар эса – анча қатъий.

Олег ГАЕВОЙ,
Альберт САФИН

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text155949_raqobatchini_obrusizlantirish_va_savdo_qoidalarini_buzganlik_uchun_jk_moddalari_nima_bilan_almashtiriladi